Дўстликда оилавий ажримларни олдини олишга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда

Улашиш:

Оила ҳар бир халқнинг, миллатнинг давомийлигини сақлайдиган, миллий қадриятларнинг ривожини таъминлайдиган, янги авлодни дунёга келтириб, уни маънавий ва жисмоний баркамол қилиб тарбиялайдиган, жамиятнинг асосий негизи ҳисобланувчи муқаддас маскандир.

Оила ҳар бир халқнинг, миллатнинг давомийлигини сақлайдиган, миллий қадриятларнинг ривожини таъминлайдиган, янги авлодни дунёга келтириб, уни маънавий ва жисмоний баркамол қилиб тарбиялайдиган, жамиятнинг асосий негизи ҳисобланувчи муқаддас маскандир. 

Жамият тараққиётини ҳаракатга келтирувчи асосий ҳужжат бўлган қомусимиз – конституциямизда оила масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Унда: «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга» – деб ёзилган. 

Оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан туғилаётган баҳслар, турмушнинг дарз кетиши ва у билан боғлиқ можаролар, айрим хонадонлардаги мавжуд нотинч маънавий-руҳий муҳит натижасида содир бўлаётган никоҳдан ажралишлар бугунги кунда жамиятимизда жиддий эътиборни талаб қилувчи ҳолатдир. Ҳуда-беҳудага оилани барбод этиш, албатта болалар тарбиясига салбий таъсир этади. «Боланинг уволи тутади», дейишади қариялар. Дарҳақиқат, увол-савобни билмайдиган, норасидаларнинг етим қолишини уйламайдиган ота-оналар орамизда бор. Бундай ҳолатнинг вужудга келиши бош омили – уларнинг ҳуқуқий билимга етарли эга эмасликлари, ҳуқуқий саводхонлик даражасининг пастлигидан ва маънавиятсизлигидан далолат беради. Шунинг учун хам улар ажралиш ҳолати қандай оқибатларга олиб келишини тушуниб етмайдилар. Ажралиш туфайли нотўлиқ оила вужудга келади. Айни кунда аксарият ижтимоий хавфли жиноятлар содир этаётган аёллар ва вояга етмаган болалар нотўлиқ оилалардан эканлиги кузатилмоқда.   

Статистикага назар соладиган бўлсак, бизнинг Дўстлик туман ФҲДЁ бўлимида жорий 2022 йилнинг 9 ойи мобайнида 40 та (29 таси суд қарорларига асосан, 11 таси эса ўзаро розилик билан ФҲДЁ бўлимида) ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувлари қайд этилди. 

Оилаларнинг бузилиш сабаблари ўрганиб чиқилганда, кўп ҳолатда фарзандсизлик, хиёнат, узоқ вақт бирга яшамаслик, оилавий келишмовчиликлар, қолган ҳолатларда ёшларимизнинг оила қуришга тайёр эмаслиги, соғлиғига эътиборсизлик, йигитларнинг оилани бошқаришни, рўзғорни моддий таъминлашни, фарзандларни маънан ва жисмонан соғлом қилиб тарбиялашни ўз бурчлари деб билмасликлари, қизларнинг эса уй бекаси, оналик вазифасини тушунмаслиги, аксарият ҳолларда қайнона ва келин ўртасидаги можаролар туфайли юзага келаётганлиги маълум бўлди. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ажрашиш ҳолатлар оилалардаги келишмовчиликлар, ўзаро муҳаббатнинг йўқлиги, феъл-атворнинг тўғри келмаслиги,рўзғордаги етишмовчиликлар, эр ёки хотиннинг касаллиги, энг ачинарлиси, айрим йигитларнинг ичкиликбозлик, гиёҳвандликка берилиб кетиши ёки бошқа аёллар билан ҳаёт кечириши, қайнона ва келин муносабатларининг бузилиши натижасида келиб чиққан. 

Дустлик туман ФҲДЁ бўлими ташаббуси билан туманда ажрим ёқасига келган оилалар ўртасида сектор раҳбарлари билан ҳамкорликда туман ФҲДЁ бўлимига ариза берган фуқароларни яраштириш чоралари кўрилди. Жамоатчиликнинг аралашуви билан ажрашиш ёқасидаги фуқаролар фикрларидан қайтиб, оилани тиклашга муваффақ бўлганлари ҳам учради. 

Ёшлар оила аталмиш муқаддас даргоҳ остонасига қадам қўяр экан, «Мен оила қуришга тайёрманми? Оилам мустаҳкам бўлиши учун нималар қилишим керак?» деган саволларни ўзига берса, мус­тақил ҳаётга жиддий қараса, оилада пайдо бўладиган баъзи бир нохуш ҳолатларнинг олди олинади. Бахт қасрининг пойдевори чидам ва меҳнатдан бунёд бўлишини ёшларимиз қалбдан ҳис қилишлари зарур. Ўз уйида бахтли бўлган инсонгина чинакам бахтиёрдир, уйда бахтни яратиш эса осон эмас...

 

Дилафрўз Жаниқулова – Дўстлик туман ФҲДЁ бўлими мудираси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.