Бухорода заправкалар 26 млрд сўмлик газни талон-торож қилгани аниқланди

Улашиш:

Бухоро вилоятидаги газ заправкаларда 5 январь куни текшириш ишлари ўтказилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, «Дилдора» МЧЖнинг Вобкент туманидаги 2 та, «Осиё Бухоро газ», «Норбоев Шерзод Юнусович» ва «Грант газ сервис» МЧЖларнинг Бухоро шаҳридаги, «Реал химик» МЧЖнинг Бухоро туманидаги жами 6 та метан қуйиш шохобчалари кўздан кечирилган.

Ўрганиш давомида «Дилдора» ва «Осиё Бухоро газ» МЧЖларга қарашли 3 та шохобчага келган табиий газ қувурларига ўрнатилган «Автопилот-Про» русумли газ ҳисоблаш ускунасидаги мавжуд импулс трубкаси маҳкамланганда ҳақиқатан газ диафрагмасидан ўтаётган газ ҳажми сунъий равишда камайтирилган ҳолда кўрсатилишига эришилгани аниқланган.

Натижада «Дилдора» МЧЖга қарашли 2 та шохобча томонидан 11,1 миллиард сўмлик ҳамда «Осиё Бухоро газ» МЧЖга қарашли шохобча томонидан 15,1 миллиард сўмлик, жами 26,2 миллиард сўмлик табиий газ яширин равишда талон-торож қилинган. Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.