Ўзбекистон ҳудудида флотилия бўлганми? (Қизиқарли факт)

Улашиш:

Фото: Иллюстратив cурат

Туркистон минтақаси океан ва денгизлар билан ўраб олинмаган. Сув йўлларидан четда. Шу туфайли флот тузиш долзарб масала сифатида ҳеч қачон кун тартибига қўйилмаган. Ҳатто ҳозирги 28 мамлакат ҳудудини ўз пойтахти – Самарқанд атрофида бирлаштирган Соҳибқирон Амир Темур ҳам флотга эга бўлмаган. У турк султони Боязид Йилдиримга қарши қўшин тортар экан, зарурат туғилганида Византия, Генуя, Венеция (Италия) флотидан фойдаланишни режалаштирган.

Биласиз, Туркистон минтақасидан икки азим дарё - Амударё ва Сирдарё оқиб ўтади ва сувини Орол денгизига қуяди. Тарихий манбаларда келтирилишича, 1852 йилда минтақада, яъни рус босқини арафасида Перовский номли битта параход билан Орол флоти иш бошлаган. Бу флот 1883 йилгача фаолият юритган. Флот тузишдан савдо-сотиқни йўлга қўйиш, йўловчи ташиш ва асосан ҳарбий мақсадлар кўзланган, албатта.

1883 йилдан Орол флотилияси Амударё флотиясига айлантирилган. Шунингдек, Сирдарё флотилияси ҳам ташкил этилган. Флот кемалари Чоржўй-Петро-Александрович, Чоржўй-Керки, Чоржўй-Келиф-Термиз йўналишлари бўйлаб сузган.Амударё флотилиясида «Сар» «Саритса», «Ангалт», «Самарқанд», «Перовский», «Арал», «Сыр-Даря», Тошкент пароходлари, «Москва», «Петербург» номлари билан 10-13 та баржа (двигателли қайиқ), 2 та буғли катерни кўриш мумкин эди.

1894 йилда Туркистонда флотилиянинг махсус низоми қабул қилинган, 1896 йилга келиб флотилияда пароход, баржа, катерлар сони 22 тага етган, уларда 24 нафар зобит, 548 нафар матрос хизмат қилган. ХХ аср бошларида флот орқали ҳар йили 530.00 пуд юк, 17.000 йўловчи ташилган.

Амир тартиби ағдарилган 1920 йилнинг сентябридан сўнг Амударё флоти амалда фаолиятини тўхтатган. Бироқ Чоржўй, Карки, Термиз ҳудудлари БХСР (Бухоро халқ совет республикаси) таркибидаги вилоятлар эди. БХСР ҳукумати шу туфайли Амударё флотини қайта тиклаш, флот орқали юклар ва йўловчиларни манзилга етказишини йўлга қўйиш мақсадида тегишли чора-тадбирлар кўрган. Бунинг учун буғ двигатели билан ишлайдиган 70, 40, 35, 20 от кучига эга пароходларни, 10-12 от кучига эга баржаларни таъмирлаш, янгиларини харид қилиш ниятида Ўрта Осиё «Доброфлот» (флот кўнгиллилари) уюшмасининг Бухоро бўлими ташкил этилган. Бу бўлимни бошқарган БХСР ҳукумати аъзолари А. Муҳиддинов, Отаулла Хўжаевлар эски Бухорога 1922 йил октябрида ташриф буюрган РСФС «Доброфлот» раҳбари А.Шнайдер билан музокаралар олиб бориб, олтин баробарида замонавий параходлар сотиб олиш масаласини кун тартибига қўйганлар.

Бухоро, Чоржўй, Қарши шаҳарларида «Доброфлот» транспорт агентлиги идораси тузилиб, унинг таркибига 4 нафар киши (раис, раис ўринбосари, бўлим бошлиғи, экспедитор) киритилган. Уларга бир ойда жами 1100-1300 танга миқдорида маош белгиланган.

«Доброфлот» Бухоро бўлими ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан Чоржўй шаҳри портидан «Тошкент», «Чоржўй» номли пароходлар қатнови йўлга қўйилди ва Амударё-Шовот канали йўналишида Чоржўйдан Хоразмга ҳар йили ўртача 3000 пуд миқдорида юк ташила бошланди.

Бироқ двигатель ёқилғиси танқислиги, пароход ва баржалар нархининг баландлиги, кейинчалик БХСР тугатилиб юборилиши каби омиллар туфайли мунтазам флот қатновини йўлга қўйиш имкони бўлмади.

Таъкидлаш жоизки, БХСР ҳукумати ва марказий ижроия қўмита республиканинг сўнгги йилида ҳам мунтазам флот қатновини йўлга қўйиш ҳаракатини қилди. 1924 йилнинг 19 майида Амударё бўйлаб пароход ва қайиқлар қатновини таъминлаш учун ҳукумат бюжетидан 150 минг рубль маблағ ажратилганди. Ўзбекистон Миллий архиви, Р-53-фонд, 1-рўйхат, 52-йиғма жилд, 39-варағида шу ҳақида сўз боради. Бироқ 1924 йилнинг кузида Ўрта Осиёда ўтказилган миллий ҳудудий чегараланиш туфайли БХСРнинг бу борадаги режа ва вазифалари қоғозда қолиб кетди.


Шодмон ҲАЙИТОВ,
Бухоро давлат университети Жаҳон тарихи кафедраси профессори,
тарих фанлари доктори.

Манба: xs.uz

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.