Қора оғу гирдобида қолганлар
Республика ихтисослашган наркологик илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро филиалида даволанган ва даволанишда давом этаётган беморлар билан суҳбат.
Давид лабларини тишлар, титраб-қақшаб қалтирарди. Милиция ходимлари қаршисида ўзича вайсарди:
«Хумор... хумор тутаяпти... Лаънатлар бўлсин бу оғуни татиб кўрган кунимга. Уни менга берганларга лаънат!»
Ҳа, бу ҳолат ашаддий гиёҳванднинг узуқ-юлуқ сўзлари, ўз қилмишларидан афсус-надоматлари.
Аҳолининг турли қатламлари орасида гиёҳвандлик иллати домига тушиб қолиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Вақтинча роҳат бағишловчи (кўкнор, қорадори, какаин, героин) моддалари одамнинг жисмоний ва ақлий фаолиятини асл ҳолига келмас даражада бузиб, руҳий хасталикка дучор қилади.
Қуйида гиёҳвандлик гирдобига тушиб қолган, сўнгсиз пушаймон чекаётган кимсалар билан суҳбатни ҳавола этамиз. Суҳбат бевосита Республика ихтисослашган наркологик илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро филиалида даволанган ва даволанишда давом этаётган беморлар билан ўтказилди. Беморларнинг оилавий аҳволи инобатга олиниб, уларнинг исм-шарифлари тўлиқ кўрсатилмаган.
И.О., Бухоро шаҳри, 1972 йилда туғилган.
- Сизни гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишга нима мажбурлади?
- Энг бахтли, йўқ-йўқ, энг бахтсиз куним... тўйимнинг эртаси...
- Тушунмадим?
- ... жўралар олдида ғурурим яксон бўлган кун. Тақдиримдан ўкиниб, шу йўлни танладим. Ва ёмғирдан қочиб, дўлга тутилганимни кеч англадим.
- Бу ерга даволаниш учун жуда кўп маротаба келган экансиз?
- Тўғри, мени оғир ҳолатлардан бироз бўлса-да узоқлаштираётган тиббиёт ходимларига раҳмат. Лекин, иродам етмаяпти. Суякларим зирқираб оғриб, оёқ-қўлларимда титроқ пайдо бўлганида, яъни шу моддага эҳтиёж сезганимда ўлимга-да рози бўламан.
- Ахир, иккинчи турмушингиз, болаларингиз бор экан. Уларнинг келажаги сизнинг бугунги тақдирингиз билан боғлиқ-ку?
- ...
- Оилангизни ўйласангиз-чи?
- Улардан кечирим сўрайман. Қандай бўлмасин, қийинчиликларни енгиб ўтиб, қолган ҳаётимни оиламга бағишлашга, тўлиқ даволанишга кўп бор бел боғладим. Бироқ...
И.нинг аҳволи аянчли. Унинг бу йўлдан қайтишига ишониб-ишонмайди киши. Кўп марта ўзида ирода, куч тополмаган бемор энди ўз ҳаёт йўлини қайта изга солиб кета олармикан?
Марказ директори Жаҳон Холовнинг сўзига кўра, ёшлар орасида гиёҳвандлик ҳар йилигига нисбатан ошиб бормоқда. Бундай ҳолат нафақат, оиласи эътиборидан четда қолган, балки ҳаётда ўрнини топиш учун ҳаракат қилаётган ва мол-дунё кетидан қувган ёшлар ўртасида ҳам авж олмоқда.
Навбатдаги суҳбатдошимиз ғиждувонлик Ш.Т. бўлди. Бу «қаҳрамон»имиз ёш бўлишига қарамай, тўрт йилдан буён гиёҳванд моддаларни истеъмол қилар экан. Кичик жуссали, қоп-қора кўз қошли, ҳусндор бу йигитни бу йўлга ким етакладийкин?! Туппа-тузук, кўзга яқин, айни севги ёшидаёқ йўлдан адашган Ш. ўз «дўст»ларини лаънатлайди.
— Тижорат билан шуғулланаман. Жўралар кўп. Бундан бир неча йил бурун товар олиб келиш учун қўшни мамлакатга жўнадик. У ерда аҳвол бизникидан тамоман бошқача. Ҳеч ким билан бировнинг иши йўқ. Савдо учун тижорат маҳсулотларни арзон-гаровга олдик. Буни «ювиш» учун жўралар тўпланишдик. Худди шу кезда атрофимдагилар «ҳалиги»дан ўзларига ўтказа бошладилар. Биринчи марта кўраётганим учунми, негадир, менда бироз қўрқув пайдо бўлди. Ўрнимдан туриб кетмоқчи бўлдим. Улар «йигитчилик»ни ўртага солишди. Орият кучлилик қилдими, ё шайтон йўлдан урдими, мен ҳам ўзимни «кўрсатгим» келди. Илк бор наркотик қабул қилганимда... унга ўрганиб қолдим. Ярим кеча уйқудан кечиб бўлса ҳам уйимдагилардан яшириниб, бизникидан бир тош йўл нарида яшайдиган ўртоғим билан «ҳисоблашиб» келавердим. Оқибатда дўзахга тушиб қолганимни билмай қолибман.
— Тўрт йил давомида истеъмол қилиб келганингизни сезишмаган, бундан ташқари,сизга бу воситани етказиб берувчиларни ҳам наҳотки, кўришмаган?!
— Йўқ, пул жуда кўп. Ҳалигилардан ҳам етарли эди. Хуруж кучаяверса, зудлик билан уни қабул қилардим. Уйимдагилар эса савдода кўп юради, чарчаб қолган, деб ўйлашарди. Аммо, ўтган йилнинг ёзи эди. Оғриқ ярим кечада, кутилмаганда пайдо бўлди. Эндигина уни қабул қилаётган эдим, титроқ зўрлигидан қўлимдаги шприц тушиб кетди. Онам кўриб, қўрқиб кетдилар. Акам эса гапнинг нимада эканлигини тушуниб, роса тепкилаганлар.
— «Тўғри бошга таёқ тушмас» дейдилар...
— Акамдан хафа эмасман. Куйингандан калтакладилар-да! Мен эса ҳурматини қозона олмадим. Онамнинг аҳволини эса таърифлай олмайман.
— Тузалиб кетишингизга ишонасизми?
— Икки йил тўлиқ даволанмоқчиман. Шифокорларнинг айтишича, шундагина тузалиб кетаман.
Ш. билан суҳбатимиз анчагача давом этди. У ўз хатоларини тушунмоқда. Фақат, кўкараётган кезида эгилган ниҳолни яна новдаланаётган чоғида «жўра»лар қайириб қўйишмаса, бас.
Бухоро туманида туғилган О.Ў.ни аввалига 40-45 ёшларда бўлса керак, деб ўйладик. Йўқ, эндигина 32 ёшга кирган бу йигит гиёҳвандлик оқибатида ёшликнинг энг тотли онларини кексаликка бериб қўйибди. Кўзлари остидаги сўниқ қабоқлар, юзларидаги ҳорғинлик ва ташналик киши кўнглини чўктириб юборади.
— Пул, пул сабабчи бўлди ҳаммасига. Пулнинг кўплиги ҳам йигитнинг шўри экан. Пушаймонман, минг-минг афсусдаман.
— Фарзандларингиз борми?
— Икки қизим бор. Эртага остонамга совчилар келишини, фалончи гиёҳванднинг қизи-ку, деган гап-сўзлар бўлишини ўйламабман.
— Касбингиз?
— Савдо билан шуғулланардим.
— Балки, ўзингиз ҳам гиёҳванд моддаларни тарқатишда...
— Йўқ, мен фақат сотиб олиб истеъмол қилганман.
О.нинг озиб кетган жуссаси, бўртиб чиққан қўл томирлари, ундаги игна излари, нигоҳларидаги пушаймонлик доғлари ёшликдан бенасиб «қария»ни эслатарди.
Беморлар билан суҳбатлашиб чиқсак-да, дилимизда яна бир талай саволлар қолди. Хўш, бундай ҳолатларнинг камайиш ўрнида ортиб бораётганининг боиси нима?
«Гиёҳвандлик домига асосан, 14-20 ёшдагилар тушиб қолмоқда. Бу ёшдагилар ниҳоятда қизиқувчанлиги, катталарга эргашувчанлиги, ўзининг ҳар ишга қодир эканлигини намойиш этиш мақсадида ўйламай-нетмай, шу ишга қўл урадилар. Балоғат ёшидагиларнинг ҳатти-ҳаракатини назорат қилиб туриш, нафақат, ички ишлар идоралари, балки, ота-оналар, мактаб, коллеж жамоаси, шунингдек маҳалла-кўйнинг ҳам вазифасидир. Энг ачинарлиси, гиёҳвандлик билан боғлиқ ҳолда содир этилаётган жиноятларнинг учдан икки қисми 30 ёшгача бўлганларга тўғри келади. Ота-оналарнинг ҳам ичкиликка муккасидан кетиши болаларни хавфли иллатлар сари етакламоқда. Гиёҳвандликка берилган кишилар одамийлик, инсонпарварлик, қон-қариндошлик ришталарини, ор-номус, урф-одат ва мулозаматларни бутунлай унутади. Раҳм-шафқат, меҳр-оқибат туйғуларидан узоқлашиб кетади. Кимдир тўқликка шўхлик қилиб бу йўлга кирса, бошқаси ўзи билмаган ҳолда алдовлар натижасида бу йўлга кириб қолади. Гиёҳвандлик балоси инсоният учун ижтимоий хавфли ва оғир оқибатларга олиб келадиган турли жиноятларга, шунингдек, пала-партиш, тартибсиз ҳаётга, яъни зинокорликка бошлайди», — дейди Жаҳон Холов .
Навбатдаги ёш суҳбатдошимиз эса бу йўлга қандай кириб қолгани ҳақида сўзлайди.
«Ота-онам ўтгач, икки акам билан ҳовлида қолдик. Мактабни тугатганимдан сўнг янгамларнинг сиқуви билан кўчада қолдим. Акамларни ҳам менинг тақдирим қизиқтирмасди. 19 ёшга етмай туриб, пойтахтга ишлаш учун бордим. Сомсапазга ёрдамчи бўлдим. У уйига олиб кетар, қорнимни тўйғизар, уст-бошимга қарарди. Айни қизиққон ёшдаман. Меҳрга, яхши сўзга муҳтожман. Ҳар куни оиласида жанжал чиқадиган сомсапаз шефим эса бир куни асабий аҳволда саҳар билан ҳовлисидан чиқиб кетди. Ёш аёли эса мени ноз-қарашмалари билан ўзига боғлаб қўйди. Бу қандай содир бўлди, ўзим ҳам англолмагандим ўшанда. Аммо, бора-бора, шефимнинг аёли билан хуфёна учрашувлар ортиб бораверди. Кунларнинг бирида аёл мени барзанги-барзанги танишлари билан учрашувга олиб кетди. У даврада «чилим» айланди. Татиб кўришга мени ҳам мажбурлашди. Ман эса боши берк кўчага тушиб қолгандим. Ҳам гиёҳвандликка, ҳам қизларга берилиб кетдим. Оқибат ҳам СПИДга чалиндим, ҳам қора оғу гирдобида қолдим. Шефим эса ўз уйида хиёнат қайнаганидан хабарсиз эди. Аҳволим оғирлашавергач, сомса сотишга ҳам ярамай қолдим. Шундай кунларнинг бирида Қуйлуқ бозорда тоғамнинг ўғлини учратиб қолдим. Дардимни тўкиб солдим. У мени қўярда-қўймай, Бухорога олиб келди. Мана шу шифохонага топширди. Ҳам ОИТС марказида, ҳам ушбу диспансерда даволанаяпман. Етимнинг қисмати оғир экан. Айниқса, на отаси, на онаси бўлса. Қолган ҳаётим қандай давом этади, билмадим. Аммо, билганим шу... гоҳида барибир, эртами-индинми, ўламан-ку, деган ҳақли оғриқ эзиб юборади. Елкамда ҳам кечирим бўлмас дард – гуноҳ бор. Ана шундай пайтларда менга шифокорлар ва тоғамнинг ўғли далда бўлаяпти. Ҳозирча яшайверай-чи...», — дейди Бухоро шаҳрилик 22 ёшли М.Ш.
Республика иктисослаштирилган наркология илмий амалий тиббиёт маркази Бухоро филиали илмий ишлар ва ташки алокалар бўйича директори ўринбосари Азамат Файзиевнинг маълум қилишича, сурункали алкоголизм ҳамда гиёҳвандлик касаллигига чалинган шахсларни аниқлаш ва диспансер назоратига олиш бирламчи касалланиш ошган. Ўтган йилнинг мос даврига қадар жорий йилда «Д» рўйхатга олинганлар сони 200 нафардан 214 нафарга ошган. Бирламчи касалланиш 7 фоизга кўпайган.
«Бошқа касалликлардан фарқли ўлароқ, гиёҳвандлик ва алкоголизм касалликларининг ижтимоий хавфи юқорироқ. Ваҳоланки, улар бир пайтнинг ўзида атрофидаги 10-15 кишини ўзининг сурункали хасталиги домига чорлайди. Демак, уларда қўштирноқ ичида «кенгайиш» кучлироқ. Шундай вазиятда ҳам беморларни аниқлашда тажрибали нарколог шифокорларнинг билим савияси жуда қўл келади. Уларнинг тажрибали ёндошувлари билан вилоятдаги 7 та туман ва филиалда пунктлар ташкил этилди. Филиал бўйича 2022 йил 6 ойида 2612 нафар фуқаро шулардан 174 нафари аёллар. 2023 йил 6 ойида эса 350 нафар фуқаро шулардан 19 нафари аёллар олиб келинган ва ёрдам кўрсатилган. Шофиркон, Пешку, Ромитан, Қоровулбозор ва Когон туманларида наркологик беморларни аниқлаш ва назоратга олиш ишлари эса суст олиб борилган», — дейди Азамат Файзиев.
Суҳбатдошнинг айтишича, ихтиёрий даволанишдан бош тортган наркологик беморлар билан мажбурий даволаш режаси тузилади. Шу асосда мажбурий даволанишга ётқизилади. Ҳозирги кунда филиалда 92 ўринга мўлжалланган мажбурий даволаш бўлими, 75 қатновли амблатория, 25 қатновга мўлжалланган кундузги стационар ва 20 ўринли тибби-ижтимоий реаблитация бўлими мавжуд. Бўлимда беморлар якка, гуруҳ, оилавий психотерапия усуллари билан орқали даволанади. Психотерапевтик машғулотлар олиб борилади. Мажбурий даволаш курси тугаган беморлар реабилитацион тадбирларни давом эттириш учун амбулатор дастурга кўчирилади. Мажбурий даволаниш бўлими ИИБ қўриклаш бўлими ходимлари томонидан қўриқланади.
«Хўш, гиёҳвандликка бошловчи асосий мезон қаердан бошланмоқда? Кўча-кўйданми, маҳалладанми, оиладаги тарбияданми?! Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, ёши катталарнинг билиб-билмай қилаётган оддийгина ҳатти-ҳаракати ҳам ёшларни гиёҳвандликка етакловчи омил бўлиб хизмат қилади. Сигарета харид қилишга дўконга жўнатаётган ота боласининг шунчаки қизиқиш сабаб яширинча уни татиб кўрмаслигига, кейинчалик кашандаликка ружў қўймаслигига, бу қизиқиш бора-бора уни гиёҳванд моддаларни ҳам истеъмол қилишга ундамаслигига кафолат бера оладими? Йўқ, албатта! Ўзида жуда кўплаб зарарли моддаларни жамлаган бу оддий кўриниш қанчадан-қанча инсонни ўзи томон тортиб бораяпти. Афсуски, уни харид қилишга ундаётган катталар ҳам, ёшлар ҳам, ҳатто дўкондорлар ҳам катта хатога йўл қўяётганликларини тушунишни истамайдилар, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги Бухоро вилояти ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Шавкат Раҳмонов, — Бу албатта, бундай муаммоларнинг олдини олиш борасида амалга оширалаётган ишларимизнинг натижасиз эканлиги, дегани эмас. «Гиёҳвандлик-келажакка таҳдид», «Умрингни хазон этма» сингари лойиҳаларимиз борки, бу эндигина чекишга ўрганаётган ёшларнинг нотўғри йўлдан қайтишларида катта ўрин тутмоқда. Ёшлар шуни унутмасликлари керакки, улар учун энг муҳим вазифа — юртнинг асл фарзанди бўлиш. Улар орасида олиб бораётган тарғибот-ташвиқот ишларимиз ҳам айнан ёшларнинг ўз келажакларини барбод этишдан асровчи муҳим кўприкдир. Ёмон иллатлардан, умрни хазонга айлантирувчи турли-туман воситалардан сақланиш шарт!»
Лайло Ҳайитова