Асосан камҳаракатлик ва жисмоний фаолликнинг етишмаслиги сабаб сўнгги йилларда дунё аҳолиси орасида суяк, томир ва бўғим хасталиклари сони кескин ортиб бормоқда.
Бугунги кунда кўплаб инсонлар иш ёки ўқиш сабабли асосий вақтини компьютер қаршисида ўтказади. Уларнинг наздида тинч ва осойишта хонада хотиржам ишлаш касбий хавф-хатарлардан холидек туйилади.
Бироқ бундай эмас. Чунки мазкур шароитда меҳнат қилишнинг ҳам ўзига яраша муаммолари бор. Уларнинг олдини олмаслик эса жиддий касалликлар келиб чиқишига етарлича асос бўлади.
Мутахассислар ўтириб ишлайдиганларнинг соғлигида кузатиладиган ўзгаришларни «офис ходими синдроми» деб атайди. Синдромга кўра, офис ходимлари бош оғриғи, сурункали чарчоқ, кўз ачишиши ёки қизариши, бел ва бўғим оғриқлари, қорин дам бўлиши ҳамда оёқ увишишидан азият чекади.
Айнан хизмат тақозоси билан бир жойда ўтириб ишлаш натижасида жисмоний фаоллик суст бўлиб қолади ва танада қон айланиши меъёрида кечмайди. Оқибатда эса инсонда ортиқча вазн ва семизлик келиб чиқади.
Шунингдек, ҳаракатсиз ҳолатда (кўпинча энгашиб ўтириш) узоқ вақт ўтириш бўғимлар «қотиб қолиши»га олиб келади. Қон етиб келиши тўлиқ бажарилмагани боис оёқ увишади.
Шу билан бирга, мазкур ҳолат бавосир тугунларининг ҳосил бўлиши, кичик тос аъзоси безовталиклари ҳамда вена қон томирларида варикоз кенгайишига сабаб бўлади.
Яна бир муаммо – бу, қуруқ кўзлар синдроми. У асосан узоқ вақт бир жойда ўтириб, компьютер қаршисида ишлаш туфайли юзага келади. Натижада ходимнинг кўзлари қизаради (ачишади, ёшланади.).
Хўш, мунтазам ўтириб ишлайдиганлар бунда нима қилиши керак?
Мутахассислар аввало, хонада стол, стул ва компьютернинг тўғри жойлашишига эътибор бериш керак дейди. Бел ва бўйин оғриқларининг олдини олиш учун айнан компьютер мониторини кўзнинг текислигида ўрнатилиши муҳим ҳисобланади. Шунингдек, стулнинг белга ёрдам берувчи орқа қисмига ҳам аҳамият бериш лозим экан.
Ходим иш вақти давомида (имкон қадар ҳар бир-икки соатда) 5-10 дақиқалик танаффус қилиб туриши тавсия этилади. У бу пайтда бир неча маротаба ўтириб, туриши, гавдани ён томонга ҳаракатлантириши, бошни соат мили бўйлаб айлантириши, лифт ўрнига зинадан фойдаланиши керак экан. Шундагина келиб чиқиши мумкин бўлган муаммоларнинг олди олиш мумкинлиги айтилади.
Бел оғриқларидан ҳимояланишда эса курси суянчиғига махсус ортопедик ёстиқ ўрнатиш мақсадга мувофиқ деб қаралади. Ҳатто бундай ёстиқлар бавосир билан оғриган кишилар учун ҳам тавсия этилади.
Шифокорлар ҳар икки соатда бўйин мушаклари учун машқ бажарилиши бўйин остеохондрозининг профилактикаси бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. Айниқса, энса ва курак соҳасида оғриқ, увишиш кузатилганида бундай машқлар яхши фойда берар экан.
Маълум бўлишича, тизза бўғимларининг бир хил букилган ёки ёзилган ҳолатда кўп қолиб кетиши оқибатида унинг дренаж функцияси, озиқланиши бузилади. Натижада, артроз-бўғим касаллиги келиб чиқади. Шу боис оёқлар ҳолатини алмаштириб туриш, ўтирган ҳолда велосипед ҳаракатларини олдинга ва орқага бажариш, чуқур нафас чиқариб ўтириш ва чуқур нафас олган ҳолда туриш машқларини бажариш керак ва бу самара беради.
Албатта қуруқ кўзлар синдроми келиб чиқмаслиги учун ҳам шифокорлар ўз маслаҳатларини бериб ўтган. Бунда кўзларни ўнг, чап, тепа ва пастга ҳаракатлантириш, тез-тез юмиб, очиш фойдали экан. Ҳар 20 дақиқада танаффус қилиб, 20 сония 6 метрлик масофага қараб туриши ҳам кўзлар чарчаб қолмаслигига ёрдам беради. Хуллас, ҳар қандай ҳолатда ҳам компьютер қаршисида узоқ вақт ўтириш тавсия этилмайди.