“Москвадаги теракт бир баҳона эди”. Россия нега тожикларни жазолаяпти?

Улашиш:

Россиянинг сўнгги пайтларда тожикларга бўлган муносабати Душанбенинг ҳам реакциясига сабаб бўлгани ҳақида хабар бергандик. Мазкур ҳолатга қатор эксперт ва сиёсий таҳлилчилар ҳам ўз фикрини билдиряпти.  

Россия расмийлари ҳам марказий осиёлик муҳожирлар, жумладан тожикларнинг давлат чегара пунктларида ушлаб турилганини инкор этмади, балки буни "вақтинчалик терроризмнинг олдини олиш чораси", деб атади.

Тожикистонлик сиёсий таҳлилчи Абдумалик Қодировнинг фикрича, тожик муҳожирларига нисбатан бундай босим Москванинг ўзига фойда келтирмайдиган ўзига хос қасосидир. Бу ҳақда у "Озоди" радиосига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Таҳлилчининг фикрича, Москва яқинидаги теракт Кремлнинг "кўнгли"да анчадан бери йиғилиб қолган аламларини олиш ҳамда бошқа истакларини айтиш учун бир баҳона бўлиши мумкин. 

“Тожикистон ёшларининг иммиграция маданиятига қизиқмаслиги, рус тилини билмаслиги ҳам Россиянинг тожик муҳожирларига бундай муносабатда бўлишининг яна бир сабаби бўлиши мумкин”, дейди у.

Қодировнинг қўшимча қилишича, Тожикистоннинг Россияга муносабати бироз ўзгарди, айниқса Украинадаги уруш авж олганидан кейин Имомали Раҳмон ҳукумати ўзининг ҳам бошига шундай кун тушишидан хавфсираб қолди. Бундан ташқари, 2022 йилнинг октябрь ойида Остонадаги учрашувда Раҳмон россиялик мавқедоши Владимир Путиндан Тожикистонни "ҳурмат қилиш"ни ҳам сўрагани ОАВлар саҳифасидан жой олганди. 

 "Худди шундай муносабат ва хатти-ҳаракатлар бугунги Россия раҳбариятининг қасос, ўч олиш туйғусини қўзғатган бўлиши мумкин. "Крокус"да содир бўлган фожиа ва Тожикистон фуқароларининг унинг асосий иштирокчиси деб топилиши эса айни муддао бўлган. Айни дамда уларнинг наздида тожик халқи "қурбонлик қўйи" сифатида кўрилаётгани ачинарлидир", дейди таҳлилчи.

Яна бир сиёсатшунос Шокиржон Ҳакимовнинг айтишича, Тожикистоннинг Европа давлатлари билан ҳам алоқалари Россияни хавотирга солади.

“Тожикистон Республикаси Президентининг Буюк Британия Ташқи ишлар вазири, Ватикан раҳбарияти, шунингдек, Италия расмийлари билан учрашувлари жуда юқори суръатда ўтди. Биласизки, Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг, унинг Европа Иттифоқи давлатлари, НАТО ва бошқалар билан муносабатлари ёмонлашди. Кремль душманлари билан қўл сиқишаётган Душанбени тожикистонлик муҳожирлар орқали тийиб туришга ҳам уриняпти”, деб тушунтиради сиёсатшунос.

Экспертларнинг хулосасига кўра, Россия расмийларининг тожик муҳожирларига нисбатан тазйиқлари ҳар икки давлат учун ҳам салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Россия тожик оилаларининг асосий даромад манбаи ҳисобланади. Уларнинг қайтиши эса мамлакатнинг иқтисодий аҳволига ҳам таъсир қилмасдан қолмайди.

Шу билан бирга, бундай сиёсат юритиш орқали Россия ўзига ҳам зарар етказади. Мамлакат Ташқи ишлар вазири айтганидек, тожик муҳожирларига нисбатан совуқ муносабат узоққа чўзилмаслиги ҳам мумкин. Зеро, Россия айни пайтда минтақадаги муҳим ҳамкоридан осонгина воз кечадиган ёки ўз мақсадларига эришиш учун узоқ босим ўтказадиган аҳволда эмас.

Икки давлат бир-бирини стратегик шерик деб билади. Тожикистон Россиянинг бир қанча минтақавий ташкилотлардаги ҳамкорлари ва иттифоқчиларидан бири бўлиб, аксарият ҳолларда бу давлатнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Россиянинг хориждаги энг йирик ҳарбий базаси ҳам Тожикистонда жойлашган.

Эслатиб ўтамиз, 600 дан ортиқ тожикистонликлар Россиядан депорт қилинганди.

 

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.