Жиззахда 4 ойда 562 та оилавий ажрим қайд этилди, 281 та оила эса яраштирилди

Улашиш:

Жиззах вилоятида оилавий ажралишларнинг олдини олиш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ҳамда аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада оширишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.  Шу мақсадда, жорий йил 4-июнь куни Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг қарори қабул қилинган.

Вилоятда ўтган 4 ой давомида 562 та оилавий ажрим ҳолати қайд этилган бўлиб, ўтган йилнинг 4 ойига нисбатан 142 тага ошган. Жойларда қайд қилинган оилавий ажримларнинг 80 нафари 1 йилгача, 272 нафари 1 йилдан 5 йилгача, 156 нафари 5 йилдан 10 йилгача, 54 нафари 10 йилдан зиёд биргаликда яшаган оилалардан иборат.

Ҳудудларда ушбу оилаларни яраштириш мақсадида масъул ташкилотлар билан биргаликда тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилган. Бироқ, яраштиришнинг имкони бўлмаганлиги сабабли, ажрим ҳолати юзага келган.

Вилоятда мавжуд 302 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳар бирида “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш” комиссияси томонидан  никоҳларини бекор қилиш учун Судга, ФҲДЁга ариза берган оилалар рўйхатини олиб, оиланинг ажрим ёқасига келиш сабабларини ўрганиб, уларга ушбу сабабларни бартараф этишда ва оилани мустаҳкамлигини таъминлашда, оилада маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашда ёрдам бермоқда. 

Жорий йилда комиссия томонидан оилавий ажрим ёқасига келиб қолган 479 та оиладан 281 та оила яраштирилишига эришилди.

Оила ва хотин-қизлар бўлимлари томонидан шаҳар ва туманларда “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш” бўйича 207 та, “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш”да 79 та, “Оилавий ажримларни олдини олиш”да 126 та  жами 412 та маънавий-маърифий тадбирлар, семинар-тренинглар ўтказилиб, никоҳ ёшида бўлган, оиласида ажрим ҳолати кузатилган 18 589 нафар қатнашчиларнинг иштироки қамраб олинди.

Вилоят адлия бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси билан биргаликда ФҲДЁ бўлимларига никоҳини бекор қилиш учун ариза билан мурожаат қилиб келган фуқаролар, ўз фарзандининг моддий таъминоти учун алимент тўлашдан қасддан бош тортиб келаётган фуқароларнинг оиласини сақлаб қолиш юзасидан ҳамкорлик ўрнатиш тавсия этилмоқда.

Эндиликда шаҳар ва туманлар ҳокимларига (сектор раҳбарлари иштирокида) маҳаллаларда оилавий ажрим ҳолатига келиб қолган оила вакиллари иштирокида “Оила муқаддас” масаласида ташкил қилинадиган қабул кунларига шахсан ҳокимлар ҳамда сектор раҳбарлари иштироки таъминланади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги 285-сон қарорига асосан 2021 йилда Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан хотин-қизлар учун қуриладиган уй-жойларда қурилиш ишларини назорат қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 декабрдаги 737-сон қарорига мувофиқ сотиб олинган ижтимоий уй-жойларга Уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлашга кўмаклашиш Комиссияси хулосасига асосан хотин-қизларни жойлаштириш;

- шаҳар, туман ҳокимликларида алоҳида “Мадад” хонасини ташкил қилиб, белгиланган жиҳозлар билан таъминлаш;

- ҳудудларда хотин-қизларни ўқитиш марказларини ташкил қилиб, кредитлар ажратиш, субсидиялар бериш, устоз-шогирд, ҳунармандчиликка йўналтиришдаги барча соҳалар бўйича бандлик қамрови ошириш кўзда тутилмоқда.

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.