Жаҳон метеорология ташкилоти етилиб келаётган жиддий хатардан огоҳлантирди

Улашиш:

Ер сайёрасида сўнгги 20 йилда кузатилаётган иқлим ўзгаришлари бутун дунёда қурғоқчиликнинг авж олишига олиб келади. Бу ҳақда Жаҳон метеорология ташкилоти эълон қилган ҳисоботда сўз боради.

«Сув тақчиллиги кўплаб мамлакатлар, хусусан, Африка учун энг асосий хавотирли муаммо бўлиб қолмоқда. Икки миллиарддан зиёд аҳоли сув тақчиллиги кузатилаётган мамлакатларда яшайди. Улар тоза ичимлик сув ҳамда санитария воситалари йўқлигидан азият чекмоқда», – дейди Жаҳон метеорология ташкилоти бош котиби, профессор Петтери Таалас.

Дунё аҳолиси сони шиддат билан ўсаётган бир пайтда сув захиралари ҳам камайиб бормоқда. Халқаро ташкилот ҳисоботига кўра, 2018 йили 3,6 миллиард аҳоли йилига бир ой бўлса-да, сув муаммосига дуч келган. 2050 йилга бориб, мазкур рақам 5 миллиардга етиши кутилмоқда. 

Ўтган йиллар мобайнида қурғоқчилик кўрсаткичи 29 фоизга ошди. Ушбу офат туфайли юз бераётган ўлимлар сони ҳам кўпаймоқда.

Ҳаво ҳароратининг кўтарилиши инсоният саломатлигига дахл қилиб қолмай, ижтимоий-сиёсий барқарорликни ҳам издан чиқаради. Гап шундаки, аномал иссиқ қурғоқчиликка, қурғоқчилик очликка олиб боради. Бу икки офат эса жамият барқарорлигига аёвсиз зарба беради. Тадқиқотларга кўра, Яқин  Шарқ ва Шимолий Африка давлатларини остин-устун қилган, “Араб баҳори” деб аталган қўзғолон ва оммавий тартибсизликларга ҳам қурғоқчилик асосий сабаблардан бири бўлган. Ярим миллион инсоннинг ёстиғини қуритган Суриядаги фуқаролар уруши замирида ҳам глобал сиёсий омиллардан ташқари айнан иқлим ўзгариши таъсири ҳам мавжуд.

Жаҳон метеорология ташкилоти ҳисоботида қайд этилишича, иқлим ўзгариши, ҳаво ҳароратининг ўсиши туфайли глобал миқёсда ёғингарчилик кўрсаткичи ўзгариб, қишлоқ хўжалиги мавсуми эврилишга юз тутмоқда. Бу эса, пировардида, инсониятнинг саломатлиги ва фаровонлигига зарба бермоқда.

Қурғоқчилик билан бир пайтда сув тошқинлари кузатилмоқда. 2000 йилдан буён тошқинлар 134 фоизга кўпайган. Иқтисодий талафотлар ва ўлимларнинг асосий қисми Осиё ҳиссасига тўғри келган. Аммо Европа ҳамда Америка қитъалари ҳам тошқин офатидан омонда қолаётгани йўқ.

«Ўтган йили фавқулодда кўп миқдордаги ёғин-сочин Япония, Хитой, Индонезия, Непаль, Покистон ва Ҳиндистонда кенг кўламли тошқинларга олиб келди. Миллионлаб одамлар бошпанасини тарк этди, юзлаб киши ҳалок бўлди. Тошқинлар фақат ривожланаётган мамлакатларда жиддий талафотларга олиб келиб қолмаётир. Ҳалокатли тошқинлар Европада ҳам юзлаб ўлимларга ҳамда йирик йўқотишларга сабаб бўлди», – дейди профессор  Петтери Таалас.

Халқаро ташкилот ҳисоботига кўра, сув балосини бартараф этиш, сув захираларидан фойдаланиш тизими дунё бўйлаб қониқарли аҳволда эмас. Шунга кўра, мутахассислар сув манбаларидан биргаликда фойдаланиш,  иқлим ўзгаришлари хатарини камайтириш бўйича ҳамкорликни кучайтириш лозимлигини уқтирган.

Аввал хабар берганимиздек, олимлар аномал иссиқ ва иқлим ўзгариши сабаб инсониятни яқин истиқболда кутилмаган «совға»лар кутаётганини башорат қилган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.