Жиззахда ноқонуний тамаки олиб кириш билан шуғулланган 42 та тадбиркорлик субъектига молиявий жарималар қўлланилди

Улашиш:

Ўзбекистонда, айнан ҳукумат олдида ноқонуний тамаки бозори муаммоси ҳали ҳам катта муаммо бўлиб турибди. Республикада унинг улуши, жорий йил март ойи ҳолатида 15,3 фоизни ташкил қилган.

Божхона қўмитаси берган ахборотга кўра,

2019 йилда 342 та ҳолатда жами қиймати 5 млрд 317 млн 800 минг сўмликдан зиёд 353 279 қути,

2020 йилда 139 ҳолатда 14 млрд 663 млн 100 минг сўмликдан зиёд 1 млрд 065 минг 312 қути,

2021 йилда 140 та ҳолатда 17 млрд 670 млн 700 минг сўмлик 1 млрд 543 минг 108 қути,

2022 йилда 316 ҳолатда 18 млрд 970 млн 700 мингдан зиёд 1 млрд 582 минг 609 қути,

2023 йилда 291 та ҳолатда 88 млрд 403 млн 600 мингликдан зиёд 5 млрд 622 минг 506 қути ноқонуний тамаки маҳсулотлари қўлга олинган.

“Дарё” ҳолатни Жиззах вилояти мисолида ўрганди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2024 йилдаги макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлашнинг устувор вазифаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда яширин иқтисодиёт туфайли давлат бюджетининг йўқотишларини рақамларда эълон қилганди. Таъкидланишича, бу рақам 30 трлн сўм, яъни 2,4 млрд долларнини ташкил қилган.

Давлат раҳбари ушбу маблағларни аҳолининг заиф қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлашга, мактаблар қурилиши ва реконструкция қилинишига, тиббий муассасаларнинг замонавий жиҳозлар билан жиҳозланиши ҳамда бошқа хайрли мақсадларга йўналтирилиши мумкинлиги ҳақида ҳам тўхталганди.

2024 йилнинг биринчи олти ойида давлат бюджети даромадлари ва харажатлари ҳақида эълон қилинган ҳисоботда кўрсатилишича, даромадлар 115,9 триллион сўмни, харажатлар эса 149,8 триллион сўмни ташкил қилган. Бюджет дефицити 34 триллион сўмга етган.

Солиштириш учун: 2023 йил биринчи ярмида давлат бюджети дефицити 26,8 трлн сўмни ташкил қилганди, яъни бир йилда 27 фоизга ўсган. Агар тамаки маҳсулотлари экспортчилари ва сотувчилари ўз фаолиятларини қонунга мувофиқ юритганларида, Ўзбекистон хазинаси уларнинг ноқонуний ҳаракатлари туфайли улкан миқдорда зиён кўрмаган, бюджет дефицити кескин қисқарган бўларди.

Жиззах вилояти Божхона бошқармаси ахборот хизматининг “Дарё”га билдиришича, бошқарма ходимларининг саъй-ҳаракати билан вилоятда ноқонуний тамаки маҳсулотлари айланмасига чек қўйилмоқда.

Жумладан, 2024 йилнинг 17 апрель куни соат 11:20 ларда Жиззах вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш шўбаси ходимлари томонидан вилоят Миллий гвардия, ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Жиззах шаҳри Ислом Каримов шоҳ кўчасида ҳаракатланиб кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Жасур Холимов бошқарувидаги Isuzu русумли, давлат рақами 50Ф020ЭА бўлган автотранспорт воситаси тўхтатилиб кўздан кечирилганда, ҳеч қандай ҳужжатлари мавжуд бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган дастлабки қиймати 25 миллион 800 минг сўмлик 16 турдаги жами 601 қути дори воситалари борлиги аниқланган.

 Шундан сўнг, тадбир давом эттирилиб, мазкур автотранспорт воситасидан туширилиб қолинган товарлар сақланаётган Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани Пахтаобод ҚФЙ Чаманзор кўчасидаги 17- ва 19-уйлар кўздан кечирилганида, Ўзбекистон Республикаси фуқароси Мамиров Сунаттила Жасур ўғлига тегишли, хорижда ишлаб чиқарилган, Ўзбекистон Республикаси акциз маркалари билан маркаланмаган, дастлаб қиймати 175 миллион 380 минг сўмлик 9 турдаги жами 15 400 қути тамаки маҳсулотлари “яма” сифатида сақлаб келинаётганлиги аниқланган.

“Жиззах вилояти Божхона бошқармаси ходимлари томонидан вилоятга ноқонуний тамаки маҳсулотлари кириб келишининг олдини олиш мақсадида кўплаб чора тадбирлар амалга оширилмоқда. 2024 йилнинг ўтган даври мобайнида божхоначиларимиз томонидан 8 та ҳолатда 285 миллион 500 минг сўмлик 18440 қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомаласи олди олинган. Бундан ташқари республикамиз ҳудудига тамаки масъҳулотларининг ноқонуний кириб келишининг олдини олиш мақсадида божхона ходимлари томонидан тезкор-қидирув тадбирлари ҳам амалга оширилмоқда.
Жумладан, Шароф Рашидов туманида яшовчи фуқаронинг яшаш хонадони текширилганда унда акциз маркази билан маркаланмаган, тегишли ҳужжатлари мавжуд бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган, жами 15400 қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейди бошқарманинг суриштирув ва маъмурий амалиёт шўбаси катта инспектор суриштирувчиси Шерали Муяссаров.

Жиззах вилояти Солиқ бошқармаси ахборот хизматининг “Дарё”га маълумот беришича, вилоятда ҳеч қандай кирим ҳужжатлари бўлмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини олиб киришга уринган 42 та тадбиркорлик субъектларига нисбатан Солиқ кодексининг 223-моддасининг тегишли бандларига асосан 187 миллион 900 минг сўм миқдордаги молиявий жарималар қўлланилган.

“Вилоят солиқ бошқармаси томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда 2023- ва 2024 йиллар давомида Жиззах вилояти миқёсида алкагол ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомала киритилиши билан боғлиқ жами 42 ҳолатда тадбирк ташкил этилиб, тегишли тартибда далолатномалар расмийлаштирилган. Ҳамда ушбу тадбиркорлик субъектларидан жами қиймати 939 миллион 500 минг сўмлик ҳеч қандай кирим ҳужжатлари бўлмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари далилий ашё сифатида олинган.
Юқоридаги 42 та тадбиркорлик субъектларига нисбатан Солиқ кодексининг 223-моддасининг тегишли бандларига асосан 187 миллион 900 минг сўм миқдордаги молиявий жарималар қўлланилган”,  дейди Жиззах шаҳар солиқ инспекцияси солиқ назорат шўбаси давлат солиқ бош инспектори Нодир Шамсиев.

Вилоят МИБ ахборот хизматининг “Дарё”га қўшимча қилишича, бошқарма томонидан ўтган йилнинг тўққиз ой давомида 700 дан ортиқ йўқ қилиниши белгиланган ижро ҳужжати келиб тушган, тўлиқ ижроси таъминланган.

Шундан, 352 миллион сўмлик 19566 қути тамаки маҳсулотлари йўқ қилинган. Жумладан, Жиззах шаҳридаги битта ижро ҳужжати бўйича 86 миллион сўмлик, 6377 қути (127540 дона) сигареталар ёқиб юборилган.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.