Ўзбекистонда ҳокимият вакилларига қаршилик кўрсатиш ҳолати кўпайган

Улашиш:

Бу АОКАда ўтказилган брифингда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева маълум қилди.

“Статистикага эътибор берадиган бўлсак, сўнгги йилларда ҳокимият вакилига нисбатан фаол қаршилик кўрсатиш жиноятларининг сони ошган, жумладан 2019 йилда – 243 тани, 2020 йилда эса 251 тани ташкил этган. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига тажовуз кайфияти ҳам ортиб, 2018 йилдаги 24,1 минг ҳолат содир этилган бўлса, 2020 йилда 39 минг ҳолатни ташкил қилмоқда”, - деди Ўринбоева.

Шу билан бирга, у ўз хизмат бурчини яхши билмайдиган, фуқароларга нисбатан қўпол муомалада бўладиган ҳокимият вакиллари борлигини инкор қилмади. Бундай ҳокимият вакиллари тегишли тартибда жазосини олишлари лозим. 

“Агарда фуқаролар шундай ҳолатларга дуч келишса, яъни ҳокимият вакили томонидан унга нисбатан қўпол муамала қилинса ёки ҳуқуқ ва эркинликлари бузилса, ушбу ҳолат бўйича судга ёхуд бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир”, - дея қўшимча қилди вазирлик вакили.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик учун белгиланган жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Энди бундай ҳаракатларни содир этган шахслар жаримадан тортиб 3 йилгача қамалиши мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.