Самарқандда 5 киши помидор консервадан заҳарланди. Улардан бири вафот этди

Улашиш:

Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида яшовчи беш нафар фуқаро уй шароитида тайёрланган помидор консервадан заҳарланган ва оқибатда 20 ёшли фуқаро вафот этган. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматига таяниб, «Дарё» хабар қилди.

Таъкидланишича, воқеа содир бўлган куни — 2021 йил 7 февралда заҳарланганлардан бири А.Т.нинг уйида ҳашар бўлган. Ҳашар тугаганидан сўнг соат тахминан 12:00 да ҳашарчилар помидорли консерва истеъмол қилган.

Ҳашардан уйига қайтган I.Э. соғлиғи ёмонлашгани боис шу куни соат 20:00 да тез тиббий ёрдамга мурожаат қилган. Туман ТТБга қарашли қабул бўлимига олиб келиниб, ботулизм ташхиси билан реанимацияга ётқизилган.

Фуқаро А.Т. эса ўзи шифокор бўлгани сабабли 1963 йилда туғилган Г.Т, 1995 йилда туғилган Ш.Т. ва 1974 йилда туғилган Б.Б.ларда бош айланиши, кўнгил айниши, ҳолсизлик, бир нарсани иккита ёки тўртта кўриш белгилари намоён бўлгач барчага биринчи тиббий ёрдам кўрсатган.

Шундан сўнг соат тахминан 21:00 да тез тиббий ёрдамга мурожаат қилиб, Булунғур ТТБга ботулизм ташхиси билан ётқизилган.

Фуқаролар А.Т., Г.Т., ва Б.Б. дисфония, птоз, нистагм белгилари билан ботулизмнинг ўрта оғир формасида дея Булунғур туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган. Бемор Ш.Т.нинг аҳволи оғирлигича қолмоқда. У сунъий нафас олиш аппарати ёрдамида муолажа олмоқда.

Интенсив даво муолажалари ҳамда ботулизмга қарши зардоб берилишига қарамасдан, 20 ёшли И.Э.нинг аҳволи тобора оғирлашиб, 8 февраль куни соат 03:30 да вафот этган.

Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Латиф Рустамовнинг таъкидлашича, фуқаро А.Т. хонадонида 2020 йилда тайёрланган помидорли консерва намуналари олиниб, бактериология лабораториясига етказилган. Ҳозирги кунда тарғибот ва ташвиқот ишлари давом этмоқда.

«10 февраль куни ‘Мингтепа’ маҳалласида истиқомат қилувчи 34 та хонадонда яшовчи 142 нафар аҳоли билан ботулизм касаллиги бўйича суҳбат ўтказилди. Хонадонлардаги қўлбола тайёрланган 74 та 184 литр помидордан қилинган мариновкалар борлиги аниқланиб, барчаси утилизация қилинди», — дейди Латиф Рустамов.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.