Давлат тили – миллий ғуруримиздир

Улашиш:

 Ушбу сана, шубҳасиз, мамлакатимиз ўтмишидаги энг қутлуғ саналардан бири. Зеро бу кунда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни қабул қилиниб, мустабид тузум ҳукмронлиги давридаёқ халқимизнинг ўзига хос жасорати тимсолига айланган эди ва шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, бу ҳужжат ўз вақтида халқимизнинг Истиқлолга бўлган умид-ишончини, миллий ғурур туйғусини кучайтириш билан бирга мустақиллигимизнинг ўзига хос пойдевори вазифасини бажарди десак, асло муболаға бўлмайди.

     Мутахассисларнинг фикрича, жаҳон аҳли бугунги кунда 7000 дан зиёд тилда гаплашар ва, буни қарангки, уларнинг фақатгина 200 га яқинида давлат тили ёки расмий тил мақоми мавжуд экан. Ўтмишда 9000 дан ортиқ тил мутлоқ йўқолиб кетганлиги ҳам асослантирилади. Бирор бир тилнинг яшаб қолишини таъминлаш учун ундан камида 1 миллион киши фаол фойдаланиши керак, дейди соҳа ўрганувчилари.

     Бугунги кунда ер юзида 50 миллионга яқин аҳоли ўзбек тилида сўзлашади. Бу рақамлар Она тилимизнинг умрбоқийлигини мустаҳкам белгилаб турувчи омиллардан десам адашмаган бўламан.

     Бош Қомусимизнинг 4-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир», деб белгилаб қўйилган бўлса-да, ҳеч бир тилдан кам бўлмаган гўзал Она тилимиз ўз забонимизга тўлақонли қайтариб берилганига ва эркимиз қуёши бошимизда порлаб турганига ҳам нари-бериси билан 30 йил тўлди. Аммо бу давр ўзни таниб олмоқ учун асло камлик қилмайди!

     Барча билиши лозим бўлган жиҳат шуки, Она тили шунчаки сўзлашув воситаси эмас, балки Ватанга муҳаббат, миллий ифтихор, аждодларга ҳурмат ва шунинг баробарида авлодларимизга иззат рамзи ҳамдир. Ўз тилини асраб-авайлаган халқ ўзлигини ҳам асраб-авайлаган бўлади.

                                                                 

                                                              Бахмал туман ДХМ директори

                                                                  М.Н.Рахматуллаев

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.