Марказий Флорида университети (АҚШ) олимлари қонни тўхтатувчи антикмикробли гел яратишди. Тадқиқот ҳақидаги мақола Biomaterials Science (BioMatSci) журналида эълон қилинди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсон жароҳат олганида ҳар қандай шароитда қонни бир зумда тўхтатиш учун энг оддий ечим қидирилганди. Статистикага кўра, жароҳатдан сўнг дастлабки 30 дақиқада қон тўхтатилса, аксарият ўлим ҳолатларининг олдини олиш мумкин.
Флоридалик изланувчилар силоксанлар (кремний ва кислород бирикмалари) асосида SilFoam деб номланган ашёни лойиҳалаб синовдан ўтказишди. У жароҳатга махсус икки камерали шприц ёрдамида суртилади. Худди қурувчилар ёриқларни тўлдиришда ишлатадиган монтаж кўпигига ўхшайди.
SilFoam дастлабки ҳажмига нисбатан етти бараваргача кенгаяди. Ҳосил бўлган кўпиксимон модда жароҳатни қоплаб, таркибидаги кумуш оксиди ҳисобига уни микроблардан халос қилади. Бир дақиқа ичида қон кетиши тўхтайди.
Олимларнинг айтишича, ҳосил бўлган кўпик анчайин ёпишқоқ бўлиб, танада ушланиб туради, терига шикаст етказмасдан оғриқсиз олиб ташлаш осон.
Янги восита ҳеч қандай махсус шароит талаб қилмайди, гелли шприцни хона ҳароратида ҳам сақлаш мумкин.