Лаҳадга қўйилмаган маййитлар

Лаҳадга қўйилмаган маййитлар

Фейсбук тармоғидаги хотин-қизлар гуруҳларидан биридаги баҳс-мунозарада Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида маййитлар кўмилмаслиги атрофида фикрлар алмашинаётганига гувоҳ бўлдик.

Ҳалима исмли аёл Пахтачи туманида яшаркан.

«Келин бўлиб тушган қишлоғимга яқин жойда яшайдиганлар ўликларни кўммайди. Махсус уйча қуриб қўйилган. Эркаклар, аёллар учун алоҳида хоналар бўлади. Ўша ерда тапчанга ётқизиб қўйишади. Уйнинг фақат эшиги бўлади. Униям лой билан яхшилаб суваб ташлашади. Қандайдир вақтдан кейин кириб суякларни териб хонанинг бурчагига қўйишади. Озроқ ҳид келади, деб эшитганман.

Ўша ердан бўлган ва биз билан бирга ишлайдиган бола айтиб берганди: «Ўликни кўмиш учун кирдик. Кирган заҳотимиз, аввалроқ қўйилган, кафаннинг ичидаги ўлик қимирлаб шитирлаб овоз чиқара бошлади, юрагим чиқиб кетаёзди. Ўзимизни қўлга олиб қарасак, кўкрак қафас суяклари қуриб базўр илашиб турган экан. Ташқаридан ҳаво киргани учун шарақлаб бир-бирига теккан экан» деганди.

Ҳалимахон суҳбатдошларнинг саволларига жавоб бериб бу қишлоқнинг номини Пахтачи туманидаги Қарнабота деб айтган.

Ойгул исмли ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси эса «уйча»нинг номини ойдинлаштиради:

«Баъзи жойларда бир метр кавламасдан сув чиқиб кетади. Шунинг учун ерга кўмишмайди маййитни. Адашмасам хилхона дейишади, оилавий хилхона бўлади шунақа».

Самарқанд вилоятидаги чўл орасида жойлашган Қарнаб қишлоғи этнографиясининг ўзига хослиги билан тилга тушган. Бу қишлоқдан кўплаб зиёлилар чиққан. Улар билан боғланганимизда, барча амаллар мусулмон талабларига кўра -  маййитни ювиш, кафанлаш рисоладагидек амалга оширилишини айтадилар. Лекин жасад сағанага қўйилади, дейишди улар.

Фейсфукдаги мунозарага қўшилган яна бир суҳбатдош ёзади:

«Буни сағана ҳам дейишади. Қашқадарёнинг Касби туманида бор. Оилавий сағана қурилган. «Гурунг қилиб ётишаркан-да» деб айтардим. Сув чиқиш-чиқмаслигига боғлиқ бўлмаса керак. Майда кўзли деразалар қўйилганди, ёшлигимда кўрганман. Ичини кўришга ҳаракат қилгандим, кўролмагандим».

Маййитни лаҳадда кўймаслик амали Хоразм вилоятида энг кўп тарқалгани маълум. Биз Хоразмга сафаримиз чоғида улкан қабристонларда сон-саноқсиз зич жойлашган кичик-кичик сағаналарни кўрдик. Бу вилоят Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан сув ер юзасига жуда яқин жойлашгани билан ажралиб туради.

Шерали Рўзимов Урганчда яшайди. У инженер-механик. Шерали мавзуга оид саволларга батафсил жавоб беради. Аждодлари Хонқа туманидаги Жирмирата қабристонига қўйилган экан. «Бир кишига битта сағана, то ўша қабристон бузилмагануча шу сағанада бўлади, суягига ҳеч ким тегинмайди, бошқа жасад қўйилмайди».

Шерали XIX-XX асрларда майит ерга кўмилмаган бўлса ҳам ер устига қўйилиб, устидан тупроқ тортилганлигини айтади. «1940 йиллардан сўнг ғиштдан сағана қуриб, майит унинг ичига қўйиладиган бўлди. Барча амаллар исломий».

Сағананинг афзал жиҳати бор, деб таъкидлайди суҳбатдошим. «Бир йигит ток уриб ўлди, пешинда сағанага қўйиб келишган, кечқурун уйига кириб келган. Бу 80-йиллардаги гап. Мен бола эдим».

Мусулмонларнинг лаҳадга қўйилмасдан дафн этилиши ҳолатлари водийнинг айрим жойларида ҳам кузатилиши айтилади. Тожикистоннинг Амударё соҳиллари бўйида жойлашган қишлоқлари, жумладан, Қўрғонтепа вилоятидаги Қабодиён қишлоғида ҳам оилавий мақбаралардан бугунга қадар фойдаланилади.

Ўзбек тилида хилхона, сағана сўзлари қаторида мақбара, даҳма ва хазира сўзлари ҳам ишлатилади.

Айни мавзу борасида Ўзбекистонда бирор изланиш ёки илмий иш борлиги маълум эмас.