Ўзбекистон мактабларида ўқитувчиларнинг ҳурмати тобора йўқолиб бормоқда. Куни кеча мактабда содир бўлган ҳолат бунинг яна бир исботи бўлди: ўқувчини яхши ўқимагани учун танбеҳ берган ўқитувчини боланинг онаси мактабга келиб калтаклади!
Бу фақат битта ҳодиса эмас, балки тизимли муаммо! Бугун бола ўқимаса, ўқитувчи айбдор, у таълим беришга ҳаракат қилса, таҳқир ва зўравонликка учрайди. Қачонгача устозларни хўрлаймиз?
Мактаблар ҳимояланиши керак эмасми? Миллий гвардия мактабларда хизмат қилаётган эди, лекин у қаерда? Нега мактабга истаган одам бемалол кириб, ўқитувчига ҳужум қилаяпти? Агар ҳақиқий назорат бўлса, бундай ҳолатлар юз бермас эди.
Болалар тарбиясига келсак, авваллари ўқувчи дарсга бормаса, аввал ота-онаси билан суҳбат ўтказиларди. Энди эса фақат жарима ундириш орқали муаммони ҳал қилишга уриняпмиз. Мактаб ҳақиқатан ҳам хавфсиз жойми ёки бу фақат қоғоздаги гапми?
Ҳозир мактабларда нафақат таълим, балки устозларни ҳимоя қилиш тизими ҳам издан чиққан. Муштумзўрлик ва ўқитувчиларга нисбатан ҳурматсизликка қачон барҳам берилади?
Устозни ҳимоя қилмасак, эртанги кун тарбиясиз авлод қўлида қолади!