Ҳукуматнинг тегишли қарорига кўра, барча автомототранспорт воситалари учун яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиш талаби бекор қилинди. Бу ҳақда ЎзА (@uzauz) хабар бермоқда.
Эндиликда мазкур талаб фақатгина қуйидаги 6 та ҳолат бўйича мажбурий этиб белгиланди:
1) транспорт воситалари ташкилий жамланма сафида ҳаракатланаётганда;
2) йўловчиларни ташиётган автобус ва йўналишли транспорт воситаларида;
3) болалар гуруҳини ташкилий ташишда;
4) хавфли, катта ўлчамли ва оғир вазнли юкларни ташишда;
5) механик транспорт воситаларини шатакка олишда;
6) мотоцикл ва мопедларда.
Қолган ҳолатларда автотранспорт воситалари кундузи чироқларини ёқиб юришга мажбур эмас ва бу жавобгарликни келтириб чиқармайди.