Бухоролик «Исломий жиҳод иттиҳоди» раҳбари 15 йилга қамалди

Улашиш:

Салкам ўн йил қидирувда бўлган Ҳайдар Эргашев суд ҳукми билан15 йилга қамалди.

 «Бугун суд очиқлик талаб қилади. Баъзан оммавий ахборот воситаларида Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан бериладиган ҳукмлар эълон қилинаётганда, айбдорнинг исми-шарифи сир тутилади. Бу галги суд ишида эса барча исм-шарифлар тўлиқ очиқланади. Ҳайдар Эргашев - «Абдулҳай» лақаби остида «Исломий жиҳод иттиҳоди» диний экстремистик оқими (ДЭО)га раҳбарлик қилиб келган. «Каменск-Уральский жиҳодий жамоати» аъзоси. Сепаратистик, фундаменталистик ва ақидапарастлик ғоялари билан бойитилган маъруза, эслатма ва қўшиқлар  тарғиботчиси. Халқаро террористик ташкилотлар бирлашувидан ташкил топган «Ироқ Шом Ислом Давлати» халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилиш, махсус ўқувдан ўтиб, қуролли гуруҳлар билан Ироқ ва Сурия давлатларидаги террорчилик ҳаракатларида иштирок этиш ва бутун дунёда халифалик қуришни режалаштириш жиноятини содир қилган. Салкам ўн йил қидирувда бўлган ва шу давр мобайнида Сурия давлатида Ўзбекистонга бениҳоя бузғунчилик уруғини сочиб келган бу шахс 2022 йилда ушланган. Суд-тергов жараёнлари узоқ давом этди. Ҳайдар Эргашев бу даврда тергов ҳибсхонасида сақланди ва унга нисбатан 15 йил муддатга қамоқ жазоси тайинланди»,- деди Бухоро вилоят суди судьяси Шуҳрат Тўхтаев.

Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман суди биносида Алишер Ўралов раислигида бўлиб ўтган суд 10 йиллик террор қидирувига чек қўйди.

2014 йилда Бухоро вилояти, Ромитан туманидаги  «Хоса» МФЙ, Хоса қишлоғилик 37 ёшли Ҳайдар Эргашнинг сирли равишда «ғойиб» бўлгани кўпчиликни эсанкиратиб қўйган. Айниқса, унинг яқин қавм-қариндошларини. Нега?! Чунки, ғойиб бўлганидан чўчишгани унинг исталган пайтда истаган жойида пайдо бўлиб қолиб, уларга зиён етказиши мумкинлиги хавотири бўлган. Ҳайдар Эргаш салкам юзга яқин яқин қариндош, уруғ-аймоқларини алдаб, «жиҳод»  йўлига бошлаган. Уларнинг Сурия ва Ироқ давлатларида жангарилар қаторида туриб, кейинчалик хўрликда яшашларига сабабчи бўлган.

«Жиҳод» найрангига учган қариндошлар

2014 йилда Ҳайдар Эргашнинг тузоғига хамирдан қил суғиргандай илинган яқин хешу тобор, қуда-андалар ва бошқалар бузғунчи мафкура таъсирига тушиб, диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ташкилот фаолиятида иштирок этиб келишгани учун Жиноят ишлари бўйича Вобкент туман суди олдида жавоб беришган. 

Маълумотларга кўра, 1977 йилда туғилган Ҳайдар Эргаш ўқувчилик пайтидан бошлаб, тожикистонлик домланинг ҳужрасида сабоқ олиб келган. Мадраса ёшига етганидан сўнг Бухоро шаҳридаги Мир араб мадрасасида диний таълим олган. 1992 йилда тожикистонлик домла уни 3 ой Тожикистонга олиб кетган ва у ерда ҳам дарс берган. Мадрасани тамомлагач, иккита масжидда имом ёрдамчиси бўлиб ишлаб келган.

«У шундай бўлганки, бир марта моддий қўллаб-қувватланиб, «сигнал» олса, тамом, ота-онаси ва оиласи тугул, ўзи туғилиб ўсган юртни ҳам алғов-далғов қилишга тайёр эди...»,-дейди Ҳайдар Эргашдан жабрланган Суҳроб Солиев.

Атрофини дини ва Ватани тайинсиз йигитлар «ўраб» олган Ҳайдар 2012 йилда турмуш ўртоғи Нилуфар Қурбонова билан биргаликда РФнинг Свердловский вилояти, Каменск-Уральский районига ишлашга кетган. Бу ерда у ҳамқишлоғи Яшин Ҳамроевнинг уйига жойлашиб, унинг компьютери орқали «Жиҳодчилар»дан сабоқ чиқара бошлаган.  Ўзининг ёлғон иддаоларига ишонган айрим шахслар, айниқса, ёшлар ва яқинларининг ҳаётининг барбод бўлишига олиб борувчи ҳаракатларни амалга оширган. У ўзининг турмуш ўртоғи, ака-укаси, опа-сингил ва жиянлари, синфдошларини гўё Каменск-Уральский районига қурилишда ишлаш ва кўп даромад топиш учун чақирган. Ва бу ерда у жиҳодчиликнинг мафкуравий раҳнамоси бўлган турли лақаблар остидаги таъқиқланган 78 та дарсликларни тинглашга мажбурлаган.

Суд ҳужжатларига кўра, жуда кўп яқин қавмлар амаки ва тоғалари томонидан қатъий тартибда ўрнатилган диний муҳитда қийин-қистов билан яшашга мажбур бўлишган. Аёллар ҳижоб кийишга, йигитлар намоз ўқишга мажбур қилинишган. Диний талқиндаги видеороликларни томоша қилиб, маърузаларни муҳокама қилишга ҳам руҳан, ҳам жисмонан зўрлаб, уриб, калтакланишган. Уларни мияларига мажбуран сингдиришга уринишган.

«Мен ва бошқа қариндошларим Камчатка шаҳри, «Бохнияка» кўчасидаги кўп қаватли уйлардан бирида жойлашган мусулмонлар масжидида мажбурий ва яширинча сақлаб келиндик. Айниқса, кейинчалик орамизда пайдо бўлиб қолган тожикистонлик Наим Муҳаммад исмли шахснинг бизни ижара уйда ҳуқуқларимизни поймол этиб келгани ҳаммасидан ошиб тушган»,- дейди Суҳроб Солиев.

«Исломий жиҳод иттиҳоди»га раҳбар бўлган имом ёрдамчиси

Олиб борилган суд-тергов жараёнларида кўплаб муҳожирлар ертўлаларда таълим олишга мажбурланиб келингани аниқланган. Ўзбекистондаги Конституциявий тузумни «жиҳод» йўли билан ағдариб ташлаш ва «Халифалик» давлатини ўрнатиш билан боғлиқ жиноий режа тузиб, турмуш ўртоқлари, ака-укалари, жиянлар ва ҳамқишлоқлардан иборат «Исломий жиҳод иттиҳоди» диний экстремистик оқимини тузишган.

Суҳроб Солиевнинг ҳаддан ташқари қайсарлиги сабаб уни «Бохнияка»даги кўп қаватли уйларда қўл телефонсиз, оч ва қийин аҳволда қолдиришган. «Тўда»дан чиқиб кетиши учун Аскар Собиров унга Камчаткадаги «Райфайзен» банкидан «Золотая корона» пул ўтказиш тизими орқали исми-шарифи қайд этилган шахсга 1000 АҚШ доллари жўнатишини талаб қилади. Суҳроб эса бу пулни нима мақсадда жўнатаётгани сабабини суриштирмайди. Муҳими, Ҳайдар кўринмайди. Тинчгина ишлаб, ўз даромадини топса, бас. Афсуски, орадан кўп ўтмай, Суҳроб тоғаси Аскар билан бўлган суҳбатда саросимага тушиб қолади. У Суҳробга «қайсарли қимматга тушгани»ни эслатиб қўяди. Қўл телефони орқали интернет тармоғидан Сурия ва Ироқдаги жангларда туширилган мусулмонларнинг аянчли фотосуратлари ва видеороликларини кўрсатиб, мусулмонлар жиҳод қилаётганини, уларга моддий кўмак зарурлигини, Ҳайдар ҳам, унинг хотини Нилуфар Қодирова ҳам айнан, Сурия ва Ироқ давлатига жиҳод учун  кетганлигини, ачинарлиси, унга жиянининг қўли билан маблағ жўнатганини билдиради...

Орадан кўп ўтмай, Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари бу моддий таъминотнинг «миси»дан хабар топишган. Ва ишга даҳлдор, яъни «Исломий жиҳод иттиҳоди» диний экстремистик оқим (ДЭО)нинг «Каменск-Уральский жиҳодий жамоати»га аъзо барча қавм-қариндош ва ҳамқишлоқлар суднинг қора курсисига ўтиришган.

«Ушбу жамоатга аъзо бўлмаганим, диний амалларни бажаришдан бош тортганим эвази ҳам барибир, тоғам ва амакимнинг қармоғига мени «чув» туширганди. Бир умрга мени ёмонотлиқ қилди. Фарзандларим касримга қолди. Аммо, хурсанд бўлганим шу – ўз аёли, фарзандлари ва хеш-тоборларни ёт элларда хор қилган нарангбозларнинг ўйинлари фош этилди»,-деган жазони ижро этиш муаассасини ўтаб чиққан Суҳроб Солиев. 

Суд ҳужжатларига кўра, 2013 йилда Ҳайдар Эргаш «Екатеринбург» халқаро аэропорти орқали учган самолёт билан «Самарқанд» халқаро аэропортига келган. Хотирасида таъқиқланган диний материаллар бўлган юзга яқин флешкарталарни божхона назоратидан яширган ҳолда Ўзбекистон Божхона чегарасидан ўтказишга эришган. Бухорога келгач, флешкарталарда мавжуд маърузаларни онаси Бахшан Ғайбиллоева орқали ҳам тарқатишга эришган. Маърузаларнинг нечоғли ислом динига тааллуқли ёки тааллуқли эмаслиги фарқига бормаган Бахшан Ғайбиллоева ҳам уларни тинглаган ва ўғлининг изнида юрган. Ўз ўғлининг экстремистик ҳатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган она невараларини ҳам мажбурлаб, невараларини уйдан ҳайдаш билан қўрқитиб келган.

Ўзи туғилиб ўсган Ромитан туманида бир неча ой бўлган Ҳайдар Эргаш «Исломий жиҳод иттиҳоди» ДЭО жамоати атрофида кўпчиликни бирлаштирган. Ушбу жамоат орқали  аҳоли ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ўртасида ваҳима чиқариш мақсадида пахта пунктларидаги пахталарни ёқиб юборишни кўзлаган. Ўз жамоатдошларига аҳоли гавжум бўлган жойларга «жиҳод» бошлаш ҳақидаги даъватлар ёзилган плакатларни ва «жиҳод» байроғини илиб чиқишни буюрган. Ромитан туманидаги моддий жиҳатдан бой бўлган шахсларни, банкирларни ўғирлаб, уларни озод қилиш эвазига оила аъзоларидан катта миқдорда пул талаб қилиб олиш амалларини   бажариш пайига  тушган.

Бироқ, ҳали жамоатдошларининг аҳоли ва давлат идоралари ўртасидаги тўқнашувларга тайёр эмаслигига амин бўлган ва яна Россияга қайтган.

«Ағдар-тўнтар»га жанговар тайёргарлик

Ҳайдар Эргаш Каменск-Уральский районининг марказий майдонига ўзи пневматик қуролидан отишни машқ қилиб, ўзида қурол билан муносабатда бўлиш кўникмасини шакллантирган. Шундан сўнг Россиядаги ўрмонларидан бирида жамоат аъзолари «ПМ» тўппончаси, Калашников автомати, Ф-1, РГД-5 гранаталари, ПКМ пулемёти ва ишлатилиши ҳақида дарс берган. Уларнинг тузилиши, жанговор хусусиятлари, тўлиқ ва нотўлиқ қисмларга ажратиш, уларни қайта йиғишни ўргатган. Пешин ва кечки вақт араб миллатига мансуб шахслар томонидан «жиход»га жанговор тайёргарлик кўришган. Ва худди шу ҳаракатларнинг Ромитан туманида ҳам ўтказилишини таъминлаб турган.

У Россияда туриб, Ромитан туманидаги жанговар тайёргарлик кўрган аъзоларни белгиланган вақтда «ағдар-тўнтар»га бошлашга чақирган. Орадан кўп ўтмай, укаси Собир ва Умар қўнғироқ қилиб, Ўзбекистонда вазият қалтислигини, ҳуқуқ-тартибот идоралари  томонидан қатъий тартибда назорат амаллари олиб боришаётганини тушунтиришган.

Суриядаги йўлбошчиларининг топшириғини адо этолмаган Ҳайдар Эргаш уларга «жиҳод» учун Сурияга жўнаб кетишини маълум қилган. Жуда кўплаб одамлардан «жиҳод» учун йирик миқдорда пул ундирган.  Ва хотини, фарзандини олиб, аввал Россия-Молдова-Туркия авиайўналиши бўйича Истанбул шаҳрига йўл олган. Сўнгра улар Сурияга жўнаб кетишган.

«Абдулҳай»га айланган Ҳайдар Эргаш

 Жиноий режага мувофиқ, Сурияда «Исломий жиҳод иттиҳоди» ДЭОнинг «Ал Бухорий» жамоати жангарилари сафига қўшилишга эришган. Ҳайдар Эргашга «Абдулҳай» лақабини беришган. 

«Абдулҳай» ўзининг интернетдаги профилларига «Оллоҳнинг нусрати яқин» ва «Katiba Buhariy Ahmad Teror» деган ном қўйиб, эгнида ҳарбийча либос, ўзида кўзойнак ва қўлида калашников автоматини ушлаган ҳолда тушган фотосуратини жойлаштирган.

Суриянинг Идлиб вилояти Кафар-рохун қишлоғида жойлашган «Катибат-ул имом Бухорий» халқаро террористик ташкилотида иштирок этган.  У «Салмон» лақабли наманганлик Маъруф Қамбаров қўл остида «муаскар» (махсус жанговор тайёргарлик)ни ўтаган. «Абу Холид» номли шахс томонидан «жиҳодий» эслатмалар, «жиҳод», «шаҳидлик» ва «ҳижрат»га тарғиб этувчи шеърларни ёд олган. Ҳар томонлама «пишиқ» террорчига айланган Абдулҳайга Суриянинг Ҳалаб вилоятида президент Башар Асаднинг армиясига қарши жангга қатнашиш буюрилган. У жанг давомида «Шарқий Туркистон Исломий партияси» террористик ташкилоти сафидаги «Аҳли сунна» деб номланган гуруҳ сафига ҳам қўшилган. Ва бу ҳайдовчилик вазифасини бажариб келган. Бироқ, Башар Асад кучлари унга қаршилик кўрсатишда давом этаётган мухолифат кучларидан устун келган. 

«Бу ҳарбий ҳаракатларда  кўпроқ тинч аҳоли вакиллари жабр кўришарди. Одамлар бошпаналарини тарк этишга мажбур бўлишарди. Ҳатто, Туркия давлати чегаралари томон қочишарди. Ана шундай хунрезликларни кўргачгина кўр кўзларим очила бошлади. Ўз қавмларимни ва яқин танишларимни қанчалар зулмларда қолдирганимни англаб етдим. Аммо, кеч бўлганди... »,-деган Ҳайдар Эргаш суд давомида.

Узоқ йиллар жангариликда умргузаронлик қилган Абдулҳай ўз оиласини ҳам, бошқа яқин қавмларининг ҳам ҳаётини хавф остига қўйиб келган. Сурияда дом-дараксиз ёхуд кутилмаганда «кўринмай қолган» қариндошларини, ҳатто, изламаган ҳам.

2015 -2016 йилларда турмуш ўртоғи билан Ҳалаб вилоятининг Кафар-наҳ номли қишлоғида ҳам истиқомат қилиб келган. 2016 йилда «Ал Бухорий» жамоати амири Абу Салоҳ Абдулҳайга жанг линиясида жойлашган Кафар-ҳамрадаги оилаларни Идлиб вилоятининг тоғли ҳудудида жойлашган Қалби-ловзи қишлоғига кўчириш ҳақида буйруқ берган. Оралиқ масофа 100 километрдан узоқликда жойлашган Қалби-ловзи қишлоғига Абдулҳай жамоатнинг 30 та оиласини кўчириб олиб боришини, мазкур жамоатда 100 тадан ортиқ ўз қавм-қариндошлари ва танишлари борлигини маълум қилган.   

Абдулҳай (Ҳайдар Эргаш) жамоат аъзолари билан Қалби-ловзи қишлоғида қўним топиб, жанговарлик ҳаракатларини олиб боришаётган кунларда жамоат  амири Абу Салоҳнинг Туркия давлати Истихбороти билан ҳам алоқадорлиги борлиги, хусусан, шу Истихборотдан  молиявий ёрдам олиб туришини эшитиб қолади. Абдулҳай Абу Салоҳдан бунга изоҳ беришини талаб қилади. Абу Салоҳ эса унга бу ҳақида кейин алоҳида суҳбат қилишини айтади.

Бироқ, орадан икки-уч кун ўтиб, Абу Салоҳнинг кўрсатмаси билан кечги вақтда Абдулҳай уйда турмуш ўртоғи билан ётган вақтида уни жангарилар босиб олиб кетишган. Абдулҳайга «Ўзбекистоннинг жосуси» ва Абу Салоҳни ўлдирмоқчи бўлгани ҳақида уйдирмалар қилишган. Шундан сўнг Абдулҳай «Ҳайъати таҳрир аш-Шом» жамоатининг маҳкамасига топширилган. У  Идлиб вилоятининг Араб Саид номли қишлоғида жойлашган жамоатнинг марказий қамоқхонасида 11 ой давомида сақланган. 11 ой давомида унинг қавм-қариндош ва яқинлари жисмоний азобларга солинган. Бу орада унинг хотинини ҳам яшириб, Қалби-ловзи қишлоғидаги бева аёллар турадиган жойда сақлаб келишган. Абдулҳайнинг қамоқдан қутилишига «Ҳайати таҳрир аш-Шом» террористик ташкилоти аъзолари ёрдам беришади. Шунда Ҳайдар Эргаш «Абдулҳай» лақабидан воз кечганини билдиради.

Ўлимдан қочиб...

2018 йилда Суриядаги террористик жамоатлар ўртасида ўзаро низолар пайдо бўла бошлайди. «Ҳайати таҳрир аш-Шом» террористик ташкилоти аъзолари Ҳайдар Эргашни Идлибнинг шарқий қисмида жойлашган ўзбек миллатига мансуб шахслар яшамайдиган Сармин қишлоғига кўчиртиришади.  Бу вақтда бошқа бир жамоат томонидан Абу Салоҳнинг турмуш ўртоғи ва боласи  ўлдириб кетилган бўлади. Абу Салоҳ бу қотилликни Ҳайдар Эргашдан кўради ва уни ўлдириш кераклиги бўйича фатво беради. Абу Салоҳининг «Абу Холид», «Яҳъё», «Сайфуллоҳ» ва бошқалар Ҳайдар Эргашни ўлдириш учун излаб келишади. Бироқ, унинг  Сармин қишлоғига оиласи билан қочириб юборилгани ҳақида сир сақлашади.  Бир неча йил қийинчилик ва зулмлар остида турмуш ўртоғи билан қолган Ҳайдар Эргаш Сарминдан бошпана излаган ва  деҳқончилик ортидан тирикчилик қилишга мажбур бўлган.

2020 йилда Ромитан туманидаги ҳамқишлоғи Яшин Ҳамроевнинг ёрдами «Фуа Кафария» қишлоғига кўчиб ўтган. Бирор бир жамоатга аъзо бўлмаганлиги сабабли Ҳайдар Эргаш 8 ой давомида қамоққа сақлаб турилади. «Аҳли сунна» номли жамоат таркибига киргандан сўнггина у озодликка чиққан ва жангари ишларга жалб этилган. Яна унинг зиммасига Ўзбекистондаги жамоат аъзолари билан боғланиб, мамлакатда «ҳукумат”ни ағдарадиган ишларни амалга ошириш, одамларни «жиҳод»га чорлаш ва улардан «закот» ундириш амалларини бажариш мажбурияти юкланади. Ҳайдар Эргаш бу топшириқларни адо этиш пайига тушади ва 2014 йилда кўп яқин қариндошларининг бошига кулфат солиб кетгани унинг қишлоқдаги «мартаба»сини анча тушириб қўйган эди. Шу боис, сўзлашувлари зое кетади. Зеро, бу пайтда унинг Ўзбекистонда қидирувда экани, Суриянинг турли вилоятлари ва чекка қишлоқларида кўчиб қочиб ўтишлари, жангарилар қаторида ёт ерлардаги отишмаларда, урушларда қатнашиб келаётгани маълум эди. Шунга қарамасдан, у Сурияда содир этилаётган «жиҳодий» видео-роликларни, «ҳижрат, жиҳод, шаҳидлик» ҳақидаги маъруза ва мақолаларни доимий равишда Бухородаги бошқа қавм-қариндош ва танишларига ташлаб турган.

Ҳайдар Эргаш қўлга олинди

Умри давомида барча ҳатти-ҳаракатлари, жумладан, Ўзбекистоннинг амалдаги давлат тузуми ўрнида, «Халифалик Ислом давлати» барпо қилишга очиқдан-очиқ даъват қилиш, одамлар орасида муросасизлик ва нифоқ келтириб чиқариш,  диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилиш, фуқаролар тотувлигини бузиш, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш, жамоат хавфсизлигига таҳдид солиш, давлат идораларини портлатиш ва ҳукуматга зиён етказишдек режалари барбод бўлиб келган.

У 2022 йилда Туркия ҳаво йўллари орқали Ўзбекистон пойтахтига келиб қўнганда, ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар томонидан қўлга олинган.

Суд-тергов суриштирувларида Ҳайдар Эргашнинг 2004 йилда Ромитаннинг Қаҳрамон қишлоғида содир бўлган портлашларда ҳиссаси бўлгани, портлашларни содир этганлар унинг қўлида таълим олгани,  ўзи эса четда туриб уюштиришга даҳл қилгани ҳам очиқланган.

Суд ҳукмига кўра, Ҳайдар Эргашев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг Терроризм (155-моддасининг 1-қисми), Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш (1552-моддасининг 1-қисми), Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш (156-моддаси 3-қисми), збекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш (159-моддаси 3-қисми), Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш (2441-моддаси 3-қисми), 2442-модда. Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа таъқиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш (2442-моддасининг 1-қисми) ва Жиноят иштирокчиларининг турлари (28-модда), Контрабанда (246-моддасининг 1-қисми) билан назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли, деб топилди. 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиб, ўташ учун узил-кесил ўн беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.