Хитойлик олимлар ҳаракат таъсирида электр токини ишлаб чиқариш орқали жароҳатни даволашни тезлаштирадиган ноёб жарроҳлик ипларини ишлаб чиқишган.
Бу ҳақда Nature Communications илмий журнали ёзмоқда. Юқори механик мустаҳкамлик ҳамда тортилиш ва ҳаракат пайтида электр майдонини ишлаб чиқариш қобилиятини таъминлайдиган инновацион материал бир гуруҳ хитойлик олимлар томонидан тайёрланган.
BioES-suture деб номланган бундай трибоелектрик чок анъанавий даволаш усулларининг ўрнини эгаллаши мумкин, чунки у тезроқ ва ишончли даволанишни таъминлайди.
Материал полилактид когликолид (PLGA) ва термопластик поликапролактон (PCL) қатлами билан қопланган магнийли ипдан иборат бўлиб, у тирик тўқималар ичида аста-секин эрийди. Ҳужайра ва каламушларда ўтказилган тажрибалар натижасида биочок шифо жараёнини тахминан 50% га тезлаштириши ва инфекциялар ривожланишини бартараф қилиши аниқланган. Микробларга қарши таъсири туфайли янги турдаги иплар операциядан кейинги инфекциялар сонини камайтиришга ёрдам беради.
Ишлаб чиқилган материал шикастланган тўқималарни тиклашда юқори даражадаги аниқлик ва самарадорлик зарур бўлган ҳолларда ҳам қўлланилиши мумкин.
Келажакда клиник синовларни одамларда ҳам ўтказиш режалаштирилган. Агар улар муваффақиятли кечса, шифокорлар яраларни тикиш учун анъанавий материалларга муқобил вариантга эга бўлади.
Таъкидланишича, материал қўшимча харажатларни талаб қилмайди, чунки уларнинг нархи бугунги кунда жарроҳликда ишлатиладиган оддий сўриладиган иплар билан бир хил.