Шавкат Мирзиёев номидан саҳифа очиб фуқароларни чув туширган шахс ушланди

Улашиш:

Facebook ижтимоий тармоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номидан сохта саҳифа очган шахс ушланди. Бу ҳақда ИИВ Матбуот хизмати хабар берди.

Олиб борилган текширув давомида шахс сохта профиль очган ҳолда фуқаролар билан мулоқотга киришганлиги, мулоқот жараёнида ўзини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари деб таништириб, фойдаланувчилар билан ёзишмалар олиб борганлиги, тармоқ фойдаланувчиларига турли масалаларда айниқса уй-жой ва банк кредитлари ажратиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилишини ваъда қилиб, алдаб фуқаролардан 50 минг сўмдан 1,5 млн. сўмгача бўлган пул маблағларини банк пластик картасига туширган ҳолда ўзлаштириб, фирибгарлик йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Олинган тезкор маълумотлар натижасида, 2021 йил 5 февраль куни Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ҳудудида тезкор-техник қидирув тадбирлари ўтказилиб, ушбу ноқонуний ҳаракатларни  Чирчиқ шаҳар 3-кичик туманида вақтинча яшовчи 1982 й.т., М.М. содир этганлиги аниқланиб, телефон қурилмаси ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.

Фуқаро М.М. га нисбатан Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.