Самарқанд вилоятида тўрт нафар маст киши кўчада бир қизни ушлаб, калтаклаб, уйига судраб киришган ва гуруҳ бўлиб зўрлашган. Участка инспекторининг компетентсизлиги сабабли, ариза воқеа содир бўлганидан уч кун ўтгач қабул қилинган, натижада иш фақат зўрловчилардан бирига нисбатан қўзғатилган. Бу ҳақда зўравонликка қарши "Немолчи" лойиҳаси хабар бермоқда.
Журналистларга 2023-йил 15-июль куни тўрт нафар қўшниси томонидан зўрланган қизнинг ота-онаси мурожаат қилишган. Бу Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида содир бўлган. Қариндошларининг сўзларига кўра, ўша куни қиз 300 метр нарида жойлашган қариндошиникига бораётган бўлган. Йўлда у ҳамқишлоғи Қадам Турсуновнинг уйи олдида бир гуруҳ маст одамларни кўриб қолган.
У эркакларга рўпара бўлмаслик учун йўлнинг нариги томонига ўтган. Аммо Қадам унинг қўлидан ушлаб, унга Санъат Ашуров (илгари судланган) қўшилган. Уни мажбуран уйга судраб олиб киришган, калтаклашган, кейин Ашуров қизни зўрлаган, сўнгра Қадам Турсунов ва Сирож Турсунов зўравонликни давом эттиришган. Қиз қаршилик кўрсатмаслиги учун томоғига пичоқ тирашган.
Бироқ, маст эркаклар учун бу камлик қилган: Қадам дўсти Парда Саломовни зўрлашга қўшилиш учун чақирган. Кейин жабрланувчи яна калтакланган ва унга жим туриш буюрилган. Акс ҳолда ўлдирилиши айтилган.
Шундан сўнг, шок ҳолатида ва кўйлаги қонга бўялган қиз қариндошининг уйига етиб борган. Қариндоши дарҳол ота-онасига қўнғироқ қилган, улар маҳалла қўмитаси раиси билан боғланиб, участка инспекторининг телефон рақамини олишган.
Жабрланувчи яқинларининг сўзларига кўра, участка инспектори ҳозирда дам олиш кунлари экани, душанба куни келишларини айтган. Аммо, душанба куни ҳам уларга экспертиза учун йўлланма бермаган. Прокуратурага мурожаат қилишга тўғри келган, шундан кейингина 18-июль куни суд тиббиёт экспертизаси ўтказилган.
Участка инспекторининг ҳаракатсизлиги ва компетентсизлиги туфайли зўрланишдан кейин уч кун йўқотилган, гарчи бундай ишларда экспертиза тезкорлиги муҳим аҳамиятга эга. У ишни шунча ортга "тасодифан" сурганми? У яна қанча зўрлашларни ёпиб келган? Нега у учун зўравонларнинг обрўси адолатдан муҳимроқ? У ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида қандай ишлаши мумкин?
Афсуски, бу ҳали ҳаммаси эмас. Жабрланувчининг қариндошлари маълум қилишича, 24-июль куни экспертиза натижалари эълон қилинган ва биоматериалларда бир нечта намуналар топилган бўлса–да, иш фақат илгари судланган Санъат Ашуровга нисбатан қўзғатилган. Каттақўрғон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари фақат қамоқда ўтириб келган кишини айбдор деб топишга қарор қилишганга ўхшайди. Ахир, гуруҳ бўлиб зўрлаш учун кўпроқ муддатга қамалиш мумкин. Санъатга Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми (зўрлаш) бўйича айблов қўйилган, у 5 йилдан 8 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши кутилмоқда.
Қизнинг яқинлари айтишича, қолган зўравонлар жиноий ишга жалб қилинмаган. Кадам ва Сирож ғойиб бўлишган, улар Россияга ишлаш учун кетган бўлиши мумкин. Россия шаҳарларида улар томонидан қизларга қилинган ҳужумлар ҳақидаги хабарларни эшитишимиз ажабмас. Жабрланувчининг қариндошлари адолатга эришиш учун барча идораларга шикоят қилишмоқда.
Бош прокуратурадан ишни назорат остига олишни, шунингдек, Самарқанд вилояти ИИБ фаолиятини текширишни сўраймиз. "Немолчи" лойиҳаси муаллифларининг таъкидлашича, мазкур бошқарма узоқ вақтдан бери аёлларга нисбатан зўравонликни яшириш, компетентсиз текширувлар ва зўрлаганларни жазолашни енгиллаштиришга уринишлари билан машҳур.
Эҳтимол, Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси зўрлаш бўйича статистикани камайтиришга ҳаракат қилмоқда. Бироқ, раҳбарият “тинчитишга” уринишлар зўравонликнинг кучайишига олиб келишини тушунмаётганга ўхшайди, чунки одамлар зўравонлик учун жазодан қочиш ёки енгилроқ жазо билан қутулиш мумкинлигини кўришмоқда. Аммо Самарқанднинг айнан шу идораси пешона терини тўкиб, ҳовузларда рақсга тушган қизларга қарши курашиш билан овора...