Автомобиллар тақчиллиги: яна бир йил кутамиз...

Автомобиллар тақчиллиги: яна бир йил кутамиз...

Чиплар етишмаслиги муаммоси камида 2023 йилгача давом этади, деди «Ford» бош директори Жим Фарли «FOX Business»га берган интервьюсида.

Чиплар муаммоси ҳал қилинмас экан, жаҳон бозорида автомобилларни ишлаб чиқариш қисқаришда давом этади. Бевосита «Ford» компанияси, зарарга ишламаслик учун, камроқ, бироқ қиммат машиналар чиқаришга урғу бермоқчи.

«LMC Automotive» консалтинг компанияси ҳисоб-китобларига кўра, пандемия оқибатида юзага келган ва кейинчалик такрорланган микроэлектроника ишлаб чиқаришдаги чекловлар сабаб 2021 йилда 9,6 млн.та машина конвейерлардан чиқишга улгурмади. 2020 йилда автосаноат бир-икки ой тақа-тақ тўхташи оқибатида салкам 15 миллионта кам машина чиқарилиб (жами чиқарилган машиналар — 77,8 млн.), сотувлар 14 фоизга пасайганди.

«LMC Automotive» хомчўтларига кўра, 2022 йилда машиналар савдоси 6,2 фоизгача ўсиб, 86,2 млн.тага етади. Солиштириш учун: пандемияга қадар жаҳон автосаноати йилига ўртача 90 миллионта автомобил ишлаб чиқарган.