Польшада 18 йиллик қамоқдан сўнг айбсиз деб топилган одамга 3,5 миллион доллар товон пули тўланди

Улашиш:

Польшада яшовчи Томаш Коменда 18 йил озодликдан маҳрум қилинган эди. Яқинда унинг айбсизлиги маълум бўлди ва унга деярли 13 миллион злотий (3,5 миллион доллар) тўлаб берилди, дея хабар қилмоқда «РИА Новости».

Ўн саккиз йил олдин Польшанинг кичик бир шаҳрида 15 ёшли қиз вафот этган. У зўрлангани ва совуқда қолдирилгани аниқланган. Ушбу жиноят учун 23 ёшли Коменда айбдор деб топилган. У 25 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Яқинда ушбу жиноят ишида маҳкумнинг айбсизлигини исботловчи экспертиза натижалари пайдо бўлди. Натижада Томаш Коменда қотиллик ва зўрлашда айбсиз деб топилди ва 18 йиллик қамоқдан сўнг жазони ўташдан озод қилинди.

Озодликка чиққандан кейин Коменда давлатдан суд орқали товон пули талаб қилишга қарор қилди. Унга 18 миллион — қамоқда ўтказган ҳар йили учун бир миллион злотий (тахминан, 4,8 миллион доллар) товон пули тўлаш белгиланди.

RMF FM порталининг хабар беришича, Ополе вилоят суди 8 февраль, душанба куни Комендага 12 811 533 злотий компенсация ва товон пули тўлашга қарор қилган. Суд мажлиси ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган.

Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қизнинг ўлимининг ҳақиқий айбдорларини топишга муваффақ бўлган. Уларнинг ҳар бири 25 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.