Ўзбекистонда автомобиллар сотуви рекорд даражада ошган

Ўзбекистонда автомобиллар сотуви рекорд даражада ошган

Ўзбекистонда автомобиллар сотуви рекорд даражада ошган. Умуман олганда, ноябрь ойида сотувлар 41 фоизга кўтарилган. Шу билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар сотуви 58 фоизга, хорижий автомобиллар эса 69 фоизга ўсган. Бу ҳақда Ўзбекистон автомобил бозоридаги вазиятни ҳар ойда таҳлил қилиб борадиган Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар бермоқда.

Ноябрь ойида республикада 159 мингдан ортиқ автотранспорт воситалари сотилган, октябр ойига нисбатан ўсиш 41 фоизни ташкил этган. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида фаолликнинг ўсиши кузатилган. Жумладан, ноябрь ойида сотувларнинг энг катта ўсиши Тошкентда – 2 баробар, Фарғона вилоятида – 57 фоизга ва Сурхондарё вилоятида – 47 фоизга   кўтарилган.

Умуман олганда, республикада йил бошидан бери автомобиллар сотуви ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баравар ўсган ва 1,3 миллион автотранспорт воситасини ташкил этгани.

Автотранспорт воситаларининг бирламчи бозоридаги фаоллик

Ноябрь ойида бирламчи автомобил бозорида автомобиллар сотуви сезиларли даражада кўтарилган, хусусан, бир ой ичида рўйхатдан ўтган автотранспорт воситалари сони 57 фоиздан кўпроқ, бир йилда 68 фоизга ошган.

Иккиламчи автомобиль бозоридаги вазият

Автотранспорт воситаларининг иккиламчи бозорида таклифлар сони ҳам сезиларли даражада ошган. Кузнинг сўнгги ойида республикада 126 мингдан ортиқ автомобил сотилган, бу октябрь ойига нисбатан 38 фоизга кўпдир. Бир йил ичида иккиламчи автомобиль бозори 2,5 бараварга ўсган.

Маҳаллий енгил автомобиллар ва хорижий автомобилларнинг бирламчи бозори

Ноябрь ойида янги маҳаллий   енгил автомобиллар савдоси 27 мингтани ташкил этган, бу октябрь ойига нисбатан 58 фоизга кўп ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сотувлар 70 фоизга ошган.

Бир ой ичида чет элда ишлаб чиқарилган янги автомобилларни сотиш ҳажми 69,6 фоизга ўсиб, 2,9 мингтага етган, ўтган йилга нисбатан эса 2 бараварга ошган.