Бўғизлаб ўлдирилган ҳукмдор

Улашиш:

Исфандиёрхон ҳовуз ёнида дастлаб Жунаидхоннинг ўғли Эшши, ҳамроҳи Оннагалди билан кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашгач, учинчи меҳмон – Вакил оғага қўл узатди. Вакил оға эса негадир хон билан чап қўлида саломлашди. «Нима, ўнг қўлинг оғрияптими?» деб Исфандиёрхон унга қараши билан Вакил оға тўнининг ўнг енгидан пичоқ чиқарди-ю, Хива хонини бўғизлаб ташлади. Ҳовуз ичидаги сувга қип-қизил қон ёйилди...

Хива хонлари тарихида ишратбоз ҳукмдор сифатида ном чиқарган Исфандиёрхон 1918 йилнинг 1 октябрида шу тариқа вафот этган. Ўша даврдаги анъанага кўра, Ичан қалъадан ташқарида вафот этган киши, у хон бўлса ҳам, қалъа ичкарисида дафн этилмаган. Исфандиёр Дешон қалъадаги Нуриллабой саройида ўлдирилгани боис у ердаги «Хоразмшоҳлар масжиди» қабрига кўмилди. Ваҳоланки, марҳум ўзига Ичан Қаъладаги Паҳлавон Маҳмуд мақбарасидаги қорихонада қабр тайёрлатиб қўйганди.

Гарчи Исфандиёрхон ҳукмдорлик даврида (1910–1918 йиллар) зулм ҳаддан ташқари кучайиб, халқ бир неча бор қўзғолон кўтарган, ҳатто 1916 йилдаги исёнда Жунаидхонга таслим бўлган бўлса-да, уни ҳеч ким ўлдиришга ботинаолмаган. Ҳатто, ўша, қонли 1 октябрда ҳам Жунаидхоннинг ўғли Эшши отасининг Эрон тарафларга кетганидан фойдаланиб, Хивага келганича Оннагалди ва Вакил оға билан бирга Исфандиёрни бўғизлаганди. Негаки Жунаидхон ўғлининг Хивага боришини таъқиқлаб қўйганди. Эшшининг Хивага кетганини эшитгач эса унинг изидан икки отлиқни юборади. Аммо улар тўхтамай от суриб, Хивага Бадиркентдан 45 чақирим йўл босиб келганида, Оннагалди ва Вакил оға хонни бўғизлаб, Эшши билан саройдан чиқиб кетган эди.

Маишатда ҳаддидан ошган Исфандиёр ёвмудлардан ғоят қўрқса ҳам, Жунаидхон «хонни ўлдириш гуноҳ, юрт подшоҳ билангина барқарордир. Аллоҳ унга ҳукмдорликни инъом қилган», деб қўярди ёнидагилар Исфандиёрхонни ўлдиришни таклиф қилганларида.

...Москвадаги марказий давлат ҳарбий тарихий архив (ЦГВИА)да сақланаётган 400-рақамли ишда, Хива хони Ферузнинг 1888 йил 6 февралда Россия императорига йўллаган мактуби сақланади. Унда хон валиаҳдликка ўғли Муҳаммадёр тўрани кўрсатган. Бироқ Чор Россияси императори 44 ёшга кирганлигини, яъни валиаҳд тайинлашга вақт ҳали борлигини эслатиб, илтимосни рад этган. Шунга қарамасдан, Феруз 1891 йил Муҳаммадёр тўранинг ёшлигидан касалманд эканлигини айтиб, валиаҳдликка Исфандиёрнинг номзоди маъқул эканини ёзади. Император эса негадир бу гал Ферузнинг илтимосини рад этолмайди...

1905 йил 12 ноябрда император Николай II валиаҳд Исфандиёрга полковник ҳарбий унвонини, кейинчалик генерал майор унвониниям беради. 1909 йил сентябрь ва октябрида, Чор охранкаси айғоқчиси ўзини савдогар ниқобида кўрсатиб, халқ ва ҳукмдорлар тўғрисида маълумот тўплайди. Айғоқчи халқнинг аҳволи, уламолар ва жадидлар, солиқ ва иқтисодий аҳволни баён қилиб қолмай, валиаҳд ҳақида ҳам мавжуд фикрларни ўрганади. Унга кўра, Исфандиёр Туркия, Эрондаги сиёсий воқеаларни кузатиб, Хива хонлигида ҳам янги ислоҳотлар ўтказишни ўйлаб юрган, аммо мулла Рамазон исмли уламо таъсирида, ислоҳот ҳақидаги фикридан воз кечган. Айғоқчи Исфандиёр тўғрисида шундай хулосага келади: «У яхши ишчи одам бўлишига қарамасдан, халқ ичида нуфузи оз,.. фаҳшга мойил қиладурғон киши».

...Исфандиёрхон 1910 йил августда хонлик тахтига ўтиргач, юртда ободончилик ишларини бошлаган, бош вазир, қайнотаси Исломхўжанинг ислоҳот дастурини қўллаб, Хивада почта, телеграф, Оврўпа шифохонасини бунёд эттирган, солиқларни камайтирган эди. Аммо 1913 йили Исломхўжа вафотидан сўнг унинг ёнидан ғийбатчию, ҳасадгўй, бойликка ружу қўйган гуруҳбоз арбоблар жой олди.

Матвафо карвонбоши, Ашур маҳрам, Шайхназарбойлар Исфандиёрхоннинг тахти теварагидан лаганбардорлик билан амаллар олиб, ҳукмдорга маишат қилиш учун турли йўллар ўйлаб топар, ҳатто хонликдаги энг чиройли қизларни ҳарамга совға сифатида олиб келишарди. Шу тарзда улар Исфандиёрхоннинг ишратбозлигидан фойдаланиб, ўзларининг нафси йўлида халққа зулм ўтказиб, беҳисоб бойлик тўплаган эди.

Хонлик Русия мустамлакаси бўлгани учун, мустамлакачилар ҳам ҳар йили етиштирган маҳсулотларни ташиб кетарди. Матвафо карвонбоши ва Ашур маҳрамлар эса рус савдо-саноатчилари билан келишиб, хонликнинг бутун иқтисодиётини ўз қўлларига олган эди.

Исфандиёрхоннинг 1911 йил Петербург ва Кавказга, 1914 йил Москва ҳамда Русиянинг бошқа шаҳарларига, 1915 йилнинг декабрида сафар қилганларида Матвафо ва Ашур маҳрам рус амалдорлари билан музокара олиш билан бирга, хонга рус ва фаранг аёлларини ишрат қилиш учун топиб беришганди.

1915 йил декабридаги Исфандиёрхоннинг Петербургга сафаридан сўнг, халқ ўртасида «хон касал орттириб келибди» деган миш-миш тарқалади. Қолаверса, 1916 йил январида Ашур маҳрамнинг Хотира ва Ўғил маҳрам исмли аёллар, хонликдаги ёш, чиройли қизларни ҳарамга келтиришга уринишади. Ўшанда эрта-индин тўйи бўладиган Хўжайли ва Гурлан қизларининг мажбуран ҳарамга келтирилиши халқни қўзғолонга чорлади. Яхшиям, хоннинг бахтига Тошкентдан генерал Галкин бошчилик гарнизон келиб, Исфандиёрхон тузумини, ҳаётини сақлаб қолди.

Ўша даврда бойликка муккасидан кетган амалдорлар, умуман, хонга қарши мухолифат ҳам юзага келган, улар ўзларини «Ёш хиваликлар» деб аташарди. Палёзҳожи Юсупов бошчилигидаги жадидлар Исфандиёрхонга нисбатан қарши ҳаракатлар олиб борган. Полёзҳожи Юсупов ўз хотираларида шу боис Исфандиёрхоннинг золимлиги, ҳатто Кавказнинг хушманзара жофларида қачон, кимлар билан базм қилганлиги, уларга брилиант, сирға, пул берганлигигача ёзган. Хотираларининг бир боби эса «Исфандиёрхоннинг тараққийпарвар, ҳурриятпарвар кучларга қарши сиёсати» деб номланган.

Хўш, Исфандиёрхон ростдан ҳам Чор ҳукумати айғоқчиси ва Полёзҳожи ёзганидек, фақат фаҳш билан машғул, золим хон бўлганми?

Аслида Лаффасий, Баёний каби муаррихлар ёзишига кўра, Исфандиёр ёшлигидан ювош, ғоят иқтидорли бўлиб, «Фарруҳ» тахаллуси билан шеърлар битар, Шарқ мамлакатлари ҳамда Россияни кезган савдогар, қилич ясовчи, соат тузатувчи уста бўлган. Ҳатто, рус тили, дунё жуғрофиясини мукаммал билганидан Россия жуғрофия жамиятининг аъзоси ҳам эди. У қайнотаси билан 10 банддан иборат ислоҳот дастури тузиб, давр янгиликлари ва замонавий бўлган иншоаатлар ҳам барпо этдиради. Ҳаттоки, отаси Феруз касаллигига қарамай, ёнидагилар рус врачларига кўрсатайлик, шифо топасиз, деганларида, рекцион руҳонийлар ва табиблар ғазабидан қўрқиб, таклифни рад этганди. Исфандиёрхон эса Хивада махсус рус шифокорлари ишлайдиган замонавий шифохона барпо қилдиради. Афсуски, Исфандиёрхоннинг бу ишлари, 1913 йил 9 августида қайнотаси, бош вазир Исломхўжанинг сирли ўлимидан кейин тўхтаб қолади.

Бунинг сабаби, Исфандиёрхон ён-атрофидан ислоҳотчилар эмас, Матвафо Баққолов-карвонбоши, Ашур маҳрам каби фитнакор, золим амалдорлар жой олганини юқорида таъкидлагандик. Улар хоннинг ювош, кўнгли бўшлигидан фойдаланиб, унга ўз таъсирини ўтказа бошладилар. Яъни, хон Чор Россияси мустамлакачилари, «Ёш хиваликлар», туркман ёвмудлари ва фитнакор амалдорлар қуршовида қолади. Уларнинг бирлари мустамлакачи бўлиб, етиштирилган бор нарсани Россияга ташир, «Ёш хиваликлар» эса худди Туркия, Эрондагидек сиёсий ислоҳот ўтказишни истаб, мустамлака ўлка ҳукмдорига мухолифатда бўлар, ёвмудлар эса солиқлар кўплиги, мустамлакачи ва итоаткорларнинг талончилиги учун исён кўтарар, фитнакор амалдорлар бўлса, фақат иғво билан ўз амалларини сақлашни ўйлаб, бойиш билан машғул эди.

Исфандиёрхон Чоризмнинг итоаткори эди. Аммо охранка айғоқчиси ёзганидек, «Хоннинг Русияга ҳаводор бўлиши мумкин эмас. Чунки Хиванинг Русия қўлига кирган вақтларида кўрган азоб ва жафолари ҳали битгани ва унитилгани йўқ эди». Бироқ Исфандиёр ана шу итоаткорлиги эвазига, олдинги даврлардагидек, оға-ини, ота-болалар ўртасидаги сарой тўнтаришларидан қутулган, умри охиригача тахтда ўтириши мумкин эди. 20–30 чоғли «Ёш хиваликлар» фақат пойтахт Хивадагина бўлиб, савдогар, муллаларнинг бутун халқ олдида таъсири оз, ёвмудлар билан бирлашиб мустамлакачиларга ғазовот эълон қилишга ожиз эдилар. «Ёш хиваликлар» худди Туркия, Эрондаги сингари давлатни монархия асосида эмас, сайлов йўли билан сайланган «Идораи Маршрутия» орқали бошқаришни, ўзларининг ҳам давлат бошқарувида иштирок қилишларини истардилар. Аммо мустамлака ҳолатида туриб, Исфандиёр «Ёш хиваликлар» талабини бажара олмас, қолаверса, тахтдан ажралишни ҳам истамасди. Шу боис хонни «Ёш хиваликлар» ёмонотлиқ қилар, хон эса, уларни қувғин қилиб, мол-мулкини мусодара қилганди. Яъни, Исфандиёр қайнотасининг ўлимидан сўнг фақат сарой амалдорлаига таяниб қолганди. Саройда эса Матвафо Баққоловнинг таъсири катта эди. 1899 йилдан хон саройида таржимонлик қилган В.Н.Корнилов у ҳақда «Матвафо ниҳоятда юлғич бўлиб, оғир солиқлар билан халққа зулмини ўтказади. Халқ уни жуда ёмон кўради. У ёвмудларга яширинча иғво қилиб, уларни талончиликка гиж-гижларди. У жуда уддабурон бўлиб, ҳар қандай йўллар билан бўлса ҳам хон саройида биринчи лавозимни эгаллаш учун ҳаракат қиларди».

Исфандиёрхон саройида эса яна Абдураҳмон, Шариф Баққоловлар, Ашур ва Рўзмат Маҳрам, Шайхназарбой, Ҳусайинбек каби иғво ва фитна усталари бўлиб, улар Исломхўжа тириклигида хонга таъсирини ўтказа олмас, унинг ўлимидан сўнг қудратли кучга айланиб, ҳатто бир-бирини иғво қилиб, тобора хонни сиқувга олгандилар. Улар хоннинг ишратга ўчлигидан фойдаланиб, халқни солиқлар баҳонасида талаб, бойирдилар.

1916 йилги қўзғолон ҳам, ёвмудларнинг исёни айнан Исфандиёрнинг давлат ишларини фитнакор амалдорлар жиловига олганларидан келиб чиққанди. Ҳатто, 1917 йил февралида Петербургда подшо тахтдан ағдарилгач, мустамлакачиларнинг таъсири хонликда камаяди. Апрель, май ойларида «Ёш хиваликлар» Хоразмда хонни «Идораи маршрутия» орқали давлатни бошқаришга кўндириб, манифестга қўл ҳам қўйдиргандилар. Фитнакор амалдорлар эса хонга таъсир ўтказиб, «Ёш хиваликлар»ни қувғин қилади. Аслида Исфандиёрхоннинг фожиаси қайнотасининг 1913 йилдаги ўлимидан сўнг бошланган бўлса, авж нуқтаси «Ёш хиваликлар» ни қувғин қилгач бошланиб, унинг ўлимига олиб келди.

Айниқса, «Ёш хиваликлар»дан Тошкентда муҳожирликда қочиб юрган Полёзҳожи Юсупов ва Назир Шоликоровларнинг оилаларига Исфандиёрхон томонидан зиён етказилиши, уларнинг хонга нисбатан суиқасд олиб боришига етаклади. Суиқасд ёвмудлар томонидан амалга оширилди. Яъни, Полёзҳожи қўлида сақланаётган Исфандиёрхон муҳри босилган хатдан хон муҳрини қайтадан ишлатиб олишади. Кейин Исфандиёр номидан Жунаидхонни Хива халқига азоб беришда айблаб Русияга хат тайёрлашади. Хатда яна Жунаидхонга қарши биргаликда курашиш учун Русиядан 10 минг аскар сўралади. Хат охирида Исфандиёрхоннинг номидан ўзлари тайёрлаган хатни Жунаидхонга юбориб, «Биз Исфандиёрнинг ёзган хатини қўлга киритдик» дея ҳийла ишлатишади.

Тошкент почтасининг муҳри босилган хатни Юсуп Девонов Бадиркентга,Жунаидхонга олиб бориб беради. Гарчи нохуш хатдан Жунаидхоннинг жаҳли чиқса-да, у ўғли Эшшининг Исфандиёрни ўлдириш ҳақидаги таклифига рози бўлмайди.

Маълумки, бу вақтда Чор Русиясининг Хивадаги гарнизони 1917 йил февраль ва октябрь тўнтаришларидан сўнг олиб кетилган, Исфандиёр амалда ҳукмдор бўлса-да, давлат жилови амалда Жунаидхон қўлида бўлиб, пойтахт Хивани хон навкарлари қўриқлар эди. Табиийки, шундай вазиятда Эшши доимо Хивага, ҳатто хон саройига бориб бемалол юраверган. Бундай қулай шароитда Эшши «Ёш хиваликлар» нинг хатидан сўнг отаси Жунаиднинг Эрон томонларга кетганидан фойдаланиб, у Исфандиёрни ўлдириш режасини амалга оширади.

1918 йил октябрида Эшши, Оннагалди ва Вакил оға исмли ёвмудлар Исфандиёр қабулига киришади. Вакил оғанинг отаси Дурди Вакилни 1916 йил генерал Галкин халқ исёнини бостирганда, Исфандиёр генералга айтиб оттириб юборганди. Исфандиёрхондан ўч олиш мақсади бўлган Вакил оға хоннинг қотили бўлган. Эшши, Оннагалди хон билан ўнг қўлида кўришгач, энг охирида Вакил оға сўл қўли билан кўришади. Исфандиёр унга: «Сен нима учун сўл қўлинг билан кўришдинг?» – дейиши билан Вакил оға ўнг қўлидаги катта пичоқни чиқариб, Исфандиёрни бўғизлайди. Хон ёнидаги тўппончасини ҳам олишга улуролмай қолади.

Гарчи қотил Вакил оға бўлса-да, Исфандиёрнинг фожиали якун топган ҳаётига у яшаган давр айбдор эди. Агар, хон Исломхўжа билан ислоҳотларни давом эттирган, қиличу соатсозликни давом этдириб, шеърлар ёзиш, жуғрофия билан янада мукаммал шуғулланганида, отаси Феруз каби узоқ йиллар ҳукмронлик қиларди. Аммо унинг кўнгли бўшлиги, ишратга мойиллигидан фойдаланган фитнача амалдорлар, Чор Русияси ва жандармерияси уни «Ёш хиваликлар» ҳамда ёвмудларга доимо қарши қўйиб келди. Натижада Исфандиёрхоннинг умри Вакил оға қўлида фожиали якун топди.

Умид Бекмуҳаммад,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.