Чегара ҳудудда сайёр қабул ўтказилди

Улашиш:

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Озода Махмудованинг навбатдаги сайёр қабули вилоятимизнинг энг чекка ҳудуди, Тожикистон Республикаси билан чегарадош Янгиобод туманининг Сармич қишлоғида ўтказилди.
Шу куни вилоятдан борган тажрибали шифокорлар 200 нафардан ортиқ ҳудуд аҳолисини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказдилар. Шунингдек, уларга соғлом турмуш тарзига риоя қилиш бўйича тавсиялар бердилар.

– Анчадан бери юрагим безовта қиларди. Тўғриси даволаниш учун имкон топмаётгандим. Бугун Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий амалий тиббиёт маркази жиззах филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Нурали Қурбоновнинг келишини эшитиб, эрталабдан келиб кутаётгандик. Тиббий кўрикдан ўтдим. Менга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бошлиғи Озода Махмудова шахсан вилоят кардиология марказига бепул даволаниш учун йўлланма бердилар. Хурсандман. Ҳукуматимизга ҳам, шифокорларимизга ҳам раҳмат.– деди Абдулла Тухлиев.

Шифокорлар тавсияси билан яна 12 кишига вилоят тиббий муассасаларида даволаниш учун йўлланмалар тақдим этилди.

Тадбир сўнгида, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Озода Махмудова ва вилоят тиббий ижтимоий хизматлар бўлими бошлиғи Дилбар Пардаева ҳамроҳлигида махсус гуруҳ ногирон ва кексаларнинг хонадонларига бориб, уларни тиббий кўрикдан ўтказди. Икки нафар эҳтиёжмандга ногиронлик аравачаси, шунингдек, қўлтиқ таёқлар ва дори-дармонлар тарқатилди.

 

Вилоят соғлиқни сақлаш
бошқармаси Ахборот хизмати.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.