Ўзбекистондаги эрта никоҳлар. Сўнгги ўн йил ичида вазият қандай ўзгарди?

Улашиш:

Ўзбекистондаги эрта никоҳлар статистикаси сўнгги йилларда сезиларли ўзгаришларни кўрсатмоқда. 2010 йиллар бошида уларнинг сони анча юқори бўлган, аммо 2023 йилга келиб, мамлакатда кўрсаткичларни сезиларли даражада камайтиришга муваффақ бўлинган. Шунга қарамай,   жамиятимиз бу муаммодан бутунлай халос бўлди, дея олмаймиз.

Статистика нима дейди?

Статистик маълумотларга кўра, 2010 йилда Ўзбекистонда 8 мингдан ортиқ эрта никоҳлар қайд этилган. 2023 йилда бутун мамлакат бўйлаб уларнинг сони 68 тагача камайган.

Баъзи ҳудудларда вазият кескин яхши томонга ўзгарган. Масалан, Фарғона вилоятида 2010 йилдаги 1450 та ҳолат 2023 йилда учтагача, Наманган вилоятида эса 1097 тадан биттагача камайган.

Бу муаммони бартараф этишда катта муваффақиятлар Тошкент вилоятида (598 тадан учтагача), Қорақалпоғистонда (294 тадан иккитагача), Хоразм вилоятида (165тадан иккитагача), Тошкент шаҳрида (140тадан учтагача қарши) ҳам қайд этилган.

"Муаммоли" ҳудудлар

Ўзбекистонда эрта никоҳлар сони умумий камайишига қарамасдан, 2023 йилда айрим ҳудудлар бундай ҳолатлар сони бўйича ҳали ҳам етакчи бўлиб қолмоқда.

Ўтган йили энг кўп эрта никоҳлар Сурхондарё вилоятида – 10 та (2010 йилда бу кўрсаткич 391 та бўлган), шунингдек, Қашқадарё вилоятида – 8 та (553 та бўлган) қайд этилган.

Самарқанд вилоятида (2010 йилда 1405 та бўлган), Андижон вилоятида (1032) ва Сирдарё вилоятида (169 та) еттитадан ҳолатлар қайд этилган.

Бухоро вилоятида (2010 йилда 523 та бўлган), Жиззах вилоятида (205 та) ва Навоий вилоятида (195 та) бештадан ҳолатлар аниқланган. Ушбу рақамлар муаммо ҳали ҳам мавжудлигини тасдиқлайди.

Статистика маълумотларига кўра, 2023 йилда Ўзбекистонда 15-17 ёшдаги ўсмирлар ўртасида 1600 дан ортиқ туғиш ҳолатлари қайд этилган.

Қонунчилик жавоби

Ушбу масалани ҳал қилишда қонунчилик чоралари катта рол ўйнади. Эрта никоҳлар учун жавобгарлик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-3-моддаси ва Жиноят кодексининг 125-1-моддаси билан белгиланади. Иккаласи ҳам 2013 йилда пайдо бўлган. Айнан сўнги йилларда муҳим динамика кузатила бошлади.

Бугунги кунда ушбу моддаларда қуйидагилар учун санкциялар кўзда тутилган:

  • никоҳ ёшига етмаган шахс билан турмуш қуриш (МЖТКда БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима, Жиноят кодексида-БҲМнин 20 бараваридан 30 бараваригача жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари);

  • ота-оналар ёки васийлар томонидан никоҳгача бўлган шахсни турмушга бериш ёки уйлантириш (МЖТКда БҲМнинг 7 бараваридан 15 бараваригача жарима, жиноят кодексида БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача жарима жарима ёки 240 дан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;

  • никоҳ тузиш бўйича диний маросимни амалга ошириш, шу жумладан никоҳгача бўлган шахс билан (МЖТКда БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача жарима, жиноят кодексида БҲМнинг 75 бараваридан 150 бараваригача жарима ёки 360 дан 400 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;

Ўтган йили никоҳгача бўлган шахслар учун никоҳ ўқувчи муллалар ва имомлар учун жазо кучайтирилди. Шу билан бирга, 125-1-модданинг дастлабки таҳририда назарда тутилган учта банд бўйича ҳам ҳуқубузарлар учун жиноий санкциялар рўйхатидан ҳибсга олиш олиб ташланди.

Аёллар муаммосими?

Шуни таъкидлаш керакки, эрта никоҳ муаммоси кўпинча аёлларга тегишли. Ўтган йилнинг декабрида ва жорий йилнинг баҳорида содир бўлган иккита ҳолатни эслайлик – иккаласи ҳам Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида юз берган. Улардан бирида ота-оналар интернетда тарқалган видеода уларнинг 14 ёшли қизининг унаштирилганлиги эмас, балки унинг туғилган куни тасвирланганлигиги айтишган. Ўшанда масалага болалар Омбудсмани аралашди.

Шунга қарамай, баъзи ота-оналар ҳали ҳам эски фикрлаш тарзида яшаб, қизларига мулк сифатида муносабат қилишлари ва таълим олиш ҳуқуқидан ва ҳар қандай танловдан маҳрум этиб, улардан тезроқ халос бўлишга интилишлари жамоатчилик томонидан кескин қораланди.

2019 йилгача Ўзбекистонда аёлларга 17 ёшидан турмуш қуришга рухсат берилган. Кейин улар учун ҳам никоҳ ёши 18 ёшгача кўтарилди. Ушбу масала 2012 йилдан бери муҳокама қилинган ва таълим тизимининг узлуксизлигини таъминлаш, шунингдек, келажакдаги оналар ва болаларнинг соғлиғини яхшилаш учун ўзгаришлар таклиф қилинди.

Хуллас, бугунги кунга келиб, ҳар икки жинсдаги фуқаролар учун никоҳга фақат 18 ёшдан бошлаб рухсат берилади. Шу билан бирга, қонун ҳужжатларида истисно қилиш ва никоҳ ёшини 1 йилдан кўп бўлмаган муддатга тушуришга имкон берадиган сабаблар кўрсатилган. Улар орасида ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаганни тўлиқ лаёқатли деб эълон қилиш каби сабаблар мавжул. Бу ҳақда турмуш қурмоқчи бўлган шахслар ўз шаҳар ёки туман ҳокимига ариза беришади.

Эслатиб ўтамизки, 2024 йил июль ойида Ўзбекистонда яна эрта никоҳ ва ноқонуний никоҳ маросимлари учун жавобгарликни кучайтириш таклиф қилинди. Хотин-қизлар қўмитаси томонидан тайёрланган қонун лойиҳаси МЖТКдаги минимал жарималарини икки баравар оширишни назарда тутади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.