2024-йилда Россияда миграцияга оид 15 та янги қонун ва қоидалар қабул қилинди. Мазкур маълумотларни тўлиқ англаш қийин бўлиши мумкин. Журналист Шуҳратжон Хуррамов ушбу материалда мигрантлар учун асосий қоидалар, тақиқлар ва янги тартиблар ҳақида маълумот берди. Россия ҳамда ўзбекистонлик экспертларнинг фикрларини ҳам жамлади.
Ушбу мақолада қуйидагиларни билиб олиш мумкин:
Россиянинг 2024 ва 2025-йиллардаги миграцион ўзгаришлари: нималарни билиш муҳим
СИМ карта
Россияга кириш учун онлайн рўйхатдан ўтиш
Рейестрда ўзингизни текширинг
Рус тили — мактабга қабул қилишнинг мажбурий шарти
Мигрантларга фақат чеклов эмас, ёрдам ҳам зарур
Эксперт маслаҳатлари
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги рақамлари
Россиянинг 2024 ва 2025-йиллардаги миграцион ўзгаришлари: нималарни билиш муҳим
Тартиб талаби
Марказий Осиё бўйича россиялик эксперт Станислав Притчиннинг фикрича, Россияда миграция қонунчилигининг кучайтирилиши вақтинчалик чора эмас. Бу тизимли жараённинг бир қисмидир. Бунга 2024-йил март ойида Крокус Сити Холлда содир бўлган фожиали воқеалар сабаб бўлди. Шундан сўнг, жамиятда ва сиёсатчилар орасида миграция соҳасида тартиб ва назоратни кучайтиришга бўлган талаб кучайди.
«Текширувлар патент ва яшаш гувоҳномаларини расмийлаштиришда юқори даражадаги коррупсияни кўрсатди – мигрантлар ва амалдорлар томонидан қоидабузарликлар. Энди ҳокимият бу бўшлиқларни ёпиб, қаттиқ назорат ўрнатмоқда», – дейди эксперт.
Қонунсизлик ва назорат
Россия ИИВ миграцияни назорат қилади. Фото: panarab.org
Бар-Илан университети (Исроил) илмий ходими, Марказий Осиё бўйича эксперт Андрей Казанцевнинг таъкидлашича, мигрантларга босим кучаймоқда. У полициядан ҳам, миллатчилик кайфиятидаги гуруҳлардан ҳам келади. Вазият тобора қаттиқлашмоқда. Экспертнинг фикрича, муҳожирларга босим кучайиши эҳтимоли юқори.
«Асосий муаммо полициянинг хатти-ҳаракатлари, кўпинча айрим ходимларнинг ўзбошимчалиги ҳолатлари ҳам учраб туради», – дейди Казанцев.
Ҳалол ишламоқ қийин 
Уй-жой коммунал хўжалигида ишлайдиган ўзбекистонлик мигрант. Фото: Даниил Каримов
Ҳуқуқшунос, migrant.uz сайти муҳаррири Ботиржон Шермуҳаммаднинг айтишича, Россияда мигрантларга муносабат кескинлашган. 2024-йилда назоратни кучайтирадиган ва чет эл фуқароларининг ҳуқуқларини чеклайдиган бир нечта қонунлар қабул қилинди.
Текширувлар кўпайди. Амалдорлар ва сиёсатчилар кўпинча миграция сиёсатини кучайтиришга чақиради. Ботиржон Шермуҳаммаднинг сўзларига кўра, бу мигрантларда беқарорлик ва босим ҳиссини кучайтиради. Айниқса, қонуний йўл билан келганларга қийин бўляпти.
«Одамлар шунчаки ҳалол ишлашни хоҳлашади, лекин ишончсизлик ва қўрқув муҳитига тушиб қолишади», – деди эксперт.
СИМ карта
2025-йил 1-июлдан бошлаб Россияда хорижликлар биометрия орқали шахсини тасдиқламаса, сим-карталар ўчирилади. Биометрия, бу – махсус маълумотлар базасида сақланадиган юз фотосурати. Агарда у бўлмаса қўнғироқ қилиш, хабар юбориш ёки интернетдан фойдаланиш мумкин бўлмайди.
Нима ўзгарди:
СИМ-картани фақат шахсан ва биометрия билан харид қилиш ёки қайта расмийлаштириш мумкин;
Бир кишига кўпи билан 10 та сим карта;
Ҳужжатсиз онлайн ёки нақд пулга харид қилиш тақиқланади;
Биометрияни алоҳида топшириш керак, ҳатто сиз буни миграция ҳужжатлари учун қилган бўлсангиз ҳам.
«Бундай тартиб минглаб одамларга тааллуқли бўлиб, айниқса, Россиядан вақтинча ташқарида бўлганлар учун жиддий қийинчиликлар туғдиради. 1-июлгача улгурмасангиз, сим-картани шунчаки блоклаб қўйишади ва одам алоқасиз қолади», – дейди Шермуҳаммад.
Россияга кириш учун онлайн рўйхатдан ўтиш
2025-йил 30-июндан бошлаб Россияга киришдан олдин рўйхатдан ўтиш мажбурий бўлди. Келишдан 72 соат олдин Давлат хизматининг RuID иловасида рўйхатдан ўтиш керак.
RuID иловасини олдиндан юклаб олинг ва маълумотларингизни тўлдиринг. Унда киришни расмийлаштириш, ИИВга ёзилиш ва чегарадан ўтиш учун QR-код олиш мумкин. Давлат хизматлари ёки илованинг ўзида рўйхатдан ўтиш орқали кириш мумкин. Иловани 2025-йил июн ойи охиридан бошлаб юклаб олиш мумкин бўлади ва у ўзбек тилини қўллаб-қувватлайди.
Станислав Притчиннинг таъкидлашича, янги қоидалар меҳнат муҳожирлари, айниқса рус тилини яхши билмайдиганлар учун қийин бўлиши мумкин. Илова билан ишлаш учун смартфоннинг асосий кўникмалари керак: ўрнатиш, рўйхатдан ўтиш ва маълумотларни юклаб олиш.
Шунингдек, у сим-карталар билан ишлаш янада қийинлашганини айтди. Яъни энди биометрия ва турли идораларга бир неча бор ташриф буюриш керак.
Ботиржон Шермуҳаммаднинг айтишича, мамлакатга киришдан 72 соат олдин онлайн рўйхатдан ўтиш, ариза топшириш ва шахсий маълумотларни кўрсатиш керак. Унинг сўзларига кўра, «шунчаки чипта сотиб олиб, Россияга бориш энди мумкин эмас, энди кириш ишчи виза сифатида расмийлаштирилади».
Реестрда ўзингизни текширинг
Москвадаги Сахарово миграция маркази. Фото: Даниил Каримов
2025-йил феврал ойидан бошлаб Россияда назорат остидаги шахслар рейестри амал қилмоқда. Бу қонуний мақоми билан боғлиқ муаммоларга эга бўлган чет элликларнинг очиқ рўйхати ҳисобланади.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 18-июн ҳолатига кўра, рўйхатда 800 мингдан ортиқ киши бор. Агар сиз рўйхатга тушган бўлсангиз Россия Федерацияси Президентининг фармони талаб қилганидек, қонунийлаштириш учун ҳужжатларни зудлик билан топширишингиз керак.
Муҳими, ҳеч ким шахсан огоҳлантирилмайди, ҳар ким ўзини ўзи текшириши керак.
Буни қандай қилиш мумкин:
ИИВ сайтига ёки Давлат хизмати иловасига киринг;
Туғилган кун ва паспорт маълумотларини киритинг. ИИВ сайтида фойдаланувчи учун йўриқнома мавжуд;
Реестр кунига 4 марта янгиланади;
Ўзингизни синаб кўринг – бу сизга вақт, пул ва чегарадаги муаммоларни тежашга ёрдам беради.
Назорат қилинадиган шахслар реестрида бўлсангиз, нима қилиш мумкин эмас:
— ИИВ рухсатисиз бошқа ҳудудга кўчиб ўтиш;
— Уй ёки машина сотиб олиш;
— Бизнес очиш ёки ЯТТга айланиш;
— Банк ҳисобварақларини очиш (фақат солиқларга ўтказмалар ва ойига 30 минг рублгача маблағ олиш мумкин);
— Никоҳдан ўтиш;
— Машинани бошқариш, ҳайдовчилик гувоҳномасини топшириш ёки ўзгартириш;
— Россияда ноқонуний бўлган болаларни мактаб ёки боғчага бериш;
— Агар сизни чақиришса, ИИВга келишингиз шарт.
Агар қоидалар эътиборсиз қолдирилса, депортатсия қилиниши ва махсус муассасага жойлаштирилиши мумкин.
Ҳаёт учун хавфли легаллаштириш
Ботиржон Шермуҳаммаднинг сўзларига кўра, назорат остидаги шахслар рейестрига юз минглаб муҳожирлар тушган. Уларнинг кўпчилиги қонуний ишласа ҳам, асосий ҳуқуқларини йўқотади.
Қонунийлаштириш ва рўйхатдан чиқиш мумкинми?
«Расмий равишда бундай имконият бор – мигрантлар президент фармони билан ҳужжат топширишлари мумкин. Аммо амалда ҳаммаси мураккаброқ. Миграция марказларида – улкан навбатлар. Иш яхши ташкил этилмаган. Одамлар қабулга улгуриш учун бинолар олдида тунашади. Навбатда туриб чарчаш ва стресс туфайли одамлар ҳушидан кетган ёки вафот этган ҳолатлар ҳам бўлган».
Рус тили – мактабга қабул қилишнинг мажбурий шарти
Россияда мигрантларнинг болалари учун тил тести жорий этилди. Фото: kp.ru
2025-йил 1-апрелдан бошлаб мигрантларнинг фарзандлари Россия мактабларига киришда рус тили бўйича тест топширишлари шарт.
Шунингдек, Давлат думасида янги чора-тадбирлар муҳокама қилинмоқда:
мигрантларнинг фарзандлари учун бепул таълимни бекор қилиш;
рус тилидан имтиҳон топширишга уринишлар сонини чеклаш.
Бундан ташқари, қонун лойиҳаси аллақачон маъқулланган. Мактаблар таълим муассасаларига ўқишга кирган мигрантларнинг фарзандлари тўғрисидаги маълумотларни Ички ишлар вазирлигига тақдим этади.
Ботиржон Шермуҳаммаднинг фикрича, бундай чоралар РФ Конституциясига зиддир. Қонунга кўра, ҳар ким фуқаролигидан қатъи назар, бепул таълим олиш ҳуқуқига эга.
Тил – асосий тўсиқ
Мутахассис Станислав Притчиннинг таъкидлашича, рус тили муҳожирларнинг болалари учун жиддий муаммо ҳисобланади. Россияда 500 мингдан ортиқ шундай болалар яшайди ва уларнинг кўпчилиги тилни яхши билмаслиги сабабли ўқий олмайди.
2025-йилдан бошлаб мактабга кириш учун рус тилидан тест топшириш керак. Аммо унга атиги оз сонли болалар тайёр. Кўпгина оилаларда фақат она тилида гапиришади, шунинг учун болалар рус тилини керакли даражада билишмайди.
«Ота-оналар Россияда яшашга тайёр, болалар эса йўқ», – дейди Притчин.
Унинг сўзларига кўра, тилни яхши билмаслик Ўзбекистондан келган муҳожирларнинг мослашиши учун асосий тўсиқдир. Бу уларнинг ўқиши, касб эгаллаши ва яхши иш топишига тўсқинлик қилмоқда.
Мигрантларга фақат чеклов эмас, ёрдам ҳам зарур

Россияда қурилиш соҳаси ҳамон мигрантларга муҳтож. Фото: realty.rbc.ru
Ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммаднинг айтишича, Россияда мигрантларга тизимли ёрдам деярли йўқ. Давлат ва ташкилотлар бунга етарлича эътибор бермаяпти. Рус тили курслари, мослашув дастурлари ва оддий ҳаёт йўриқномалари мавжуд эмас.
Унинг таъкидлашича, мигрантларга нафақат тил ва ҳуқуқ билан ёрдам бериш керак. Рақамли кўникмаларга ўргатиш ҳам муҳим. Уларсиз ҳужжатларни расмийлаштириш, уй-жой қидириш ёки шифокорга ёзилиш қийин.
«Одамлар онлайн хизматлардан фойдаланишни билмайди ва бу уларни замонавий ҳаётдан ташқарида қолдиради», – дейди Шермуҳаммад.
Шунингдек, у кўплаб муҳожирлар муҳим хизматлардан фойдаланишни билмаслигини таъкидлади. Бу Россия иловаларига, масалан, Давлат хизматларига ҳам, ўзбек иловаларига ҳам тегишли. Шунингдек, уй-жой, иш ва ҳуқуқий ёрдам топиш бўйича хизматларда ҳам қийинчиликлар юзага келмоқда.
Эксперт маслаҳатлари
Андрей Казанцев:
«Алоҳида ажралиб турмаслик ва хотиржам яшаш учун мамлакатнинг тилини, қоидаларини ва урф-одатларини ўрганинг. Юртдошларингиз ва ҳокимиятингиз билан алоқада бўлишни унутманг – агар бирор нарса нотўғри кетса, улар ёрдам беришади».
Станислав Притчин:
«Россияда ҳозирда ишчилар етишмаяпти, шунинг учун имкониятлар кўп. Асосийси, рус тилини яхши билиш, касб-ҳунар эгаси бўлиш ва қонунларга риоя қилиш. Муаммоларга дуч келмаслик учун ўзгаришларни кузатиб боринг».
Ботиржон Шермуҳаммад:
«Россия ҳаётига олдиндан тайёрланинг: тил ўрганинг, молия билан шуғулланинг ва бу ерда одамлар қандай яшаётганини билиб олинг. Касб-ҳунарсиз қийин бўлади, шунинг учун уни албатта эгалланг. Фақат ватандошларингиз билан эмас, маҳаллий аҳоли билан ҳам мулоқот қилинг. Шунда мамлакатни яхшироқ тушунасиз ва дўстлар орттирасиз».
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги рақамларда
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълумотларига кўра, 2025-йил январига келиб 1,35 миллионга яқин ўзбекистонлик хорижда ишлаган, бу ўтган йилдагига нисбатан 34 фоизга кам (ўша пайтда 2 миллиондан ортиқ эди). 
Энг кўп муҳожирлар ҳали ҳам Россияда, аммо уларнинг сони сезиларли даражада камайди – 1,2 миллиондан 698 минг кишигача. Иккинчи ўринда Қозоғистон бўлиб, у ерда ишлаётган ўзбекистонликлар сони йил давомида 196,8 мингдан 322,7 мингга ошган. Кучли учликни Туркия якунламоқда, аммо у ерда муҳожирлар сони камайган – 119,8 мингдан 88,7 минг кишига.
Шунингдек, сўнгги бир йилда ташкиллаштирилган хизмат сафарлари сони қарийб 4 баробарга ошди. Анъанавий мамлакатларга янги йўналишлар қўшилди: Хорватия, Белгия, Словакия, Сербия, Черногория ва Қатар.