Самарқандда 4 нафар йигит сув омборида чўкиб кетди

Улашиш:

Шанба куни Каттақўрғон сув омборида қайиқ ағдарилиб кетиши оқибатида 7 нафар йигитдан 4 нафари чўкиб кетди. Ҳозиргача бир йигитнинг мурдаси топилган, қолганлари қидирилмоқда. Ҳолатга йигитларнинг фотосуратга тушиш мақсадида тартибсиз ҳаракатлар қилгани сабаб бўлган.

30 июль куни Каттақўрғон сув омборида 4 нафар йигит чўкиб кетгани аниқланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи ва Кўкдала туманларида яшовчи 7 нафар фуқаро Самарқанд вилоятига — Нуробод тумани «Пўлат» маҳалласида яшовчи таниши М.М.нинг туғилган кунини нишонлаш мақсадида борган. Шу куни соат тахминан 17:30 атрофида маҳалладан ўтувчи Каттақўрғон сув омборига чўмилиш мақсадида бориб, у ердаги қайиқда сув омбори қирғоғидан тахминан 40 метр узоқликка сузиб боришган.

Шу пайтда қайиқ устида фотосуратга тушиш мақсадида тартибсиз ҳаракатлар қилишгани сабабли мувозанатни йўқотиб, қайиқ ағдарилиб кетган. Оқибатда уларнинг 4 нафари — 21, 25, 22 ва 21 ёшли йигитлар чўкиб кетган, 3 нафари қирғоққа сузиб чиқа олган.

Олиб борилган қутқарув ишлари давомида 1 нафар шахснинг мурдаси топилган, ҳозирда қолганларини қидирув ишлари олиб борилмоқда.

Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган, дейилади хабарда.

Маълумот учун: 

КАТТАҚЎРҒОН СУВ ОМБОРИ — гидротехника иншооти, Ўзбекистонда биринчи қурилган сув омбори. Каттақўрғон ш. яқинида табиий чуқурликда барпо этилган. Каттақўрғон сув омбори Зарафшон водийсидаги экин майдонларини сув билан таъминлайди ва Зарафшон (Қорадарё) дарёси сув режимини тартибга солади, сел ва тошқин сувларини жамғаради. 1940—51 й. лар давомида қурилиб, фойдаланишга топширилди. Каттақўрғон сув омборининг асосий иншооти комплекси сув чиқаргичли тўғон, сув келтириладиган ва сув оқиб кетадиган каналлардан иборат. 

Каттақўрғон сув омбори суви билан Самарқанд, Бухоро вилоятларидаги 94 минг га ер суғорилади ва 150 минг га ернинг сув таъминоти яхшиланган. Каттақўрғон сув омбори суви канал билан Қорадарёга қуйилади. 



2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.