Баъзан шундай бўлади: кўзингга ташландиқ, эгасиздек кўринган ердан фойдаланишни, даромад топиб биринг икки бўлишини истайсан. Ёинки, ижарага ер майдони оласан. Деҳқончилик ёки чорва парваришлаб, бир чеккага сўри-супа қурасан, албатта. Кейинроқ, мўъжазгина уй, қор-қиров ва қуёш тиғидан қочиб, дам олиш учун шифти пастроқ бино ҳам қуриш мумин...
Мумкинмикан? Сўраб-суриштирсанг, бировдан тайинли маълумот олмайсан. Вақти эса ўтиб боради.
"Уйчи ўйини сургунча, таваккалчи ишини битирипти" деган мақол бор. Аммо ҳар доим ҳам таваккалчининг иши "беш" бўлмайди. Эгасиздек туюлган майдонларнинг эгаси бор. Бир-икки кишининг, бемалол фойдаланаверинг, деган гапи билан майдонларда катта қурилишлар бошлаб юборган, турли экинлар экиб, хўжаликлар ташкил қилган ва алал-оқибат кетган маблағига "куйиб" қолганлар оз эмас. Ер-мулкни хужжатлаштиришда қалбакилик, кўзбўямачилик қилган "ишбилармонлар" ҳам бор. Бундайларнинг қилмиши эртами-кеч фош бўлади. Қонундан бехабарлик жавобгарликдан халос этмайди.
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро суди томонидан жорий йил ўтган даври давомида қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ўзбошимчалик асносида қурилган иморатларни буздириш билан боғлиқ фуқаролик ишлари юзасидан қатор ҳолатларни кўриб чиқди. Жумладан, ноқонуний қурилмаларни бузиш ва ер майдонларини қайтариш билан боғлиқ жами 21 та даъво аризалар келиб, кўриб тугатилган. Кўриб тамомланган даъво аризаларининг 15 таси қаноатлантирилган, 1 таси рад этилган, 2 таси кўрмасдан қолдирилган ва 3 таси иш юритишдан тугатилган.
Судларда ишлар кўрилиши жараёнида ҳудуддаги фермер хўжаликларининг ер майдонларига айни шу фермер ёки бошқа шахслар томонидан уй-жой ёки бошқа иморатлар қуриб олганлиги ҳолатлари ҳам аниқланган.
Мисол учун даъвогар Зафаробод туман прокуратураси туман ҳокимлиги манфаатида судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда жавобгар Ш.Шерматов (исм-шарифи ўзгартирилган)томонидан ноқонуний қурилган қурилмани буздиришни сўраган. Маълум бўлишича, жавобгар томонидан ҳеч қандай ҳужжатларсиз туман ҳудудида ўзбошимчалик билан эгалланган 161 квадрат метр ер майдонига ноқонуний қурилма қуриб олинганлиги аниқланган.
Суднинг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилиб, жавобгар томонидан ўзбошимчалик билан 161 квадрат метр ер майдонига қурилган қурилма жавобгар ҳисобидан буздирилиши ва жавобгардан давлат фойдасига 680.000 сўм давлат божи ундириш белгиланган. Негаки, Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 212-моддаси 1 ва 3 қисмларига кўра, "Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади. Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди."
Ушбу модданинг 3-қисмига кўра, ўзбошимчалик асносида иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.
Бундай ҳолатларни бошқа бир қанча фуқаролик ишларида ҳам кўриш мумкин.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан уй-жой ва бошқа қурилмалар қуриш мумкин эмаслигини билишлари лозим, албатта. Чунки, ўзбошимчалиги унга қимматга тушади. Негаки, суд харажатлари айбдор томондан ундирилади ва шу билан биргаликда иморатни ўз ҳисобидан бузади. Бу эса ортиқча сарф-ҳаражатларни келтириб чиқаради ва шу билан биргаликда ортиқча сарсончиликларга сабаб бўлади.
Шу сабабли барчани ўзбошимчалик асносида иморатларини қурмасликка, хужжатлар ва қонун-қоидалар билан яқиндан танишиш ва ўрганишга даъват этамиз.
Шеҳроз Омонов
Фуқаролик ишлари бўйича
Жиззах туманлараро суди раиси