Ўзбекистонда хорижий «секюрити»лар тақиқланяпти

Улашиш:

 Ўзбекистонда чет давлатлар ташкилотлари ва уларнинг хусусий қўриқлаш ташкилотларининг қўриқлаш фаолиятини амалга оширишга йўл қўйилмайди. Бу Сенат ялпи мажлисида маъқулланган «Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги қонунида назарда тутилган.

Бундан Ўзбекистонга қисқа муддатли ташриф билан келган олий даражали меҳмонлар (президентлар) хавфсизлигини таъминлаш ҳоллари мустасно этиб белгиланган. Қонунда қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектлар рўйхати ҳам тасдиқланган.

Шунингдек, жисмоний шахсларнинг ҳаётини ва соғлиғини, уларнинг мол-мулкини ҳамда объектларини тажовузлардан ҳимоя қилиш, қўриқланадиган объектлар ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва уларга чек қўйиш қонуннинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Қонунда қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектлар ҳарбий хизматчиларининг, ходимларининг, ишчилари ва хизматчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ушбу лавозимларга номзод бўлганларга қўйиладиган талаблар, соҳа мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш, ҳарбий хизматчи ва ходимларининг касбий, жисмоний ва жанговар тайёргарлиги ҳолати билан боғлиқ нормалар назарда тутилмоқда.

Қонунда жисмоний куч ишлатиш мумкин бўлган ҳолатлар, махсус воситаларни ва хизмат қуролини қўллаш шартлари ва тартиби, қўриқлаш фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик билан боғлиқ нормалар мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.