6G тармоғининг даври келмоқда

Улашиш:

Ҳали 5G алоқа тармоғи ишга туширилиши бошланғич босқичда турган бир пайтда жаҳоннинг етакчи компаниялари томонидан 6G тармоғини яратиш устидаги ишлар фаоллашиб кетди.

6G – олтинчи авлод мобиль алоқаси бўлиб, жорий ўн йиллигимизнинг иккинчи ярмидан бошлаб, 5G/IMT-2020 телекоммуникация андозалари асосида жорий этилиши кутилмоқда. Аммо мобил алоқасига глобал пандемия туфайли ҳаддан ташқари катта талаб ва эҳтиёж билан шиддатли ўсиб бораётгани бу жараённи тезлаштириши муқаррар.

Концепциянинг ўзи алоқанинг кенг тушунчасини қамраб олади. У нафақат мобиль стандартларни, балки яхлит алоқа тармоқлари тизимини ифодалайди. Шу сабабли у NET-2030 ёки 6G/NET-2030 сифатида номланади.

Халқаро электр алоқа иттифоқи 2019 йил майдан FG-NET-2030 ни ишлаб чиқди ва тегишли ҳужжатларни қабул қилди. Ҳозирги вақтда ушбу технология тадқиқотларига кириш учун дунёнинг бир қанча илмий гуруҳлари ўз таклифларини билдириб, рақобатга киришмоқда.

Улар орасида АҚШ «ComSenTer» университетлараро лойиҳаси, шунингдек, «6G 6Genesis» тажриба ифратузилма сегментини ишга тушириш ҳақида эълон қилган Финляндиянинг Оулу университети, Хитойнинг Цзянсу музофотидаги Жануби-Шарқий университет тадқиқот гуруҳлари ишлари тобора амалий тус олмоқда.

Машҳур «Nokia» компанияси эса Европа Иттифоқи молиялаштираётган ва «Hexa- X» номини олган, шу йил 1 январдан ишга туширилган лойиҳада иштирок этаётган барча компания ва университетларга бошчилик қилмоқда. Шунингдек, бу лойиҳада шведларнинг «Ericsson» компанияси ҳам қатнашишга катта қизиқиш билдирмоқда.

6G алоқа тармоғининг асосий техник ечими шундаки, у терагерц ва субтерагерц частота диапазонидан фойдаланади. Ҳали изланиш босқичида бўлган бу фазовий маконлар мавжуд 5G/IMT-2020 маълумотлар узатиш тармоқларидаги тўсиқларни салмоқли даража енгиб ўтишни таъминлайди.

6G тизимида «Massive MIMO» технологияларини уйғунлаштирган ҳолда базавий станцияларда радиофотон рақамли антена катакчалари қўлланилади. Унда маълумотлар узатиш тезлиги 100 Гбит/с дан 1 Тбит/с, ҳатто 8000 Гбит/с гача етади.

Бошқача қилиб айтганда, олтинчи авлод тезлиги бешинчи авлод шиддатига қараганда ўртача 100 баробар каттароқ бўлади. Тармоқларни бошқариш учун эса сунъий интеллект тизимларидан фойдаланилади. Бу инсон танаси ва ақлини технологияларга уйғунлантириш мумкинлигини англатади.

Хитой рақобатда ҳозирча етакчи

Албатта, айрим давлатлар аллақачон бу борада пешқадам бўлиб олишга интилмоқда. Хитой ва Япония анча илдамлаб кетганини таъкидлаш ўринли.

«Samsung» ва «Huawei» компаниялари ўтган йилиёқ бу борадаги изланишларни бошлаб юборганини эълон қилишган эди. Шимолий Американинг корпорациялар альянси – «Next G Alliance» ҳам ишланмаларни бошлаганини ошкор қилмаган бўлса-да, фаол саъй-ҳаракатларни аллақачон олиб бораётгани сир эмас.

Мамлакатда айни пайтда 718 мингта 5G базавий станциялари ўрнатилган бўлиб, кенг кўламли ишлар 2024 йилга қадар давом эттирилади.

Хитой информацион технологиялар ва коммуникация технологиялари академияси маълумотларига кўра, 2025 йилда бозорда 5G алоқа тармоқларини қўллаб-қувватловчи 3200 модел қурилмалари барпо этилади, фойдаланувчи мижозлар базасига 10 миллионлаб янги абонентлар қўшилади.

Хитойда 2025-2028 йилларда эса ўзлаштирилган технологиялар такомиллаштирилади. 2029 йилдан эса «олтинчи авлод» алоқасига ўтилади.

Хитой илм-фан ва технологиялар вазирлиги 2018 йилда 6G мобиль алоқа стандартини тайёрлаш ишларини бошлаганини маълум қилган эди. Ўтган йили ноябрь ойида эса улар биринчи тест режимида ишловчи йўлдошни фойдаланишга топширишди ва махсус ишчи гуруҳи тузилди.

«Tinyan 05» йўлдоши «Chengdu Guoxing Aerospace Science and Technology» ва «Beijing Weinaxingkong Technology»компаниялари ҳамда Хитой электрон фанлари ва технологиялар университети томонидан ишлаб чиқарилган.

У терагерц алоқаси имкониятларини тест синовидан ўтказади. Қурилма электромагнит тўлқинлари терегерц диапазонида 6G технологиясини қўллаб кўради.

Хитойнинг бу йўналишдаги пешқадамлиги етакчи давлатларга манзур келмаётгани аниқ.

Мобил алоқаларни ривожлантириш сиёсий масала бўлиб, агар 2013 йилда бутун Европа Иттифоқида 5G технологияларини ишлаб чиқиш бўйича тадқиқотларга 50 миллион евро ажратилган бўлса, 2020 йилга келиб, биргина Германиянинг ўзи 5G ва 6G коммуникация технологиялари ривожига 2 миллиард евро сармоя киритди. Япония эса рақамли технологиялар учун жорий йилда 9,6 миллиард доллар сарфлаш ниятида.

Телекоммуникациялар соҳаси қарорлари альянси (ATIS) 2020 йил охирида «Apple» компанияси олтинчи авлод тармоқларини илгари суриш бўйича «Next G Alliance» номини олган гуруҳга қўшилганини билдирди.

Бу гуруҳ Шимолий Америкада келажак авлод мобил технологияларини жадал ривожлантириш мақсадини кўзлайди ва жаҳоннинг энг донғи чиққан «Charter», «Cisco», «Google», «HP», «Intel», «Keysight Technologies», «LG», «Mavenir», «MITER» ва «Vmware» компаниялари кирган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.