Бош вазир Абдулла Ариповнинг ваъдалари: газ, энергия, уй-жой ва кредит

Улашиш:

Абдулла Арипов парламент палаталарининг қўшма мажлисида Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастури ҳақида нутқ сўзлади.

Абдулла Арипов Ҳаракатлар дастури Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан охирги 3 йилда белгилаб берилган тизимли мақсад ва вазифалар ижросига мувофиқ тайёрланганлигини айтиб ўтди.

Дастур лойиҳасида ҳукуматнинг давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари эътибори устувор ва тизимли вазифаларни амалга оширишга қаратилган.

Иқтисодиёт соҳасида ягона давлат сиёсати амалга ошириш таъминланади. Президент топишириғига кўра, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда ислоҳотларни амалга ошириш муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, ҳудудларни мутаносиб ривожлантиришни назарда тутувчи Ўзбекистон 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқиб, яқин кунларда тасдиқлаш учун давлат раҳбарига тақдим этилади.

Макроиқтисодий барқарорлик иқтисодиётни янада ислоҳ этиш, миллий иқтисодиётни диверсификация қилиш ва рақобатбардошликни ошириш чоралари кўрилади. Бунда ЯИМ ўсиши 2020 йилда 5,5 фоизга кам бўлмаслиги ва кейинги 5 йил ичида унинг ўсиш суратларини ўртача 6 фоиз атрофида бўлиши таъминланади.

Беш йил ичида мақсад - ЯИМнинг ҳажмини 100 млрд долларга етказишдан иборатдир. ЯИМ таркибида саноат улуши ҳозирда 30 фоиздан 2025 йилга бориб 33 фоизга, хизматлар кўрсатиш эса мос равишда 35 фоиздан 37 фоизга етказиш юзасидан зарур чоралар кўрилади. Бунда президент томонидан берилган топшириққа мувофиқ инфляция суратларини пасайтириш тенденциясига ўтказиш энг асосий вазифамиз бўлади. Бугун президент таъкидлаб ўтганларидек, энг камида 5 фоизга инфляция даражасини камайтириш энг устувор вазифалардан бири бўлади”, - деб таъкидлади Арипов.

Иқтисодиётни бошқаришда бозор механизмларини кенг жорий этиш, ва унинг асосий тармоқларини ривожлантириш стратегиялари ишлаб чиқилиб, амалга оширилади. Жумладан, юқори ликвидли, монопол маҳсулотларни биржа савдоларини сотишнинг ягона тартиби жорий қилинади. 2021-2022 йилларда савдо корхоналари, логистика марказларини ривожлантириш стратегияси ҳамда қурилиш маҳсулотларини диверсификация қилиш бўйича чора тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилади.

Саноатни модернизация ва диверсификация қилиш, юқори технологияли қайта ишлаш тармоқларни жадал ривожлантириш, энергия тежамкор технологияларни ишлаб чиқариш кенг жорий этиш давом эттирилади. Бунинг учун 2020-2025 йилларда саноатни ривожлантириш концепцияси, 2020-2021 йилларда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда минерал хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш дастурлари ишлаб чиқилади.

Яқин йилларда импорт ўрнини босувчи, маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватловчи соҳалардан бири бўлмиш - электротехника саноатига иқтисодий ўсишнинг асосий йўналишлари сифатида қараймиз. Жорий йилда 2020-2030 йилларда электротехника саноатини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади. Соҳада 2030 йилга бориб ишлаб чиқариш ҳажмини 5 бараварга ошириб, ҳажмни 4 млрд долларга етказиш кўзда тутиляпти. Экспорт ҳажмини 6 бараварга ошиши ва мазкур соҳада ишловчилар сонини сал кам 200 минг кишига етказиш чоралари кўрилади”, - деди Арипов. 

2030 йилга бориб электротехника маҳсулот, маиший техника маҳсулотлари бўлган талабни 80-90 фоизга фақат ички ишлаб чиқариш маҳсулотлари етказиб бериш орқали таъминланади.

Ёқилғи-энергетика соҳасида муаммоларимиз тўғрисида президентимиз батафсил гапирдилар, бу соҳада яқин йилларда умумий қиймати 7 миллиард 600 миллион доллар инвестиция лойиҳаларни 2025 йилга қадар амалга оширилади”, - деди Арипов.

Бунинг натижасида электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватларини 1,4 бараварга, табиий газ ишлаб чиқариш 1,2 бараварга, нефт маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 2,1 бараварга ошириш таъминланади.

Табиий газни мамлакатда чуқур қайта ишлаб қўшимча қийматли бозорбоп маҳсулот ишлаб чиқариш қувватлари кенгайтирилади. Электр энергия ишлаб чиқишда эса муқобил энергия манбалардан кенг фойдаланишга ўтилади.

Президент топшириғига кўра, энергия сарфини камайтириш мақсадида жорий йил охиригича истеъмолчиларга электр энергия ва табиий газни ҳисобга олиш бўйича электрон ҳисоблагичларни тўлиқ ўрнатилиши ва бу орқали нореал қўшимча тўловларни бартараф этилиши таъминланади.

Кимё саноатини ривожлантириш дастури бўйича қиймати 12 млрд долларлик 31 та инвестиция лойиҳаларини амалга оширилиб, 50 та янги турдаги полимер ва бошқа бозорбоп маҳсулотлар ўзлаштирилади.

Республикада мавжуд 21 та эркин иқтисодий ва 156 та кичик саноат зоналари фаолиятини янада ривожлантиришнинг зарур чоралари кўрилади. Бунда аҳоли зич жойлашган ва тадбиркорлик ривожланган ҳудудларда бўш бўлган бинолар ерлар, янги кичик саноат зоналари ташкил этиш орқали улар сони камида 2 баравар ошириш чоралари кўрилади.

Бозор тамойилларига асосланган корпоратив бошқарувнинг замонавий принциплари ва усулларини жорий этиш давом эттирилади. Буларни изчил амалга ошириш учун 2020-2023 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарга эгалик қилиш, бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси ишлаб чиқилади.

Тадбиркорликни жадал ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини мунтазам яхшилаб бориш, хуфиёна иқтисодиёт улушини қисқартириш, иқтисодиётда давлат иштирокини мақбуллаштириш учун шарт-шароитлар яратилади. Кўриладиган чоралар натижасида кичик бизнеснинг ЯИМдаги улуши 2020 йил якунида 62 фоиздан оширишга эришилади.

Солиқ соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш ҳисобига жорий йилда норасмий иш ўринларнинг беш мингтаси легаллаштиришга эришилади. Жаҳон банкининг бизнесни юритиш индексида Ўзбекистонни ҳозирги 69 ўриндан 2030 йилда 20-чи ўринга кўтариш юзасидан барча зарур чоралар кўрилади.

Тадбиркорлар, жумладан, чет эллик инвесторлар мурожаатлар билан ишлаш, улар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқот қилиш мақсадида президент ташаббуслари билан ҳудудларда очилган бош вазирнинг қабулхоналарида тадбиркор билан мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш билан кундалик шуғулланиш ишлари давом эттирилади”, - деб таъкидлади Арипов.

Урбанизация жараёнларини давлат томонидан тартибга солиш ва давлат уй жой сиёсатини амалга ошириш таъминланади. Бу вазифани амалга ошириш учун ишлаб чиқилган 2030 йилгача урбанизацияни ривожлантириш концепцияси асосида амалга оширилади.

Президент кўрсатмаларига кўра, кам таъминланган ва уй жой шароитларини яхшилашга мухтож оилаларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ёки фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун давлат бюджети ҳисобидан субсидиялар ажратиш тизими амалга оширилади.

Эндиликда уй жойлар қурилишида янги турдаги энергия тежамкор қурилиш материалларидан кенг фойдаланган ҳолда кўп қаватли қишлоқ массивларда 5-7 қаватли, шаҳарларда эса 12-16-18 қаватли ҳамда 30-қаватгача бўлган уйлар қурилади”, - деб алоҳида таъкидлаб ўтди Арипов. 

Бюджет, молия ва пул-кредит сиёсати соҳасидаги ислоҳотларни изчил давом эттирилади. Бюждет, молия, пул-кредит сиёсатини мувофиқлаштириш такомиллаштирилади. Давлат қарзини халқаро стандартлар асосида бошқариш, уни макроиқтисодий барқарорлик учун хавфсиз даражада сақлаб туриш ва давлат кафолатини бериш механизми такомиллаштириш мақсадида давлат қарзи тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб парламентга киритилади.

Солиқ, бюджет сиёсатига нисбатан стратегик ёндошув татбиқ этиш мақсадида бюджетни шакллантиришнинг янги натижага йўналтирилган тизимини жорий этиш, бюджет маълумотларини очиқлиги, ҳамда бюджет жараёни устидан парламент вакиллари ва жамоатчилик назоратини кучайтиришни инобатга олган ҳолда 2020-2024 йилларда давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегияси ишлаб чиқилиб, амалга оширилади.

Бу борада ҳар йили келгуси йиллар учун Ўзбекистоннинг давлат бюджети тўғрисидаги қонун ишлаб чиқилиб, ижроси таъминланади. Бунда харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинади. Маҳаллий бюджетларининг мустақиллиги ҳамда маҳаллий ҳокимликларни масъулияти янада оширилади. 

Эслатиб ўтамиз, қўшма мажлисда қатнашаётган 150 нафар депутатдан 148 нафари, 97 сенатордан 94 нафари Абдулла Арипов номзодини ёқлаб овоз берди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.