Ўзбек тадқиқотчиси коронавирусга қарши ўзига хос қурилма яратгани айтилмоқда

Улашиш:

Эндиликда COVID-19 ҳақида фанга кўп нарса маълум. Шулардан бири короновируснинг ҳаво орқали тарқалиши. Биргина йўтал ёки аксириш оқибатида ҳосил бўлган булутли томчилар ҳавода бир неча дақиқа давомида сақланиб туради. 

Тошкент шаҳар санитария-эпидемиология осойишталик маркази томонидан тузилган экспертлар гуруҳи коронавирусга қарши ўзига хос курашиш йўлини топди. Sangzor.uz бу ҳақда илгари ҳам маълум қилган эди. Энди тафсилотларни очиқлаймиз.

Дастлабки лаборатория синов-тадқиқотлари муваффақиятли якунланди. Изланишлар вирус ва бактерияларни блоклайдиган ва зарарсизлантирадиган универсал теxнология яратиш устида олиб борилди.

Унга кўра, янги инновацион технология ёпиқ майдондаги ҳавони зарарсизлантирибгина қолмай, беморнинг нафас йўллари ва ўпкасигача вирус ҳамда бошқа юқумли касалликлардан тозалайди.

— Инновацион технологиянинг асоси — янги яратилган молекулалар, — дейди мазкур ихтиро муаллифи, тадқиқотчи Олимжон Юсупов. — Ана шу ажабтовур молекулалар белгиланган ҳудуднинг ҳавоси ва ҳатто турли жисмлар, ашёларнинг устки ҳамда ички қисмларидаги мавжуд вирус ва бактерияларни ҳам нейтраллаштириш хусусиятига эга. Шунингдек, бу қурилма инсон нафас олиш йулларидаги вирусларгача масофавий зарарсизлантиради. Энг муҳими, уни қўллаш учун кўп вақт талаб этилмайди. 30 метр квадрат майдондаги xона дезинфекцияси учун бор-йўғи 15 дақиқа кифоя.

Лойиҳа муаллифининг таъкидлашича, янги яратилган технология ҳаво орқали инфекция юқиши xавфини бутунлай йўққа чиқаради. Бу технологиянинг универсаллиги шундаки, у нафақат тожсимон ўлат, барча турдаги микроблар, бактериялар ва вирусларнинг кушандасига айланади.

Мутахассисларимиз ушбу теxнологиядан тиббиёт муассасалари ва одам гавжум бўладиган бошқа бино ва иншоотларда фойдаланишни тавсия этишмоқда. Унинг ишлаш принципи энг замонавий теxнологияларга асосланган ва инсон саломатлиги учун мутлақо хавфсиз.

Янги инновацион қурилма яқин кунларда мамлакатимизда оммавий равишда ишлаб чиқарилиши мўлжалланяпти.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.