Қайноналар нимага ўғилларини ажратиб “Онаси ўпмаган қизга уйлантираман” дейишмоқда?

Улашиш:

 Ижтимоий тармоқларда “Оилавий ажримларга асосий сабаб нима деб ўйлайсиз?” саволи билан ўтказилган кичик сўровномада фойдаланувчилар урф-одатлар, қайнонанинг келинга солиқ солиши, куёвнинг эса келин томондан мулк таъма қилиши, келинларнинг ота уйига “гап ташиши”, телефон ва ижтимоий тармоқлар, ёшларнинг на фикрлаш, на пул топиш борасида мустақил эмаслиги, йигитларнинг ўз сўзини ўтказишга ҳаракат қилиши, қизларнинг эса “хўп”дан йироқлиги, диний билимдан бехабарлик, ўзаро ҳурмат тушунчасининг йўқолиши, бесабрлик, айбини тан олмаслик кабиларни санаб ўтишди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ажрашиш арафасида турган, ажрим қайд этилган оилаларнинг муаммолари бир-бирига ўхшамайди. Аммо ҳар бири ўз ечимига эга, ажримга қадар оилани сақлаб қолишнинг имконияти анча юқори бўлган.

Қайнона-қайнота билан зиддият

Ислом дини ақидасига кўра, ота-онанинг хизматини адо этиш фарзандларнинг бўйнидаги қарздир, келиннинг эмас. Падар ва волида ўрнида кўрилган қайнона-қайноталар келиннинг хизматларини эҳсон, деб қабул қилишлари, келин эса уларга хизмат қилишни шараф, деб билиши керак. Бу муносабатлар замирида келинга уй хизматчиси сифатида қараш адолатдан эмас. Шу билан бирга, куёвнинг келин қалбида ўзининг қариндошларига нисбатан юксак ҳурматни шакллантира олиши, қизнинг тарбияси асосий аҳамиятга эга.

Фарзандсизлик

БМТ аҳолишунослик фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси (UNFPA)нинг маълумотларига кўра, ёшларнинг 64 фоизи репродуктив (жинсий) саломатлик бўйича тўлиқ маълумотга эга эмас. Улар ота-онасидан ёки мутахассисдан эмас, балки ўз тенгдошларидан, интернетдан тартибсиз тарқатилаётган маълумотларга ишонади. Бунинг оқибатида никоҳдан кейинги ҳаёт ҳақида нотўғри тасаввур пайдо бўлади ёхуд айрим масалаларга тўғри ёндашув қандай бўлиши ҳақида аниқ маълумоти бўлмайди.

Тадқиқотга кўра, ўғил болаларнинг 86 фоизи, қизларнинг эса 93 фоизи соғлом жинсий ҳаёт ҳақида кўпроқ билим олишга истак билдирган. Демак, ўсмир ўқувчиларга репродуктив ҳаёт ҳақида мутахассислар томонидан маълумот берилса (стихияли тарзда йиғилиш ўтказиб, ҳисоботга ёпиштириш учун суратга тушириш мақсадида эмас, албатта), улар тинглашга тайёр. Соғлом жинсий ҳаёт қандай бўлиши, жинсий балоғат, бепуштликка олиб келувчи сабаблар ва уларнинг замонавий ечимлари борасида тиббиёт нима таклиф этиши каби маълумотга эга бўлиш оилага тайёргарликнинг муҳим босқичидир. Жинсий муносабатлар ҳақида гапириш, муҳокама этиш уят саналган жамиятда, албатта, бу йўналишда бўшлиқнинг пайдо бўлиши яхши натижага олиб келмайди.

Ёшларнинг мустақил эмаслиги

Ҳозирда оила қуришнинг энг кичик ёши йигитлар учун 18, қизлар учун 17 ёш этиб белгиланган. Ўтказилган сўровнома натижасига кўра, 85,7 фоиз йигитлар ва 22,3 фоиз қизлар амалда 22 ёшдан кейинги никоҳни афзал кўришларини таъкидлашади. Демак, никоҳ ёшини ўзгартириш учун асос бор ва бу муҳим. Оилага қадар, ота-онанинг ўз фарзандларини фикран ва моддий мустақил қилишлари ҳам аҳамиятга эга.

Она бўлаётган келинларнинг 30 фоизи 15–19 ёш оралиғида эканлиги ҳам масаланинг энг оғриқли нуқталаридан бири. Ёш, жуда ёш онанинг уқувсизлиги натижасида ҳам оила бузилиши эҳтимоли ортади, ҳам фарзанд тарбияси катта сўроқ остида қолади.

Бугунги кунда ажрашиш расмийлаштирилмаган ҳолатларда, яъни сунъий тўсиқлар қўйилиши, оиланинг норасмий ажрашувга рози бўлиб, шаърий талоқ билан кифояланиб, алоҳида яшашига халақит қилмаяпти. Ваҳоланки, норасмий ажрашувлар оқибатида аёл ва фарзанднинг ҳуқуқлари қадрсизланади, “онаси ўпмаган қизга уйланган” куёвнинг бўйнидан алимент мажбурияти ҳам соқит бўлади. Ёки воқеалар ривожи йигитнинг зиёнига ишлаб, унинг кейинги турмушига ҳам салбий таъсир қилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Жиззах вилояти бўйича 2020 йилда 2019 йилга нисбатан никоҳдан ажралиш 1 тага кўп қайд этилган.

Туманлар кесимида таҳлил қилинганда Арнасой туманида 9 тага, Ғаллаорол туманида 2 тага, Ш.Рашидов туманида 7 тага, Дўстлик туманида 7 тага, Зарбдор туманида 19 тага, Зафаробод туманида 10 тага, Янгиобод туманида 12 тага жами (66 тага) кўп ажрим қайд этилган бир пайтда Бахмал туманида 13 тага, Мирзачўл туманида 12 тага, Пахтакор туманида 8 тага, Фориш туманида 14 тага, Жиззах шаҳарда 16 тага камайган.

Шундан кўриниб турибдики, никоҳдан ажралганлик ҳолати кўпайган туманларда тегишли ташкилот ходимлари билан ҳамкорлик тўғри йўлга қўйилмаган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлимлари, фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари, “Оила” илмий-амалий маркази вилоят бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларига бу борадаги ишларни алоҳида назоратга олиш, диний идора вакиллари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда аҳоли орасида ҳуқуқий тарғибот ишларини амалга ошириш ва ажримларнинг салбий оқибатлари юзасидан тушунтириш ишларини янада кучайтириш мақсадга мувофиқ.

 

Дилноза Сайдкулова - ДХА Жиззах вилоят бошқармаси бош маслаҳатчиси

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.