Ўзбекистон аҳолиси орасида инфляция ҳисси янада кучайди. Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йил март ойида инфляция ҳисси 0,1 фоизга ошиб, ўртача 14,4 фоизни ташкил этди. Айниқса, Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич энг юқори даражада — 18,2 фоизга етган.
Инфляция даражаси бўйича кейинги ўринларда Андижон (16,4%) ва Фарғона (16,1%) вилоятлари қайд этилган. Аксинча, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари аҳолиси инфляцияни нисбатан камроқ сезган — 12,4 фоиз.
Соҳалар кесимида кимлар кўпроқ сезди?
Инфляцияга нисбатан сезувчанлик соҳалар бўйича ҳам турлича бўлди. Қурилиш соҳасида ишловчилар инфляция даражасини 15,7 фоиз деб баҳолаган бўлса, давлат хизматчилари орасида бу кўрсаткич 15,5 фоизни ташкил қилган. Умумий овқатланиш (12,2%) ва чакана савдо соҳаларида (12,3%) эса инфляция сезувчанлиги анча паст бўлган.
Нархи энг кўп ошган маҳсулотлар
Аҳоли орасида энг кўп шикоят қилинган маҳсулотлар қаторида гўшт ва сут маҳсулотлари турибди — сўровномада қатнашганларнинг 61 фоизи ушбу маҳсулотлар қимматлашганини айтган. Шунингдек, газ ва электр энергияси (35%), ёқилғи (29%) нархининг ошиши ҳам эътирозларга сабаб бўлган. Тухум ва нон маҳсулотлари бўйича эса қимматлашув 9 фоиз атрофида сезилган.
Даромад ва инфляция ўртасидаги боғлиқлик
Қизиғи шундаки, инфляцияни энг юқори даражада ҳис қилганлар 15 миллион сўмдан юқори даромадга эга шахслар бўлган. Уларнинг субъектив баҳоси 19,6 фоизни ташкил қилган. Бу эса юқори даромадли фуқароларнинг ҳам ҳаётий харажатлардан қочиб қутула олмаётганини кўрсатади.
Яқин келажакда қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
Марказий банк раҳбари Тимур Ишметовнинг сўзларига кўра, инфляциянинг секинлашиши 2026 йилдан бошланиши кутилмоқда. Унинг таъкидлашича, ҳозирги нархлар ошишининг асосий сабаби — энергетика соҳасидаги ислоҳотлар ва айниқса, энергия тарифларининг ошиши билан боғлиқ.