Тошкентда талабалар 60.000 АҚШ долларига тенг автомобиль эҳтиёт қисмларини ўғирлаб кетишди

Улашиш:

15 май куни Х.Дилноза тахминан 1 йил давом этган ўғрилик ҳаракати юзасидан "102"га хабар берган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти маълум қилди.

Хабар қилинишича,  2020 йилнинг тахминан май ойидан 2021 йилнинг 15 май кунига қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахслар Юнусобод тумани “Янгиариқ” маҳалласида жойлашган хонадони қаровсиз қолдирилганлигидан фойдаланиб, калит танлаш йўли билан ғайриқонуний равишда кирган. 

Улар умумий нархи 60.000 АҚШ доллари бўлган Корея давлатида ишлаб чиқарилган “Chevrolet” русумли автомашиналарнинг турли хилдаги эҳтиёт қисмларини ўғирлаб кетган.

Тезкор қидирув ҳаракатлари жараёнида ушбу жиноятни Юнусобод туманида яшовчи талабалар 19 ёшли А.Зафаржон ва 18 ёшли Х.Абдулазизлар содир этганликлари аниқланиб, улардан бир нечта турдаги автомашина эҳтиёт қисмлари ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, А.Зафаржон ва Х.Абдулазизлар процессуал тартибда ушланганлар.

Тергов ҳаракатлари давомида жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари тўлиқ ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилади.

Ҳозирда тергов давом этмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.