Маълумки, оммавий ахборот воситаларида Давлат солиқ қўмитаси томонидан қўшилган қиймат солиғи тўловларини ноқонуний равишда камайтириш мақсадида шубҳали операцияларни амалга оширган 396 та тадбиркорлик субъекти билан муносабатларга киришган 8 минг 536 та тадбиркор томонидан қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисобга олинган 955 миллиард сўм миқдорида солиқ тўловларига ўзгартиришлар киритилгани ҳолати жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Йиғилишда ушбу ҳолат юзасидан Давлат солиқ қўмитасининг ахбороти эшитилди.
Ушбу шубҳали корхоналар “Бир кунлик фирмалар” ёки “Нақдлаштирувчи фирмалар” рўйхатининг солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш автоматлаштирилган дастури асосида инсон омилисиз шаклланган. Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар лозим даражада эҳтиёткорлик чорасини кўриш учун контрагентини текшириш ва ҳужжатларга эга бўлиш мажбурияти 2020 йил 1 январда амалда бўлган Солиқ кодексида белгиланган. Солиқ кодексининг 14, 15 ва 266-моддалари асосида ҳисобга олинган солиқ суммасига тузатиш киритилган.
Реестрга киритилган шубҳали корхоналар билан операцияларни амалга оширган хўжалик юритувчи субъектларнинг мурожаатларига тезкорлик билан жавоб бериш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси ва барча ҳудудий давлат солиқ бошқармаларида маъсул мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи ташкил этилди.
Бугунги кунда ишчи гуруҳ аъзолари тадбиркорлар билан индивидиуал тартибда суҳбат олиб борган ҳолда, масалаларга қонуний ечим топмоқда.
Мурожаат қилган тадбиркорлик субъектларининг шубҳали, деб топилган корхоналар билан битимлари ўрганиб чиқилмоқда, натижалари солиқ қўмитасининг расмий сайтида ёритиб борилмоқда.
Давлат солиқ қўмитаси 2020 йилда пандемия даврида солиқ тўловчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида чоракда бир маротаба солиқ ҳисоботини тақдим этиш ҳуқуқи берилиши ҳам шубҳали корхоналарнинг вақтида аниқланмаганлигига сабаб бўлганини билдирди.
Йиғилишда депутатлар хориж тажрибасидан келиб чиқиб бир кунлик(обнал) фирмалар муассислари ва масъул ходимларининг солиқ ҳисоботлари бўйча масъулиятини ошириш, ҚҚС бўйича алоҳида ҳисобрақами очиш таклифларини ўрганиб чиқиб қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш масалаларини ўртага ташлади.
Шунингдек, келгусида тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида шубҳали корхоналар реестрини расмий веб-сайтларга тезкор жойлаштириб бориш чораларини кўриш бўйича тавсиялар берилди. Хўжалик юритувчи субъектлар лозим даражада эҳтиёткорлик чорасини кўриш учун контрагентини текшириш ва ҳужжатларга эга бўлиш мажбурияти ва бошқа солиқ ислоҳотлари юзасидан тушунтириш ишларини жадаллаштириш – келгусида ҳалол тадбиркорларнинг кўпайишида муҳим аҳамият касб этиши таъкидлаб ўтилди.