Давлатимиз раҳбари раислигида мактаб таълими юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда кейинги етти йилда мактабгача ва мактаб таълими соҳасида амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил этилди.
Мана масалан, охирги 7 йилда мактабгача ва мактаб таълими учун маблағ 7 карра оширилган. Жорий йилда бунга 60 триллион сўм йўналтирилган. Мактабларда 1 миллионга яқин, боғчаларда 1,5 миллион янги ўринлар яратилди. Боғча билан қамров 3 карра ошиб, 78 фоизга етди. Ҳақиқатдан ҳам сўнгги вақтларда таълим учун етарли даражада пул ажратилди, имконият яратилди, лекин нега натижа кутилганидек эмас? Жавоби аниқ, таълим дастурлари янгиланди, лекин ўқитувчи малакаси янгиланмади. Малака ва методика ўзгаришдан орқада қолди.
Акс ҳолда ўқишга иштиёқи баланд ёшлар мактабда олган билимидан қониқмай хусусий таълим марказларида ўқимаган бўларда. Мактабларда айрим ўқитувчилар дастурда белгиланган мавзуларни 45 дақиқа ичида чала-чулпа тушунтириб дарсни якунламоқда. Ўқув марказларида эса олган пулларини оқлаш учун мавзу ёшларга мукаммал тарзда тушунтирилмоқда.
Таълим дастурлари энг илғор мамлакатлар тажрибасига мослаштирилиб, дарсликлар янгилангани, мактабларга замонавий жиҳозлар олиб берилгани билан тизимдаги муаллимларнинг янги методикаларни ўзлаштириши, таълим сифатини таъминлаши қониқарли даражада эмаслиги Президентимиз томонидан ҳаққоний танқид қилинди.
Масалан, икки йил олдин тоифа бериш тизими шаффоф, рақамлашган платформага ўтгани ҳақиқий аҳволни кўрсатди. Жумладан, ўтган йили 341 минг ўқитувчи янги тизим асосида тоифага топширган бўлса, шундан 102 минг нафари имтиҳондан ўта олмагани қайд этилди.
Ишга олишда дипломга қараб эмас, билим ва малакани баҳолаш тизимига ўтилди. Бу янги тизим орқали имтиҳон қилинган 13 минг номзоддан 6 минги билими қониқарсиз бўлгани учун ишга кира олмади.
Хорижий мамлакатларда корхона раҳбарлари олий ўқув юртларини битираётган талабалар билан суҳбатлашади, зарур бўлса имтиҳон қилиб кўришади ва лаёқатли, салоҳиятли талабани ишга таклиф этади. Менинг фикримча ҳудудлардаги 12 та педагогика олийгоҳи ҳам ММТВ тизимига ўтказилиши бежиз эмас. Мактаб ва мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбарлари тизимдаги педагогика олий ўқув юртларига келиб, ўз мактаби ва тумани учун етук кадрларни ана шу тариқа танлаб олишлари керак.
Уяли телефонлар фарзандларимизни билимсизлик оламига етаклаётгани сир эмас. Ўқувчиларга мактабда Интернет тармоғига уланиш имконини берувчи телефонлардан фойдаланиш қонун йўли билан тақиқланиши лозим.
Шунингдек, ёзги таътил давомида спорт майдонлари, маданий-маърифий марказлар каби кутубхоналар, мактаблардаги ахборот ресурс марказлари ҳам доимий ишлаб туришлари зарур.
Нодира КАРИМОВА,
Халқ депутатлари Жиззах вилояти
Кенгаши котибият мудири.