Камолиддин Раббимов: Президент мурожаатномасидан чиқариладиган хулосалар

Улашиш:

Президент Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Халққа мурожаатномасини залда ўтириб тингладим. Овозидан Президент Мирзиёев енгил шамоллагани билиниб турган эди. Шундай бўлсада Президент ўз нутқини роппа-роса 11:00да бошлади ва икки соату 25 минут тик туриб гапирди.
Бугунги нутқда олтита катта блок – Ўзбекистон тараққиётининг олти йўналиши ҳақида гап борди. Ҳар бир йўналиш бўйича катта аҳамиятли таклифлар, ғоялар, лойиҳалар билдирилди. Ҳозир мен бу ғоялар ва лойиҳаларга тўхталмоқчи эмасман. Мен Президент нутқининг моҳияти ҳақида ўз қарашларимни билдирмоқчиман.

Мени назаримда, Ўзбекистон Президенти таклиф қилинган ғоялар ва лойиҳалар билан ушбу фикрларни айтаяпти:
- ижтимоий-сиёсий вазият қалтис, шунинг учун давлат аппаратини қисқартирамиз ва нормарказлашувни бошлаймиз;
- суд-ҳуқуқ ислохотлари орқали одамларни норозилигига сабаб бўлаётган ҳуқуқий муаммоларга ечим излаймиз;
- иқтисодий ислоҳотларни кучайтирмасак – кейинги йилларда ижтимоий зўриқиш учун асос кучайиб кетиши мумкин;
- танқидий ва креатив фикрлайдиган янги авлод ўстиришимиз керак; Ўзбекистонда миллий бойлик яратишнинг ягона йўли – инсон капиталини ривожлантириш, инсон капитали орқали миллий бойлик яратиш йўлидир...
Бошқача қилиб айтганда, Президент нутқида икки муҳим нуқта кўзга ташланади: жамиятдаги стратегик барқарорликни юмшоқ воситалар орқали парваришлаш, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий-маъмурий секторлардаги ислоҳотлар орқали ривожланиш йўлидан бориш. Бу билан Ўзбекистон дунёда ва минтақада кечаётган иқтисодий, ижтимоий ва геосиёсий зўриқишларга тайёрланмоқда.
Маълумки, келаси йиллари дунё давлатларида ЯИМ ўсиши деярли икки-уч баравар пасаяди. Ижтимоий бўҳронлар эҳтимоли кучаяди. Мана шу фонда Ўзбекистон бир қўли билан давлат легитимлиги ва ижтимоий розиликни оширувчи ислоҳотларни тезлаштираяпти, бошқа қўли билан вазият устидаги назоратни юмшоқ воситалар орқали ушлаб туриш ҳақида ўйлаяпти.

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос.
2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.