Қишки «ойна» охирида кутилаётган 10 та трансфер

Қишки «ойна» охирида кутилаётган 10 та трансфер

31 январ куни Европанинг асосий чемпионатларида қишки трансферлар ойнаси ёпилади. Бу қишда бир неча жиддий трансферлар рўй бериб улгурди, сўнгги кунларда яна қатор катта трансферлар амалга ошиши кутилмоқда. Қуйида яқин вақтлар ичида бўлиши кутилаётган 10 трансфер ҳақида.

Мойсес Кайседо, яримҳимоячи, «Брайтон» → «Арсенал»
Трансфер қиймати
: 38 млн евро.

Фото: WARREN LITTLE/GETTY IMAGES

21 ёшли эквадорлик футболчи Поттер ортидан «Челси»га йўл олиши кутилганди, аммо лондонликлар бошқа футболчиларга эътибор қаратишди ва футболчи «Ливерпул»га ўтиши ҳақида хабарлар чиқа бошлади.

Поттер кетгач ҳам АПЛда суръатни пасайтирмаган ва «Челси» ҳамда «Ливерпул» каби рақибларни мағлубиятга учратиб, турнир жадвалида олтинчи ўринда бораётган «Брайтон» моторларидан бири айнан Кайседо бўлиб турибди. «Брайтон» эса футболчи учун юқори нарх (85 млн фунт) белгилаб қўйгач, «Ливерпул» курашдан чиқди.

Томас Парти жароҳат олиб сафдан чиққач, «Арсенал» ушбу футболчи учун асосий даъвогарга айланган. Жума куни «Арсенал» футболчи учун 60 млн фунт таклиф жўнатди, ESPN хабарига кўра бу таклиф рад этилган.

Аммо футболчининг ўзи ҳам шу клубга ўтишни қаттиқ истамоқда ва клубининг «Ливерпул»га қарши ўйиндан олдинги машғулотларига келмади ва лондонликлар таклифни янгилашини кутмоқда. «Кайседо машғулотларга келмади — у тезроқ кетишни истамоқда. «Арсенал» 60 млн фунт тўлашга тайёр. «Челси» 55 млн фунт таклиф қилганди – рад этилди», — дея ёзган инсайдер Фабрицио Романо. Футболчи эса клубдан кетишни истаётганини билдириб, ижтимоий тармоқларда мухлислар билан хайрлашишга ҳам улгурди.

«Мен клуб раҳбари мистер Тони Блум ва «Брайтон»дан АПЛда ўйнаш имкониятини тақдим этишгани учун миннатдорман. Мен улар учун ҳамиша бор имкониятимни ишга солдим. Мен Эквадорнинг Санта-Доминго шаҳридаги қашшоқ оиладаги ўн фарзанднинг энг кичигиман. Ҳамиша Эквадор тарихидаги энг совриндор футболчи бўлишни орзу қилганман. «Брайтон» тарихидаги рекорд трансферга айланишим, клуб бу пулларни қайта инвестиция қилиши ва муваффақиятга эришишда давом этишига ёрдам беришим мумкинлигидан фахрланаман. Фанатлар мени яхши қабул қилишди, улар доимо қалбимда. Шунинг учун умид қиламанки, улар мен нима учун бу ажойиб имкониятдан фойдаланишни истаётганимни тушунишади».

Сўнгги хабарларга кўра, «Арсенал» Кайседо трансфери бўйича таклиф қийматини 70 млн фунтгача оширди.

Милан Шкриньяр, ҳимоячи, «Интер» → «ПСЖ»
Трансфер қиймати
: 60 млн евро.

Фото: YASSER BAKHSH/GETTY IMAGES

Словакиялик 27 ёшли футболчининг «Интер» билан шартномаси муддати 2023 йил ёзида тугайди, «ПСЖ» эса ушбу ҳимоячини ҳозир трансфер қилмоқчи. Журналист Sky Sport Germany журналисти Флориан Плеттенбергга кўра, парижликлар трансферни қишдаёқ расмийлаштириш учун 10 млн евро таклиф этмоқчи, миланликлар эса 15 млн евро сўрамоқда. Шкриньярнинг ўзи «ПСЖ»га ўтишга розилик берган, у билан оғзаки келишувга эришилган. Француз клуби президенти Носир Ал-Ҳилайфи «Интер»нинг асосий ҳимоячиси трансфери борасидаги вазиятни шахсан назорат қилмоқда. Парижликлар беш ярим йил йил ичида Италия чемпиони бўлган, мамлакат кубогини қўлга киритган ва Суперкубок учун ўйинларда икки бор ғолиб чиққан ушбу футболчини трансфер қилиш орқали катта маблағни тежаб қолиши мумкин.

Уэстон Маккенни, яримҳимоячи, «Ювентус» → «Лидс»
Трансфер қиймати
: 21 млн евро.

Фото: OCTAVIO PASSOS/GETTY IMAGES

«Лидс» америкалик футболчини кейинроқ 25 млн еврога трансфер қилиш ҳуқуқи билан ижарага олмоқчи - бу ҳақда журналист Николо Шира хабар бермоқда. Бунгача ОАВда «Ювентус»га ушбу 24 ёшли футболчи учун 30 млн евро ва бонуслар таклиф этилгани хабар қилинганди. «Лидс» ёзда Уэстон билан 2027 йилга қадар шартнома тузиб, бонуслардан ташқари, йилига 3,7 млн евро маош тўлаши мумкин. Футболчининг ўзи инглиз клубига ўтишга розилик берган. Ўтган бир ярим йилда Маккенни «Ювентус» сафида 96 ўйинда майдонга тушишга улгурди. Унинг туринликлар билан шартномаси 2025 йил ёзига қадар амал қилади.

Элдор Шомуродов, ҳужумчи, «Рома» → «Специя»
Трансфер қиймати
: 7 млн евро.

Фото: PAOLO BRUNO/GETTY IMAGES

Ўзбекистонлик футболчи жорий мавсумда деярли ўйнамаяпти: барча турнирлар доирасида саккиз ўйинда 151 дақиқа ва бир гол. Ўтган ҳафта охирида римликлар клуби бош мураббийи Жозе Моуриньо Шомуродов бошқа клубга ўтишини тасдиқлади. «Шомуродов ўз меҳнатлари эвазига майдонга чиқиб, футбол ўйнашга муносиб. У ўтган вақт давомида бизга ёрдам беришга тайёр туриш учун машғулотларда борини бериб ишлади. У фантастик йигит. Воқеалар ривожи қандай бўлишини кўрамиз, балки ярим йилдан кейин қайтар», деди у.

Ҳозирда Шомуродовнинг «Специя»га трансфери якуний босқичда турибди. Футболчи мавсум охирига қадар ижарага берилади. Ушбу форвардга «Торино»дан ташқари, «Лилль», «Байер» каби клублардан ҳам қизиқиш бўлганди, аммо Италияда қолишга қарор қилди. 27 ёшли футболчининг римликлар билан шартномаси 2026 йил июнига қадар тузилган. У Италиядаги илк мавсумида «Женоа» сафида 31 ўйинда саккиз гол урган ва «Рома» назарига тушганди.

Энцо Фернандес, яримҳимоячи, «Бенфика» → «Челси»
Трансфер қиймати
: 55 млн евро.

Фото: GUALTER FATIA/GETTY IMAGES

Аргентиналик футболчи – бу сафарги қишки трансферлар ойнасида энг кўп муҳокама қилинган футболчилардан бўлди. «Челси» Фернандесни қўлга киритиш учун ҳаракатларини тўхтатмаяпти, сўнгги хабарларга кўра, 2022 йилги жаҳон чемпиони учун «Бенфика»га 100 млн евро ва Ҳаким Зиёш таклиф этилмоқда. CBS Sports журналисти Бен Жейкобснинг маълумотига кўра, лондонликлар португаллар сўраётган 120 млн еврони (шартномадаги бадал пули) тўлиқ тўлашни истамаяпти. Фернандес «Бенфика» президенти Руи Кошта ва бош мураббий Рожер Шмидт билан суҳбатда кетиш ниятини қатъий тасдиқлаб, ўзини қўйиб юборишни сўраган.

Таниқли инсайдер Фабрицио Романо «Челси» 30 январ куни ушбу трансфер бўйича музокараларнинг янги раундини бошлашни режалаштирганини хабар қилган. Давид Орнштейннинг ёзишича, лондонликлар ёзда ушбу футболчи учун кучли клублар билан рақобатлашишга тўғри келишини инобатга олган ҳолда, ҳозирнинг ўзида ҳаракат қилмоқчи.

2022 йил ёзида 22 ёшли Энцо «Бенфика» билан 2027 йил ёзига қадар шартнома тузган ва ўтган вақт ичида жамоа сафида 29 ўйин ўтказган (тўрт гол, етти ассист).

Ҳаким Зиёш, яримҳимоячи, «Челси» → «Бенфика»/«Барселона»/«Милан»
Трансфер қиймати
: 20 млн евро.

Фото: MIKE HEWITT/GETTY IMAGES

«Челси» марокашлик футболчисидан қутилмоқчи. Лондон клуби Ҳаким Зиёшни нафақат «Бенфика» билан, балки «Барселона» (Франк Кессье эвазига) билан трансферга қўшиши мумкин. Бундан ташқари, футболчига «Милан» томонидан қизиқиш мавжуд, аммо унинг 6,5 млн евролик йиллик маоши бу трансфер учун (жумладан ижара учун ҳам) тўсиқ бўлиши мумкин. Аммо «Челси» марокашлик футболчи билан «Рома» «Милан»дан Николо Дзаньола учун талаб қилаётганидан камроқ сумма эвазига хайрлашишга тайёр. 2022/2023 йиллар мавсумида Ҳаким Зиёш «Челси» сафида 15 ўйинда майдонга тушди ва 1 голга узатма берди.

Навас, дарвозабон, «ПСЖ» → «Ноттингҳем»
Трансфер қиймати
: 5 млн евро.

Кейлор Навас «ПСЖ»да Жанлуиджи Доннарумманинг ўринбосари бўлишдан чарчади. Ушбу костарикаликда доимий ўйин амалиётига эга бўлиш имконияти пайдо бўлган. L'Equipe нашрининг ёзишича, дарвозабон «Ноттингҳем Форест»га трансфер бўлишга розилик берган, бу клуб асосий дарвозабони Дин Ҳендерсон жароҳат олгач, шу позицияни кучайтиришга эҳтиёж сезган. Энди инглизлар клуби «ПСЖ» билан келишиб олиши керак бўлади — бу ёки ижара, ёки тўлақонли трансфер бўлиши мумкин.

Николо Дзаньоло, яримҳимоячи, «Рома» → «Милан»/«Борнмут»
Трансфер қиймати
: 30 млн евро.

Фото: PAOLO BRUNO/GETTY IMAGES

La Gazzetta dello Sport нашрининг ёзишича, «Рома» Дзаньоло учун камида 40 млн евро олмоқчи, аммо «Милан» футболчини мавсум охирига қадар ижарага олиб, мавсум якунида жамоа ЕЧЛга йўлланма олган тақдирда, уни 25 млн еврога сотиб олиш таклифини бермоқда. Римликларни эса бундай таклиф қониқтирмайди, шу туфайли клуб «Милан» учун 24 соатлик дедлайн белгилаган, бу муддат эса аллақачон тугади. Эндиликда «Рома» ушбу яримҳимоячисини анча кўпроқ маблағ таклиф этаётган «Борнмут»га сотишни режалаштирган.

Аммо шу ерда муаммо пайдо бўлди – римликлар клуби хўжайини Дэн Фридкин Николо Дзаньоло фаолиятини «Борнмут»да давом эттиришдан бош тортгач, ғазаб отига минган. Calciomercato.com хабарига кўра, 23 ёшли ҳужумкор яримҳимоячи Англиянинг ушбу клубига ўтишни яхши вариант деб ҳисобламаяпти, бу трансфер уни оиласидан ажратиб қўяди. Фридкин эса Дзаньоло бу таклифни рад этса, жамоа таркибидан четлатилиши билан таҳдид солмоқда. Хабар қилинишича, ушбу трансферга жалб қилинган томонларнинг барчаси футболчини АПЛга ўтишга ундамоқда.

Жонжо Шелви, яримҳимоячи, «Нюкасл» → «Ноттингҳем»
Трансфер қиймати
: 7 млн евро.

«Нюкасл» яримҳимоячиси Жонжо Шелви «Ноттингҳем Форест»га ўтишга яқин. The Telegraph маълумотига кўра, 30 ёшли футболчи музокара ўтказишга рухсат олган ва душанба куни янги клуби учун тиббий кўрикдан ўтиши кутилмоқда. У «қарғалар» раҳбариятига янги чақирувни қабул қилмоқчи эканини айтган.

Англиялик футболчи 2,5 йиллик шартнома имзолаши кутилмоқда. Унинг маоши ошади – янги клубида у ҳафтасига 70 минг фунт олади. Трансфер қиймати катта бўлмайди, чунки Шелвининг шартномаси муддати шу йил ёзда тугайди.

Жорий мавсумда ушбу ҳавбек АПЛда фақат уч ўйинда майдонга тушган.

Уилсон Изидор, ҳужумчи, «Локомотив» → «Лион»
Трансфер қиймати
: 5 млн евро.

Фото: ДМИТРИЙ ГОЛУБОВИЧ, «ЧЕМПИОНАТ»

Француз футболчиси «Лион» аъзосига айланади. Лига 1 вакили Уилсон Изидорни мавсум охирида 5 млн еврога сотиб олиш шарти билан 750 минг еврога ижарага олмоқда. Инсайдер Фабрицио Романога кўра, 22 ёшли футболчи яқин вақтлар ичида Францияга учиб, янги клуби билан шартнома имзолайди. Сотиб олиш шартини фаоллаштиришни талаб этадиган ўйинлар сонига аниқлик киритилмаган.

Жорий мавсумда Изидор барча турнирлар доирасидаги 17 ўйинда гол ва пас бўйича 4+4 кўрсаткичи қайд этди.