Абдулла Арипов Тожикистондаги «Артел» қўшма корхонасини бориб кўрди

Улашиш:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Тожикистонга қилган расмий ташрифи давомида Душанбе шаҳридаги «Артел Авесто электроникс» ўзбек-тожик қўшма корхонасини бориб кўрди.

Маиший техника маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган қўшма корхона 2020 йилнинг учинчи чорагида тест режимида иш бошлаган эди. Ҳозирда бу ерда электр сув иситгичлари ҳамда чангютгичлар ишлаб чиқарилмоқда.

Инвестициявий лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларидан иборат. Яқин вақтлар ичида лойиҳанинг иккинчи босқичи ишга туширилиши режалаштирилган. Учинчи босқич эса 2021 йилнинг биринчи чорагида ишга тушади. Шундан сўнг корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати ошиб, телевизор, ярим автомат кир ювадиган машина ва микротўлқинли печ ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Ҳозирда ускуналарни ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Корхона маҳсулотлари нафақат ички бозор талабларини қондириш, балки қўшни республикаларга, хусусан Афғонистон Ислом Республикасига ҳам экспорт қилиниши кутилмоқда.

Эътиборли томони, корхонанинг ўзида маиший техника маҳсулотлари дўкони ишга тушган. Маҳсулотлар сифатли ва энг муҳими ҳамёнбоп. Келажакда савдо нуқталарини янда кўпайтириш режалаштирилган.

Тожикистонлик тадбиркорлар билан электротехника саноатини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширилиши, экспорт кўламини ортишига ўзаро товар айирбошлашни кенгайтириш имконини беради. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси бугун Душанбе шаҳрида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 7-йиғилишида иштирок этди.

Йиғилиш давомида 700 миллион АҚШ долларидан ортиқ товар айирбошлаш бўйича келишувларга эришилган. Яқин келажакда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги товар айирбошлашни 1 миллиард АҚШ долларидан ошириш режалаштирилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.