Солиқ хизмати: Карантин даврида Ангрендан Форишга ун келтирилмаган

Улашиш:

Яқинда ижтимоий тармоқда “Нарх оширилгани бўйича чақириғимизга  солиқ идорасидан бирор  ходим келмади” деган мазмундаги хабар эълон қилинган. Унда ёзилишича Фориш тумани Сайёд маҳалласида 150 минг сўмлик Ангрен уни 167 минг сўмдан сотилган эмиш. Нарх ошиб кетганлиги сабаб кўпчиликнинг ун харид қилишга қурби етмаслиги ва нарх оширилгани бўйича солиқ идорасига қўнғироқ қилсак-да, бирор ходим вазиятни ўрганиш учун келмаганлиги баён қилинган.

Вилоят ДСБ Ахборот хизмати мазкур холат юзасидан ўрганиш ўтказди. “Сайёд” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ш.Маҳкамовни бизга берган ёзма маълумотига асосан маҳаллага Ангрен туманидан ҳеч қандай ун олиб келиниб, сотилмаганлиги  маълум бўлди.              Мамлакатимизда коронавирус пандемияси натижасида карантин эълон қилинганлиги билан Вилоят Давлат солиқ бошқармаси вилоят прокуратураси ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда озиқ-овқат ва зарур тиббий воситалар нархлари қатъий назоратга олинган. Шу жумладан ун маҳсулотлари ҳам жойларда тегишли масъуллар иштирокида сотилаяпти. Улар нархлар барқарорлиги сақланишини диққат билан назорат қилиб, кунлик маълумотларни раҳбариятга бериб бораяптилар. Маълумот ўрнида шуни айтиш лозимки  Фориш туманига жорий йилнинг 1-6 апрель кунлари   “Жиззахдонмаҳсулоти”АЖ ва “Дўстликдонмаҳсулотлари”АЖ дан 100 тонна ун маҳсулотлари етказиб берилди. 4-сектор раҳбари, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Юнусжон Насимджонов туман ҳокимлиги билан биргаликда  яна 100 қоп ун маҳсулотларини кам таъминланган оилаларга тарқатилиши режалаштирилди.

Солиқ инспекцияларига ўрнатилган “Ишонч телефони”га қилинаётган ҳар бир мурожаат назорат қилиниб, муаммолар жойида ўрганилмоқда. Биргина Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармасига ўрнатилган “Ишонч телефони”га карантин бошлангандан буён 97 та мурожаат қилинган бўлса 12 таси нарх-наво билан боғлиқ бўлиб, рўйхатга олиниб профилактик назорат тадбирлари ўтказилди, 85 та  мурожаатлар жойида ҳал этилди ва  шундан  21 та мурожаат айнан Фориш туманига тўғри келмоқда.

Барча ватандошларимизга эслатиб ўтамиз, тинчликни сақланг, мамлакатда озиқ-овқат захираси етарли. Ҳар бир савдо нуқтасида давлат солиқ хизмати ходимлари нархларни қатъий кузатиб бормоқда. Агар сиз зарур бўлган маҳсулотлар нархининг асоссиз кўтарилганига гувоҳ бўлсангиз вилоят ДСБнинг (72)222-07-00 рақамига, Фориш туманинг (72) 452-11-72 рақамли “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилишингизни сўраймиз.

                                             

                                                           Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.