Вазн ташлашга ёрдам берадиган 5 хил кўкат

Улашиш:

Табиат инъом этган ҳар бир гиёҳ инсонлар соғлиғи учун кони фойда экани Ибн Сино китобларида ҳам ёзиб қолдирилган. Кўкатлар овқат ҳазм қилишни яхшилайди, асаб ва юрак-қон томир тизимларининг ҳолатига ижобий таъсир кўрсатади, иммунитетни мустаҳкамлайди. Шунингдек, кўкатлар овқатга ўзига хос таъм беради. Кундалик таомномада яшил сабзавотнинг мунтазам бўлиши вазн йўқотиш жараёнини тезлаштиради. Келинг, озишда самарали ёрдам берадиган кўкатлар ҳақида сўзлашамиз.

Петрушка

Унинг таркиби А ва C витаминига бой бўлиб, организмдаги ёғларнинг эришини тезлаштиради. Петрушка, шунингдек, сийдик ҳайдаш хусусиятига эга, бу эса вазн ташлаш жараёнида муҳим аҳамиятга касб этади.

Укроп

Укроп қабзиятнинг олдини олишда тавсия этилади. У метеоризм ва қорин дам бўлишини камайтиради. Соғлом озишни эса яхши метаболизмсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Райҳон

Ушбу хушбўй ўсимлик шифобахш хусусиятларга бой. Масалан, таркибидаги танин кислотаси метаболизмни тезлаштиради, иммунитетни мустаҳкамлайди. Райҳонни қуритилган ҳолатда, чойга солиб ёки янги узилган вақтида ҳам истеъмол қилиш мумкин.

Ялпиз

Ялпиз иштаҳани камайтиришга ёрдам беради ва ширинликка бўлган иштиёқни сўндиради. Бундан ташқари, у лимфа тизимини ривожлантиради ва танада турли шишлар пайдо бўлишининг олдини олади.

Мойчечак

Мойчечак гули нафақат шамоллашда, балки ошқозон-ичак трактини тинчлантирувчи табиий восита сифатида ишлатилади. Ичакларни, ошқозон фаолиятини яхшилайди, қайт қилиш ва жиғилдон қайнашида самара беради.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.