Овқатланиш тартиби нафақат умумий ҳолатимизга, балки ташқи кўринишимизга ҳам таъсир кўрсатади. Бу борада юз териси, айниқса, сезгирдир. Шакар ва оддий углеводлар истеъмоли терида қандай ўзгаришларга сабаб бўлади?
Шакар ва углеводлар организмда қандай вазифа бажаради?
Шакар ишлаб чиқаришнинг замонавий технологиялари уни фойдали компонентларсиз кимёвий моддага айлантирди. Илгари шакар олинган ўсимлик хом ашёси витамин ва табиий моддаларнинг бир қисмини сақлаб қолган ҳолда бугунгидай кучли тозалаш усулларидан ўтказилмаган. Энди бу маҳсулот организм учун зарур бўлган озуқа моддаларини ўз ичига олмайди. Юқори калория таркибига қарамасдан, у тўқималарда энергия танқислигига олиб келади.
Шакар ошқозон ва ичак деворларини безовта қилади. Бу озиқ-овқат, витамин ҳамда минераллар ҳазмини қийинлаштиради ва диареяга сабаб бўлиши мумкин. Қонда глюкозанинг ортиб кетиши қон томирлари учун зарарли бўлиб, юқори холестерин атеросклероз ривожланишини келтириб чиқаради.
Озиқ-овқатда оддий шакарнинг кўплиги нормал метаболизмни бузади ва кислород танқислигини юзага келтиради. Оқибатда, ҳужайралар ўлими хавфи кучаяди. Вақт ўтиши билан организмда токсинлар даражаси ортади, жиддий патологияларни ривожланиш хавфи ва терининг эрта қариши юз беради. Албатта, буларнинг барчаси ташқи кўринишга таъсир қилмаслиги мумкин эмас.
“Шакар юзи” — бу нимани англатади?
Оддий шакарнинг терига салбий таъсири исботланган. У нафақат қандолатчиликда, балки айрим меваларда ҳам учрайди. Баъзи сут маҳсулотлари — ширинликлар, шакар қўшилган йогурт ва творог — кундалик истеъмол учун мутлақо хавфсиз эмас.
Организмдаги оддий углеводлар эластин ва коллаген молекулалари билан ўзаро таъсирлашиб, оқсил толаларини нисбатан қаттиқ қилади ва зичлаштиради. Бундай ўзгаришлар мураккаб ферментатив бўлмаган жараёнлар бўлиб, олимлар буни “гликация” деб аташади.
Маълумки, гликация тўқималар тикланишини секинлаштиради ва организмда намлик миқдорини камайтиради. Бу “шакарга қарамлик” деб аталадиган айсбергнинг фақат учи бўлиб, у теримизга ниҳоятда салбий таъсир қилади. Натижада, эпидермис юпқалашади, қуруқ ва хира тортиб қолади. Тирналишлар, қизариш пайдо бўлади, ажинлар чуқурлашади. Бу нохуш ҳодисаларнинг барчаси “шакар юзи” деб аталади.
Шакарга қарамлик бошқа барча зарарли одатлар каби у билан курашиш унчалик осон эмас.
“Шакарга қарамлик”дан қутулиш учун нима қилиш керак?
Биринчи қадам — овқатланиш тизимини ўзгартириш, гликациянинг асосий сабаби бўлган ширинликларни кўп миқдорда истеъмол қилишдан воз кечиш. Бусиз бошқа барча соғломлаштириш чоралари фойда бермайди.
Қайта ишланган шакар диетадан бутунлай чиқариб ташланиши керак. Бу мураккаб углеводлар, сабзавотлар, мевалар ва резаворларда етарлидир. Ширинликлар ҳам ёнғоқ ва уруғлар билан алмаштирилиши мумкин.
Рационда оқсил, ёғ ва клетчатка миқдорини оширинг. Бу тўйинганлик туйғусини беради ва қон глюкозасини нормал ҳолатга келтиради.
Сув ичиш режимига риоя қилинг, ҳар доим ўзингиз билан бир шиша сув олиб юринг. Турли шифобахш ўсимлик чойларини ичинг. Шуни унутмангки, очлик ва ташналик марказлари мияда бир-бирига ёнма-ён жойлашган. Шунинг учун биз баъзан бу икки сезгини чалкаштириб юборамиз.
Шакарни диетангиздан секин-аста чиқариб ташласангиз ҳам бўлади. Аввал воз кечиш энг осон бўлган озиқ-овқатларни олиб ташланг.
Кундалик менюда оддий шакар миқдорини барча углеводлар меъёрининг 10 фоизигача камайтиринг.
Овқатдан сўнг очиқ ҳавода пиёда юриш, ҳаракатда бўлиш жуда фойдали. Жисмоний фаоллик қондаги глюкоза миқдорини камайтиришга ёрдам беради.
Терининг гўзаллиги ва таранглигини сақлаб қолиш учун Б витаминларини қабул қилиш, чекишни ташлаш, қуёшдан ҳимояловчи воситалардан фойдаланиш, стрессни бошқариш, соғлом иш ва дам олиш режими ёрдам беради. Пилинг ва юз массажи каби терини парвариш қилиш учун косметик муолажалар ҳақида унутманг.