«Ҳамма кўрсаткичлар бўйича 14-ўриндасизлар, қандай қилиб кабинетга киряпсизлар?» – Президент Сурхондарёда мутасаддиларга эътироз билдирди

Улашиш:

Яқин 2-3 йилда Сурхондарё вилоятида 1,5 миллион аҳолининг ичимлик сув муаммоларини тўлиқ ҳал қилиш мақсадида “Тўпаланг” сув омборидан 400 километр магистрал тармоқлар қурилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида вилоят фаоллари билан учрашувда айтиб ўтди, деб хабар бермоқда 'Kun.uz'.

“Сурхондарё аҳолисини энг кўп қийнаётган муаммолардан бири - сув етишмовчилиги. Бунинг ечими тўғрисида кўп ўйладим. Яқин 2-3 йилда вилоятда 1,5 миллион аҳолининг ичимлик сув муаммоларини тўлиқ ҳал қилиш мақсадида “Тўпаланг” сув омборидан 400 километр магистрал тармоқлар қуриш режасини қиламиз. Бунинг учун Халқаро молия институтларидан 150 миллион доллар жалб қилиш бўйича лойиҳа таклифи киритилсин.  

Вилоятда ижтимоий, коммуникация ва йўл инфратузилмасини ривожлантиришга 2021 йил учун қўшимча 200 миллиард сўм ажратилади. Шундан, 80 миллиард сўми Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманларининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилашга йўналтирилади.

Мен кеча ташриф буюрган Шеробод туманининг Каттабоғ маҳалласида яшайдиган 5 минг нафар аҳоли ҳам тоза ичимлик сув билан тўлиқ таъминланади. Бу маҳалла аҳолиси, айниқса ёшларга маданий ҳордиқ учун шароит яратиш мақсадида, замонавий маҳалла маркази 1 октябргача барпо этилади. Шунингдек, 200 ўринли боғча, 180 иш ўринли тикувчилик лойиҳаси, 50 гектар иссиқхона ва 150 гектар анорзор ҳам ташкил этилади. Умуман, яқин 1,5 йил ичида бу ерда 1 мингта янги иш ўрни ташкил этилади. Бу каби бунёдкорлик ишлари бошқа маҳаллаларда ҳам амалга оширилади.
 
Афсуски, Сурхондарё кўрсатаётган натижалари мени қониқтирмайди. Мен ҳам туман ҳокими, вилоят ҳокими бўлганман. Бундай имкониятлар бўлмаган, пул ажратилмаган. Ахир ҳозир барча шароитлар яратиляпти-ку. Ҳамма кўрсаткичлар бўйича 14-ўриндасизлар, қандай қилиб кабинетга киряпсизлар?”, деди президент вилоят раҳбарларига қарата.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.