Маҳалла ходимларига ўқишга киришда имтиёз берилмоқда. Асл муддао нима?

Улашиш:

2021-2022 ўқув йилидан бошлаб маҳалла ходимлари учун сиртқи таълимга ўқишга кириш бўйича имтиёз бериш бўйича Ҳукумат қарори доирасида турли фикр-мунозаралар кузатилмоқда.

Хўш, аслида, қарор моҳиятан нимани назарда тутади? Адлия вазирлиги мазкур ҳолатга изоҳ бериб ўтди. 

Биринчидан, берилаётган мазкур имтиёз барча ОТМларга ўтмайди, қолаверса барча йўналишларга нисбатан ҳам татбиқ этилмайди.

Яъни, маҳалла ходимлари учун педагогика ва молия-иқтисод соҳаларидаги ОТМларда фақат «5520100 – Ижтимоий иш (фаолиятнинг турли соҳалари бўйича)» бакалавриат таълим йўналишида сиртқи ўқиш имконияти берилмоқда.

Иккинчидан, ушбу йўналишга имтиёзли равишда қабул қилинган маҳалла ходимларининг ўқишини бошқа йўналишга кўчиришига рухсат берилмайди.

Учинчидан, бу – маҳалла ходимлари (ҳатто тавсиянома олганлари ҳам) ўқишга тўғридан-тўғри қабул қилинади дегани эмас. Бошқача айтганда, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан берилган тавсияномага эга бўлиб туриб ҳам, кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтилмаса, маҳалла органлари ходимлари талабаликка тавсия этилмайди.

Тўртинчидан, бу бўйича мурожаат қилган ҳар бир маҳалла ходими тавсияномали бўлиб қолмайди.

Яъни, тавсиянома олишнинг белгиланган мезонлари бор. Бунинг учун маҳалла ходими:
● эгаллаб турган лавозимида сўнгги 1 йил давомида фаолият юритаётган бўлиши;
● маҳалла тизимида камида 3 йиллик иш стажига эга бўлиши;
● фаолият юритаётган маҳалла органи рейтинг кўрсаткичи бўйича «намунали» деб топилган бўлиши керак.

«Қолаверса, маҳалла ходими ижобий тавсифланганми, иш фаолияти ижобий баҳоланганми, унга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилмаганми – шулар ҳам тавсиянома беришда инобатга олинади» - дейилади Адлия вазирлиги маълумотида.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.