Ўзбекистонда уй қамоғида электрон браслетлардан фойдаланиш Низоми тасдиқланди

Улашиш:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уй қамоғида бўлган ёки озодлиги чекланган шахсларни назорат қилиш мақсадида электрон браслетларни жорий этиш тартибини тасдиқлади.

Электрон браслет — бу масофадан туриб кузатув тизимининг элементларидан бири бўлиб, у одамнинг жойлашувини қайд этади ва унинг ҳаракатларини реал вақт режимида назорат қилиш имконини беради. 

Norma хабарига кўра, электрон браслетларни босқичма-босқич жорий этиш 2025 йил 1 январдан бошланади.

Низомга мувофиқ, электрон браслет одам оёғига тақилади. Агар оёққа тақиш имкони бўлмаса (масалан, суяк синиши ёки бошқа жароҳатлар), унинг қўл қисмига тақилиши мумкин. 

Электрон браслетни қўллаш белгиланган шартларга мувофиқ амалга оширилади. Шахслар электрон браслетни белгиланган вақт ичида қувватлаб бориши, ўзбошимчалик билан ечмаслиги ва унга зарар етказишга уриниш қилмаслиги керак. Агар браслет бузилса ёки йўқотилса, етказилган зарарни қоплаш талаб этилади.

Электрон браслетни қўллаш мумкин бўлмаган шахслар рўйхати:

• 18 ёшга тўлмаган шахслар;

• ҳомиладор аёллар;

• 3 ёшга тўлмаган болалари бор аёллар;

• I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;

• тиббий кўрсатмага кўра электрон браслетни тақиш тавсия этилмайдиган шахслар (масалан, имплант қилинган кардиостимуляторга эга бўлган шахслар, юқумли тери касалликлари билан жабрланганлар).

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда маҳкумларни назорат қилиш учун электрон браслетлар ва дастурий таъминот ишлаб чиқила бошлангани ҳақида аввалроқ хабар берилган эди. 

Ушбу тадбирлар мамлакатдаги ҳуқуқий тизимни яхшилаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.