Тошкент вилоятида иккита компания бош ҳисобчиси электрон рақамли имзо калитларидан фойдаланиб, 1,9 миллиард сўм маблағни шахсий банк картасига ноқонуний ўтказгани аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси ("Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш") бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бош прокуратуранинг таъкидлашича, ушбу жиноий ҳаракатлар иккита компаниянинг молиявий барқарорлигига сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил декабрь ойида Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилган эди. Хусусий МЧЖ раҳбари ижтимоий соҳа объектларида иситиш тизимини таъмирлаш учун ажратилган қарийб бир миллиард сўм бюджет маблағини ўзлаштиргани учун жавобгарликка тортилган.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш соҳасида қонунчиликка амал қилиш ва молиявий назоратни янада кучайтириш зарурлиги ушбу ҳолатлар орқали яна бир бор кўзга ташланмоқда.