Қишки трансферлар: Шомуродовга харидор бор, АПЛ клублари ЖЧ юлдузларини кўзламоқда

Қишки трансферлар: Шомуродовга харидор бор, АПЛ клублари ЖЧ юлдузларини кўзламоқда

Фото: Global Look Press

«Торино» Шомуродов трансфери бўйича музокараларни давом эттирмоқда

Италиялик инсайдер Николо Ширанинг маълумотига кўра, «Торино» «Рома» ҳужумчиси Элдор Шомуродовга қизиқишни сақлаб қолмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Жозе Моуриньонинг режаларидан ўрин олмаган ва Турин клуби бу вазиятдан фойдаланиб қолмоқчи.
Римликлар жамоасининг Шомуродов билан шартномаси 2026 йилга қадар тузилган. Transfermarkt футболчининг трансфер қийматини етти миллион еврога баҳолаган.

Ушбу 27 ёшли форвард 2020-2021 йиллар мавсумида Италиянинг бошқа бир жамоаси «Женоа» сафида тўп суриб, 31 ўйинда 8 гол уришга эришган. У 2021 йил ёзида «Рома» сафига келиб қўшилганди, аммо ўтган вақт мобайнида асосий таркибдан ўрин эгаллай олмади ва жами 34 ўйинда 3 гол уриш билан кифояланди.

Асенсио — «Барселона»га ўтадими?

Марко Асенсио. Фото: Global Look Press
AS нашри маълумотига кўра, «Реал» яримҳимоячиси Марко Асенсио «Барселона» сафида пайдо бўлиши мумкин. Каталонлар клуби унинг шартномаси узайтирилиши бўйича вазиятни кузатиб бормоқда: унинг Мадрид клуби билан амалдаги келишуви 2023 йил июнига қадар тузилган, аммо келишувни узайтириш бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолган.

Transfermarkt Асенсионинг трансфер қийматини 25 миллион еврога баҳолаган. Айни вақтда 26 ёшда бўлган ҳавбек муқаддам «Мальорка» ва «Эспаньол» (ижара) клубларида тўп сурган. 2015 йилдан «Реал» аъзоси ҳисобланади. Жорий мавсумда Ла Лиганинг 9 ўйинида иштирок этиб, 1 гол урди ва 2 голга узатма берди.

Фелиш «Атлетико»дан кетиши мумкин

Жоау Фелиш. Фото: Global Look Press
«Атлетико» ҳужумчиси Жоау Фелиш фаолиятини Англияда давом эттириши мумкин. Daily Mirror хабарига кўра, 23 ёшли футболчига АПЛнин бир қанча топ-клублари даъвогарлик қилмоқда. Хабар қилинишича, мадридликлар португалиялик футболчини мавсум охирига қадар ижарага беришга ҳам тайёр, аммо бу ҳолатда 8 миллион фунт стерлинг миқдорида товон пули талаб этилади.

Фелишнинг «Атлетико» билан шартномаси 2026 йил ёзига қадар тузилган. Transfermarkt унинг трансфер баҳосини 50 миллион еврога баҳолайди. У жорий мавсумда Диего Симеоне жамоасида захира футболчисига айланиб қолди. Шу билан бирга, Испания чемпионатининг 12 ўйинида иштирок этиб (асосан захирадан майдонга тушган, бошланғич таркибда тушган ўйинларида тўлиқ ўйнамаган), 3 гол урган ва 3 голга узатма берган.

«Ливерпул» Амрабатни ўз сафига қўшиб олмоқчи

La Gazzetta dello Sport маълумотига кўра, «Ливерпул» «Фиорентина» яримҳимоячиси Софиян Амрабат билан шартнома имзоламоқчи.

Қатардаги жаҳон чемпионатида ўзини кўрсатган марокашлик 26 ёшли футболчининг трансфери январ ойида расмийлаштирилиши мумкин. Шу билан бирга, «Фиорентина» бу футболчиси сотувидан камида 40 миллион евро ишлаб олишни кўзламоқда.

Transfermarkt унинг трансферини 25 миллион еврога баҳолайди. Ҳавбекнинг амалдаги шартномаси 2024 йил ёзига қадар тузилган.

«Манчестер Юнайтед» Фернандес билан шартнома тузишга яқин

Журналист Бруно Андраденинг хабар қилишича, АПЛнинг бирданига бир неча клуби «Бенфика» яримҳимоячиси, Қатардаги мундиал юлдузларидан бирига айланган жаҳон чемпиони Энцо Фернандесни ўз сафида кўришни истамоқда. Бундай клублар қаторида «Манчестер Юнайтед» ва «Ливерпул» клублари номлари тилга олинмоқда. «МЮ» ушбу 21 ёшли аргентиналик футболчи учун пойгада етакчи — клуб рақобатдан қутулиш учун унинг шартномасида кўрсатилган 120 миллион евро миқдоридаги товон пулини тўлашга тайёр.

Transfermarkt Фернандеснинг трансфер қийматини 55 миллион еврога баҳолаган. Ушбу ёш ҳавбек португаллар клубига 2022 йил ёзида келиб қўшилганди. У жорий мавсумда Португалия чемпионатининг 13 ўйинида майдонга тушиб, 1 гол урди ва 3 голга узатма берди. Қатардаги жаҳон чемпионатида эса 7 ўйинда ҳам иштирок этди, гуруҳ босқичида Мексикага қарши ўйинда муҳим гол урди.

Рабио «Арсенал» қизиқишлари доирасида

Daily Mail маълумотига кўра, «Арсенал» «Ювентус» яримҳимоячиси Адриен Рабио билан шартнома имзоламоқчи. Манба маълумотига кўра, Лондон клуби бош мураббийи Микел Артета жамоа яримҳимоя чизиғини кучайтириш учун ушбу футболчи билан қишки трансфер даричасидаёқ шартнома имзоламоқчи. Франция терма жамоаси сафида жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этган ушбу футболчининг италян клуби билан ҳозирги шартномаси 2023 йил ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt ҳавбекнинг трансферини 18 миллион еврога баҳолаган. 27 ёшли футболчи 2019 йилдан буён туринликлар сафида ўйнаб келмоқда.

«Реал» Локателлини кузатмоқда

AS маълумотига кўра, «Ювентус» яримҳимоячиси Мануэл Локателли «Реал»га ўтиши мумкин. Transfermarkt 24 ёшли италиялик футболчи трансферини 30 миллион еврога баҳолаган.

Манба хабарига кўра, италиялик футболчи испанлар клуби учун захира варианти ҳисобланади, мадридликлар биринчи навбатда Дортмунднинг «Боруссия» клуби ҳавбеки Жуд Беллингемни қўлга киритишга ҳаракат қилиб кўради. Агар англиялик футболчини трансфер қилишнинг имкони бўлмаса, скаутлар асосий эътиборни «Бенфика» ҳавбеки Энцо Фернандесга қаратишади.

Мурило — «Атлетико»га ўтадими?

Bolavip маълумотига кўра, Мурило «Атлетико» клуби қизиқишлари доирасига тушган. Манбанинг хабар қилишича, 25 ёшли бразилиялик трансферига мадридликлар бош мураббийи Диего Симеоне шахсан қизиқиш билдирмоқда. Шу билан бирга, «Палмейрас» ҳозирда музокаралардан бош тортмоқда. Transfermarkt унинг трансферини 6,5 миллион еврога баҳолаган.

«Торпедо» Сергеевга қизиқмоқда

Metaratings маълумотига кўра, «Торпедо» Қозоғистоннинг «Тобол» клубида тўп сураётган ўзбекистонлик ҳужумчи Игор Сергеевнинг хизматларига қизиқиш билдирмоқда. Москва клуби ушбу форвард билан ёздаёқ шартнома имзоламоқчи бўлганди, аммо «Тобол» ўшанда футболчисини қўйиб юборишни истамаган. Сергеевнинг ўзи фаолиятини РПЛ чемпионатида давом эттиришга қарши эмас, бу ерда унга яна бир қанча клублардан қизиқиш бор. Футболчининг шартномаси 2023 йил ёзига қадар тузилган. Transfermarkt 29 ёшли футболчининг трансферини 1,4 миллион еврога баҳолаган.

Манба: Kun.uz