Киевда ашаддий террорчи — Гитлер қўлга олинди

Улашиш:

Украина Хавфсизлик хизмати Гитлер лақабли террорчи бошчилигидаги радикал неонацистлар ташкилоти фаолиятига чек қўйди. Бу ҳақда маҳкама веб-сайтида хабар берилган.

Жиноятчи Киевда ушланди. Унинг ҳақиқий исми ошкор қилинмаяпти. Хабарларга кўра, Гитлер ирқий ва диний асосларга кўра терактларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар ва чақириқлардан иборат материалларни тарқатувчи тармоқни ташкил этган. Улар орасида 2019 йилда Янги Зеландиядаги масжидларга ҳужум уюштирган австралиялик террорчи Брентон Таррантнинг манифести ҳам бўлган.

Тинтув пайтида гуруҳ раҳбарида рус ва украин тилларида экстремистик материаллар ҳамда неонацистлар белгилари топилди.

Хабарда айтилишича, унинг бир қанча шериклари Украинада ёздаёқ ҳибсга олинганди. Уларнинг етакчиси Россия фуқароси бўлган. Неонацистлар материалларнинг бир қисмини қўшни давлатдан олиб туришган, деб ҳисоблайди Украина Хавфсизлик хизмати. Бундан ташқари, ҳибсга олинганларда қурол-яроғлар топилган.

27 август куни Брентон Таррант Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳрида мусулмонларни отиб ташлаганлиги учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

2019 йил март ойида у навбатма-навбат иккита масжидга автомат билан ҳужум қилиб, қирғинни Интернет орқали намойиш қилган. Террорчилик ҳужуми оқибатида 51 киши ҳалок бўлди ва яна 40 киши жароҳат олди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.